Зўравонлик инсоннинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати билан боғлиқ ҳуқуқларига хавф туғдиради. У фақатгина жисмоний куч ишлатиш эмас, балки ахлоқий-руҳий ва маънавий-иқтисодий таъсир кўрсатиш орқали ҳам намоён бўлади.
Яқинда Миллий матбуот марказида Халқ таълими вазирлиги, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “НеМолчи.уз” лойиҳаси вакиллари иштирокида ўтказилган тадбир ана шу мавзуга бағишланди. Унда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликлар олдини олиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар, бу борада кенг жамоатчиликни ҳамкорликка чорлаш ҳамда эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар кенг муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанларнинг таъкидлашларича, болалар ва аёлларга зўравонликларнинг аксарияти ўз яқинлари томонидан содир этилади. Айниқса, оилалардаги аёлларга зўравонликлар ёш ва ҳали вояга етмаган ўғил-қизлар руҳияти ва одоб-ахлоқига ўта салбий таъсир кўрсатади. Бундай нохушликларнинг ўз кўзи билан кўрган кичкинтойлар доимо ҳадик ва хавотирда юрсалар, ўсмирлар қаттиқ депрессия ҳолатига тушиб қолиши, айримлари психотроп моддаларни истеъмол қилишга ружу қўйиши эҳтимолдан холи эмас. Энг ачинарлиси, бу воқеаларнинг барчаси болалар онгида умрбод сақланиб қолади.
UNICEF тадқиқотларига кўра, дунёда 5 ёшгача бўлган ҳар тўрт боладан бири турмуш ўртоғининг зўравонлигига дучор бўлган онаси билан бирга яшайди. Устига-устак, тазйиққа учраган аёллар ва қизлар бу ҳақда бошқаларга ёки бирор ташкилот-идорага хабар берса, уларнинг ҳаётига таҳдидлар кучаяди.
Бинобарин, ҳар бир инсон аёллар, қизлар ва болалар танлови, фикри, қизиқиши ва эзгу орзу-ниятларини яхши тушунмаса ва қўллаб-қувватламаса, зўравонликка қарши курашишда самарали натижаларга эришиш даргумон. Касб-ҳунарсизлик ва ишсизлик эса хотин-қизларни ён-атрофидагиларга қарам қилиб қўяди. Алалоқибат, улар оғир ва ноқулай шароитларда яшашга мазжбур бўлишади.
Тадбир ниҳоясида “Саҳар” гуруҳи томонидан “Аёл” қўшиғига бағишлаб тайёрланган видеоклип тақдимоти ўтказилди. Оилавий зўравонлик муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этувчи бу видеоклип Халқ таълими вазирлиги, Unicef жамғармаси, “НеМолчи” интернет ресурси, ГГС УННО агентлиги ташаббуси билан яратилган. Унда жамиятда зўравонликка қарши курашиш ҳар бир инсоннинг бурчи эканлиги эслатилган.
Садоқат АБДУВОЙИТОВА,
Гуласал ЙЎЛЧИБОЕВА,
ЎзЖОКУ талабалари



