У яна… ва яна вазифасига тикланди

129

Шеробод туманидаги «Ғуржак-1» МФЙда истиқомат қилувчи Хайрулла Маҳмудов 2018 йил 27 июлда Имом Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий ёдгорлик мажмуасида хўжалик ишлари мудири – кассир вазифасида ишга қабул қилинган.

Иш берувчи мажмуанинг бир гуруҳ хотин-қизлардан тушган аризаларни инобатга олиб, у билан тузилган меҳнат шартномасини 2021 йил 18 июндан бекор қилган. Хайрулла Маҳмудовнинг қарордан норози бўлиб йўллаган мурожаати ўрганилиб, ижобий ҳал этилди. У ўз вазифасига қайтди, мажбурий бекор юрган кунлари учун ойлик иш ҳақларини тўлаб бериш бош ҳисобчига юклатилди. Аммо… Иш берувчи унинг мажмуада ўз фаолиятини давом эттиришини хоҳламади. Х.Маҳмудов ишга тиклангани ҳақидаги буйруқ таништирилмагач, табиийки, меҳнат муносабатларини давом эттириш мумкинлигидан хабар топмайди ҳам. Натижада, 2021 йил 12,13,14,15 июль кунлари сабабсиз ишга келмаган дейилиб, меҳнат шартномаси иккинчи маротаба бекор қилинди.
Бу жараёнда иш берувчи бир қатор хатоликларга йўл қўйган, яъни уни бу қарор билан камида уч кун аввал хабардор қилмаган, меҳнат шартномасини бекор қилишдан олдин тушунтириш хати, ­бошланғич касаба уюшма қўмитасининг розилиги олинмаган. Начора, Х.Маҳмудов адолат излаб Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига мурожаат қилди. Бу жараёнда вакил сифатида қатнашдик. Судда даъво қаноатлантирилди. Х.Маҳмудов ўз вазифасига ишга қайта тикланиб, мажбурий бекор юрган кунлари учун иш ҳақи ҳамда маънавий зарар ундирилди. Жавобгар ташкилотнинг аппеляция шикояти рад этилди.
Шундан сўнг иш берувчи у ишлайдиган штат бирлигини қисқартириб, меҳнат шартномасини учинчи маротаба 2022 йил 7 январдан бошлаб, штатлар қисқартирилганлиги сабабли, икки ойлик ўртача иш ҳақи тўлаш шарти билан бекор қилган. Бу жараёнда ҳам қатор хатолик­ларга йўл қўйган, яъни бошқа иш билан таъминламаган, икки ойлик огоҳлантириш муддати тугамасдан меҳнат шартномасини бекор қилиб, Меҳнат кодексининг 92-, 102-моддалари талабларини ­бузган.
Низо юзасидан даъвогар Х.Маҳмудов фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига мурожаат қилди, бу жараёнда ҳам вакил сифатида иштирок этдик.
Натижада суднинг 2022 йил 11 мартдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво қаноатлантирилди. Жавобгар ташкилотнинг ноқонуний буйруғи бекор қилиниб, Х.Маҳмудов учинчи бор ўз вазифасига ишга тикланди, мажбурий бекор юрган вақтлари учун иш ҳақи ҳамда маънавий зарар ундирилди.

Зариф ХОЛОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сурхондарё вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқи инспектори