Ҳар сафар бошланғич ташкилотлар фаолияти билан танишиш ва амалий ёрдам кўрсатиш учун мактабларга борганимда ўқитувчилар билан суҳбатлашаман. Улар билан меҳнат муносабатларида қонунчиликка қандай риоя этилаётгани, жамоа шартномаси талаблари қандай бажарилаётганини ҳам таҳлил қиламиз.
Кўпинча устозлардан «Мактаб марказида ким туриши керак?» деб сўрайман. Айримлар ўйлаб ҳам ўтирмай «директор» деб жавоб беришади. Бошимни «йўқ» деган маънода силкиганимдан кейин, «маънавиятчи», «ўқитувчи» деган жавоблар бўлади.
Аслида, мактаб марказида ўқувчи туради. Бугун таълим тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, ўқитувчилар меҳнатининг рағбатлантирилиши, мажбурий меҳнатга барҳам берилиши, мактаблардаги бунёдкорликлар, уюштирилаётган танловлар, таҳлиллар… буларнинг барчаси ўқувчи камолоти, мамлакатимиз келажаги учундир. Таълим даргоҳида фаолият кўрсатувчи ҳар бир ходим, ҳар бир раҳбар бу ҳақиқатни англаб етмас экан, кутилган самарага эришиш мушкул.
Ўқитувчилар билан суҳбат жараёнида китобхонлик мавзусига ҳам тўхталамиз. «Қайси газета-журналга обуна бўлгансиз, шахсий кутубхонангиз борми?», деб сўрайман. Кўпчилик уйида китоблари кўплигини айтади. Сонини сўрасам, китоблар сони 30-40 тадан ошмайди.
Хўш, муаллимнинг уйида 40 та китоб бўлиши, бу – кўпми ёки кам? Менимча, кам. Ўқитувчи ўқувчига ҳар томонлама ибрат бўлиши керак. «Китоб ўқи» деб айтиш учун ўзи яхши китобхон бўлиши зарур. Шунда муаллим ўқувчиларга қайси китобларни ўқишни тавсия қила олади. Ўқувчи билан китоб ҳақида сўзлашади, олган таассуротларини ўртоқлашади.
Менимча, нафақат ўқувчилар ўртасида, балки ўқитувчилар ўртасида ҳам китобхонлик танловларини ўтказиш мақсадга мувофиқ. Ўқитувчи мутолаа қилиши шарт бўлган юзта нодир асарлар рўйхати тузилиши, ушбу китобларнинг арзон нархларда чоп қилишини таъминланиши керак. Балки, ҳамма китобларни харид қилишга ўқитувчининг иқтисодий имконияти етмас. Шу сабаб мактаб кутубхоналарида ўқитувчиларга мўлжалланган адабиётларни ҳам кўпайтириш, устозларнинг китобхонлик даражасини баҳолаш учун уларнинг кутубхоналардан қандай фойдаланаётгани таҳлил қилиб бориш зарур. Айниқса, синф раҳбарлари, адабиёт фани ўқитувчилари ҳар ҳафтада битта китоб ўқиб, ўқувчилар билан бирга муҳокама қилишни анъанага айлантириши лозим. Шунда ўқувчиларда китобга меҳр пайдо бўлиб, китобхонлик кўникмаси шаклланади.
Бекберган АҲМЕДОВ,
Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Қўшкўпир тумани кенгаши раиси



