Ширкатлар ўрнига янги ташкилот тузилади(ми?)

79

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда кўпқаватли уй-жойларга хизмат кўрсатувчи янги ташкилотнинг мақсад ва вазифалари кўриб чиқилди.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Унга кўра, эндиликда кўпқаватли уйларда фаолият кўрсатиб келган ширкатлар тугатилиб, ўрнига Бошқарув ташкилотлари ташкил этилади. Тадбирда ташкилотнинг ишлаш тизими, хизматлар қамрови ва вазифаларига ойдинлик киритилди.

Янги бошқарув ташкилотининг электрон реестри, рейтингини шакллантириш ва юритиш тартиби ҳам йўлга қўйилмоқда. Бу ташкилот фаолиятининг шаффофлигини таъминлайди. Бу орқали аҳоли ташкилотнинг ишлашини электрон тарзда баҳолаш имкониятига ҳам эга бўлади. Юз фоиз баллнинг 60 фоизи  аҳоли томонидан шакллантирилади.

Эндиликда янги бошқарув ташкилоти уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамкорлигида кўп қаватли уйларни сақлаш, ундан самарали фойдаланиш, уйларни бошқаришдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби вазифаларни амалга оширади. Шунингдек, ташкилот кўп қаватли уйларга туташ ер участкаларидан белгиланган мақсадларда фойдаланишда ҳамда аҳолига хавфсиз яшаш шароити яратиб беришда ўрнатилган меъёрлар асосида иш юритади.

Тадбир сўнггида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги мутасаддилари ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларига жавоб беришди.

Умида Худойберганова,

ishonch.uz