Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида 2 нафар уруш ва 80 нафар меҳнат фронти фахрийси умргузаронлик қилади. Улар орасида туманнинг Гаждумак қишлоғида яшаётган Раҳим ота Мадиев ҳам бор. Раҳим ота 92 ёшни қаршилади. У 1941-1945 йилларда 14-17 ёшли ўсмир ҳолида фронт ортида меҳнат қилган, пахта далаларида тер тўккан, табелчилик қилиб, фронтга юбориладиган дала ҳосилини нест-нобуд қилмай йиғиштириб олишда энг олдинги қаторларда хизмат қилган. Урушдан кейин тиббиёт техникумида ўқиб, туманда рентгенолог сифатида фаолият юритган. Ғиждувон туманига рентген аппарати илк марта олиб келинишида ҳам у бош-қош бўлган.
Раҳим бува турмуш ўртоғи билан бирга 8 нафар фарзандни тарбиялаб, элга қўшди. Аксарият ўғил-қизлари ўқитувчи, қолганлари ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда фаолият юритишади. 24 нафар невараси ҳам бугун эл корига камарбаста бўлмоқда. 45 нафар эвараси отанинг атрофида парвона. Албатта, 92 ёшли инсон учун бундан ортиқ бахтнинг ўзи йўқ. Аммо, негадир икки йилдан буён Хотира ва қадрлаш куни арафасида отахонни ҳеч ким йўқламай қўйди.
Тўнғич қизи Севар опа Раҳимованинг айтишича, отахон “Шуҳрат” медали, “Меҳнат фахрийси”, “2-жаҳон урушининг 50 йиллиги” ва “75 йиллиги” кўкрак нишонлари соҳиби, 2019 йил Ўзбекистон ва Россия Президентлари томонидан “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги эсдалик гувоҳномаси” билан тақдирланган.
– Кеча байрамда отам телевизор орқали Президентимиз бошчилигида юртимизнинг турли ҳудудларида уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олинганини кўриб жуда қувонди. Аммо икки йилдан бери сўроқлаб келадиган мутасадди ташкилотларнинг оёғи узилганидан жуда тушкунликка тушиб қолдилар, – дейди Севар опа. – На маҳалла фаоллари, на мактаб ўқувчилари йўқламай қўйди. Уларнинг совға-саломига отамнинг ҳеч муҳтожлик жойи йўқ. Шунчаки, бир оғиз йўқлов, бормисиз, деб ҳолидан хабар олишса, шунинг ўзи унинг умрига умр, кучига куч қўшади. Кеча кун бўйи биз, фарзандлари, невара-эваралари ёнида бўлишимизга қарамай, дарвоза тиқ этса, ҳарбийлар ё ўқувчилар сўраб келдимикан, деб интизор бўлиб, қаттиқ ўксинди. Масала юзасидан Ғиждувон туман ҳокимлиги мутасаддиларидан изоҳ сўрадик.
– Тумандаги меҳнат фронти фахрийлари ҳолидан хабар олиш турли ташкилотларнинг зиммасига юкланган, – дейди туман ҳокими ўринбосари Шоназар Ғайбуллаев. – Кеча масъул ходимимиз маълум сабабларга кўра йўқловга бора олмапти. Ҳозироқ одам жўнатамиз, бориб кўриб келишади.
Ҳоким ўринбосарининг бу тўмтоқ жавобидан сира қониқмадик. Байрамолди бунинг чорасини кўриб қўйиш керак эмасмиди?!
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
“Ishonch”
