Ўзбекистон туманининг “Ўқчи” маҳалласи боғдорчиликда ном қозонган. Қишлоқ аҳолисининг асосий даромади ҳам шундан. Каттаю кичик деҳқончиликнинг ҳадисини олган. Ҳар бир қарич ердан ҳам яхши даромад олишни билишади.
Томорқадан унумли фойдаланиб, ҳалол меҳнат ортидан барака топиб, оила фаровонлигини таъминлаётган ана шундай инсонлар туманда талайгина.
Мадинахон Неъматова миришкор оила вакилларидан бири. Тўрт йилдан буён қулупнай етиштириб яхшигина даромад топмоқда.
– Маҳалламиз раисининг қўллаб-қувватлови билан шу ишга астойдил киришиб, кам бўлганимиз йўқ. Бу йилги мавсумда қулупнайнинг “малина” нави кўчатларини экканмиз. Теримни 1 май кунидан бошладик. Ўшанда бир килограмм қулупнайни 15 минг сўмдан сотгандик. Айни кунларда 8 минг сўмдан сотяпмиз. 10 сотих майдондан кунига 70-80 килограммгача қулупнай теряпмиз, – дейди у.
Меҳнати орқасидан рўзғорини бут, олаётган даромадидан уй-жойини бинойидек қилиб, мўл-кўл ҳосил олишни қўшниларига ҳам ўргатиб келаётган Мадинахоннинг пайкалида ҳали ҳосил мўл. Қулупнайни етиштириш, парваришлашда унга турмуш ўртоғи ва сингиллари яқиндан кўмакчи бўлишмоқда.
– Ҳозилимизни бозорга олиб чиқмаймиз. Мижозларнинг ўзи пайкалга келиб, олиб кетишмоқда. Ҳатто олдиндан буюртма беришади. Ҳозир қулупнайлар роса хосилга кирган пайт. Бир кунда 800 минг сўмгача соф фойда оляпмиз, – дейди Мадинахон Неъматова.
Айни кунларда маҳалладаги боғзор майдонларида гилос, қулупнай каби сархил мева ва резаворлар терими авжида. Ҳеч бир ўқчиликнинг бекор юрганини кўрмайсиз. Боғдорчилик ҳадисини олган туман аҳли етиштирган хуштаъм маҳсулотлар элимиз дастурхонига тортиқ қилиниши билан бирга, қўшни давлатларга ҳам жўнатилмоқда.
Жамшид ЭРГАШЕВ,
“Ishonch”



