Ўзсаноатқурилишбанк Қорақалпоғистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятига кўмакдош бўлмоқда

193

Битта янги иш ўрни яратилиши ҳам катта гап аслида. Сабаби муқим даромадли иш ортидан бир оила обод бўлади, бунинг натижасида  рўзғорнинг бир дунё ташвишлари аста-секин арий бошлайди. Ўзсаноатқурилишбанк Қорақалпоғистондаги ҳоким ёрдамчилари фаолиятига масъул идора сифатида бириктирилгач, банк ходимлари тез-тез бу ўлкага бориб-келадиган бўлишди. Ишсизликни камайтириш, борди-келдилар аро энг бош масала бўлиб, аҳоли қатламини ўрганиш, шароитни ҳисобга олиб уларнинг аҳволини яхшилаш чоралари кўрилди. Биргаликда изланиш натижасида эса мана ўтган ойлар давомида Қорақаппоғистондаги туманларда тадбиркорликка бош қўшган, оилавий даромад манбаини йўлга қўйган оилалар сони кўпая бошлади. Куни  кеча Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуман худди ана шу мавзуга бағишланди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари Банк томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ҳамда қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш йўлида бажарилган ишлар натижалари билан таништирилди.

Тадбирда айтилишича, Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабларига кўра Қорақалпоғистондаги туманлар ҳокимлари ёрдамчилари фаолиятини мувофиқлаштирувчи муассаса сифатида, қолаверса, жорий йилги давлат дастурида белгиланган вазифалар асосида алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Аввалига Банк масъуллари бошчилигида ҳудудлардаги ҳар бир хонадон хатловдан ўтказилиб, “оғир” маҳаллалар ва эҳтиёжманд оилаларни манзилли ўрганишга, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳамда аҳолининг ишсиз қатлами билан тизимли ишлашга замин яратилди.

Натижада, жорий йилнинг биринчи чорагида йигирма мингдан зиёд фуқаролар иш билан таъминланди, 1094та юридик ва 1364та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди. Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ҳокимлар ёрдамчилари тавсияномалари асосида 4801та лойиҳага имтиёзли кредитлар ажратилди.

Тадбиркорлик йўналишида 400га яқин кичик лойиҳалар ишга туширилиб, ҳар бир маҳаллаларда янги аёллар ва эркаклар сартарошлиги, тикувчилик, қандолатчилик ва савдо дўконлари фаолияти йўлга қўйилди.

Хусусан, Қўнғирот тумани “Қанли” МФЙда фаолият юритаётган “Kungrad City Metan” МЧЖ фаолияти кенгайтирилиб, янгидан ташкил этилган умумий овқатланиш ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўндан ортиқ ёшлар ишга жалб қилинди.

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида аҳоли хонадонларига 60 бош қорамол, 3528бош қўй ва эчки, 80,6 минг бош парранда, шунингдек узум, олма, ўрик, гилос каби мевали дарахтлар кўчатлари етказиб берилди, 157та хонадонда 4,3гектар ихчам иссиқхона қурилди.

– Ижтимоий ҳимоялаш борасида энг муҳим иш – бу аҳоли бандлигини таъминлашдан иборатдир, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Бошқаруви раиси ўринбосари Ф.Абдураҳмонов. – Зеро, кишиларнинг муқим иш жойига эга бўлиши улар учун ойлик даромад манбаини кафолатлайди. Шу боис айни пайтдаги саъй-ҳаракатларимизда бандлик масалаларига устувор аҳамият берилмоқда. Жойларда ўқув марказлари ташкил қилиниб, ишсиз аҳоли мунтазам равишда касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилмоқда, улар, шунингдек “етакчи” тадбиркорларга бириктирилмоқда. Корхона ва ташкилотлардаги бўш иш ўринлари аниқланиб, ишсиз фуқаролар мутахассисликларидан келиб чиқиб ишга жойлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида ички йўлларни тузатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, ҳисобот даврида 67,1 км. узунликдаги таъмирталаб ички йўлларга шағал ётқизилди.

Шу билан бирга фойдаланишда яроқсиз ҳолга келган 24 дона трансформатор, 2 980 дона сим ёғоч ва 151 дона тунги чироқлар янгисига алмаштирилди.

“Маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича  банкка бириктирилган 24 та туманнинг ҳар биридаги секторларда “Бошқарув офислари” ташкил этилди. Ушбу туманлардаги мингдан зиёд маҳаллаларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” “Ёшлар дафтари”га киритилган аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида тизимли ишлар олиб борилди.

Матбуот анжуманида Ўзсаноатқурилишбанк томонидан жорий йилнинг I чорагида қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳам ахборот берилди.

Таъкидланишича, январь-март ойларида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан жами 5,1 трлн. сўмлик,шундан 215 млрд. сўмлик маҳсулотлар маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилган. Жумладан, 2,6 млн. тонна цемент, 6,5 млн. кв. метр қурилиш ойнаси, 4,4 млн. кв. метр керамик плитка, 13 млн. кв. метр гипсокартон, 610 минг ўрам гулқоғоз каби маҳсулотлар ҳам маҳаллий, ҳам ташқи бозорга етказиб берилган.

Бунда экспорт географияси кенгайиб, маҳсулотлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Россия каби қўшни давлатлардан ташқари янги Нидерландия, Индонезия, Туркия, Сербия мамлакатларига ҳам чиқарилган.

Тадбирда тармоқни янада ривожлантиришда хорижий инвестициялар муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.Ўтган I чоракда жами 275 млн. долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, қиймати 35 млн. долларлик 77 та лойиҳа ишга туширилгани, натижада эса мингга яқин иш ўрни яратилгани айтиб ўтилди.

–Бундан ташқари, ҳукуматимиз томонидан берилган топшириққа биноан ҳудудий ҳокимликлар ва тижорат банклари билан биргаликда қурилиш материаллари саноати соҳасида 2021-2026 йилларда амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати шакллантирилди, – дейди “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ Қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантириш департаменти директори Ш.Юсупов. – Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, ушбу лойиҳаларнинг698 тасини ишга тушириш учун751,4 млн.доллар миқдорида кредит ажратилди.Бундан ташқари, жорий йилда 1,8 млрд.долларлик 420 таинвестиция лойиҳани ишга туширишва шу орқали 15 мингдан зиёд янги иш ўрнини барпо этишрежалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадаруларнинг 166 таситашаббускорлар, инвесторлар ҳамда банк кредити ҳисобига амалиётга татбиқ этилди.

Тадбирда ҳар бир ҳудудда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришдан бошлаб, тайёр кўп қаватли уй-жойлар қуришгача барча жараёнларни қамраб оладиган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда замонавий уй-жой қурилиш кластерлари ташкил этилгани, улар негизида ташкил этилган корхоналарга тижорат банклари билан биргаликда қурилиш техникаси ва асбоб-ускуналарни лизинг (ёки кредит) асосида сотиб олиш учун 382млрд. сўм миқдорида кредитлар ажратилганимаълум қилинди.

Бугунги кундаҳар икки турдаги кластерлар бўйича лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, айни пайтдақурилиш ишлари бошланган Сариосиё туманидаги кичик саноат зонасини ташкил этиш ишлари йил якунига қадар Қоровулбозор, Фориш, Чуст, Пахтачи, Оҳангарон, Ўзбекистон ва Булоқбоши туманларида ҳам давом эттирилади.

 

Зебо НАМОЗОВА,

“Ishonch”