Педагог-психолог маслаҳати
Уйимизда оилавий муҳит яхши, ўн тўрт ёшли қизимнинг бирор кам-кўсти йўқ. Аммо унинг таълимни ўзлаштириши жудаям суст. Уй вазифаларини секин бажаради, хатоларига бефарқ. Боламни невропотолог кўригига ҳам олиб бордим.
У бош мия функцияларининг ишлашини ривожлантирувчи дори-дармонларни ҳам қабул қилди. Ваҳоланки, барча тиббий текширувлар меъёрида, унинг организмидаги оқсил ва витаминлар етарли. Лекин мен унинг келажагидан хавотирдаман. Қандай маслаҳат берасизлар?
Гулсанам Аҳмедова.
Бўка тумани
– Англашимча, қизингиз табиатан босиқ, эрка ва тортинчоқроқ бўлиб ўсяпти. Аммо болаликдаги қайсидир даврда унинг руҳиятига таъсир этувчи воқеанинг таъсирига ҳам тушган бўлиши мумкин. Боиси, ўн тўрт ёшли болаларнинг, айниқса, қизларнинг ўта вазминлиги ёки лоқайдлиги кўпроқ психологик ривожланиши билан боғлиқ бўлади.
Уни ўқишга қизиқтириш ёки хатти-ҳаракатларини тезлаштиришига кўмак бериш учун «Blits-ўйин» машғулотини тавсия этаман. Бу ўйин ўқувчиларда тезлик, ахборотлар тизимини таҳлил қилиш, режалаштириш, прогнозлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади.
Методни амалга ошириш учун аввал бирор фан мавзуси юзасидан тайёрланган топшириқ, яъни қоғоз-бланкаларда тарқатма материаллар алоҳида-алоҳида берилади ва улардан материални синчиклаб ўрганиш талаб этилади. Масалан, адабиёт фанида Ўткир Ҳошимовнинг «Дунёнинг ишлари» асарини биргаликда мутолаа қилиш ва натижани билиш учун мана шу методни қўллашингиз мумкин. Унинг фикрлари билан қизиқиб, баҳслашиб суҳбатга киришасиз. Бу машқни мактаб ўқитувчиси амалга оширса, янада мақсадга мувофиқ бўлади. Унга ўз билимини баҳолаш учун 15 дақиқа вақт берасиз ва ҳар бир балл учун фикрини исботлашини талаб этасиз. Ушбу ўйин синфхонада бажарилса, унинг билими учун гуруҳдошлари ҳам балл қўйишади. Тезкор таъриф, тезкор баҳс ва баҳо бу усулнинг қоидасидир.
Аслида биргаликдаги фаолият ўсмирга катталарни яхшироқ тушуниши, тезроқ ахборот алмашиши ва натижа учун интилишига ёрдам беради. Ўсмир ўзида бўлаётган ўзгаришлар, уни ташвишга солаётган муаммолар ҳақида катталар билан бўлишишга ўзи сезмаган ҳолда эҳтиёж сезади, лекин буни ҳеч қачон биринчи бўлиб ўзи бошламайди. Ўсмир ўзига нисбатан ёш болалардек қилинадиган муомалага қаттиқ норозилик билдиради. Ўсмирлар мулоқоти ниҳоясида ўзгарувчанлиги билан характерланади. Бугунги кунда ёшларда девиант хулқ-атворига таъсир этадиган омилларга сабаб:
– оилада ота-онанинг фарзандларга эътибори камлиги;
– оилада ижтимоий мулоқотнинг йўқолиб бораётгани, ота-оналарнинг ўсмир ёшидаги фарзандларини психологик жиҳатдан тушунмаслиги;
– компьютер ўйинларига ружу қўйиши, ижтимоий тармоқлардан нотўғри фойдаланишлари, минталитетимизга зид бўлган турли сериал ва фильмларни кўп кўришларидир.
Ўсмирлик даврига кимнингдир хатти-ҳаракатини имитация қилиш хосдир. Кўпинча улар ўзларига таниш ва ёқадиган катталарнинг ишларни тақлид билан бажарадилар. Ўсмирлик ёшига хос бўлган психологик хусусиятларни ўргана туриб, ўсмирлар шахсининг шаклланиб, ривожланиб, камолатга эришиш йўлларини ва унга таъсир этадиган биологик ва ижтимоий омилларнинг бевосита таъсирини тушуниш мумкин. Бу даврда ўсмир бахтли болалик билан хайрлашган, лекин катталар ҳаётида ҳали ўз ўрнини топа олмаган ҳолатда бўлади. Шунинг учун уларнинг ёнида бўлиш ва руҳан узоқлашмаслик лозим.
Роҳатой ЭГАМНАЗАРОВА,
Тошкент шаҳридаги 282-мактаб психологи
