Сизни яхши кўраман, ОНАЖОН!

148

Яқинда қадрдон дугонамнинг онаси тўсатдан вафот этди. Дугонам кутилмаган мусибатдан гангиб қолди, кейин ўксиб-ўксиб йиғлади. Кўнгил сўрарга борганимизда дилида борини тўкиб солди: «Онамни жуда-жуда яхши кўрардим. Лекин бу ҳақда ўзига бирон марта ҳам ­айтмагандим. Мана шуниси энди кўнглимда бир умрлик армон бўлиб қолди».

Алам ва изтироб тўла бу гаплар менга қаттиқ таъсир қилди. Кечаси алламаҳалгача ухлай олмадим. Негаки, аллақачон 17 ёшга тўлган бўлсам-да, мен ҳам онамга уни ғоят яхши кўришимни бирон марта очиқ-ошкора изҳор этмагандим. Боз устига, ҳозир Тошкентда ўқиётганим, узоқ вақтдан буён қиш­лоққа бормаганим сабабли уйимдагиларни роса соғингандим…
Ахийри, бўлмади, соғинч ҳисси барчасидан устун келди. Қоқ ярим тунда – соат иккида қўл телефонимдан онажонимга қўнғироқ қилдим. Қилдиму шу заҳотиёқ ўчирдим. Акс ҳолда онамнинг уйқусини бузишим, хавотирга қўйишим мумкинлигини эслаб қолдим. Бу ишимдан афсус чека-чека, бир амаллаб уйқуга кетдим.
Эрталаб эса онамнинг ўзи мени йўқлаб, телефон қилди. Иккимиз анча суҳбатлашдик. Гап орасида мулойимгина оҳангда «Мен Сизни яхши кўраман, ойижон», дедим.
Биласизми, шунда нима бўлди?.. Онам бирданига жимиб қолди. Анчадан кейин чуқур хўрсингани-ю, йиғи аралаш «Мен ҳам, қизим…» дегани эшитилди. Менинг хаёлимга эса, қанийди ҳозир уйда бўлсаму онам­ни маҳкам қучоқласам, кўзларига тикилиб, боя­­ги сўзларимни бот-бот такрорласам, деган фикр келди. Кейин кўнг­лимда бошқа яқинларимга ҳам айтадиган гапларим, билдирадиган тилакларим кўплиги ҳақида узоқ ўйладим.
Ҳа, вақт ниҳоятда югурик, умр ўткинчи. Биз мана шу оддий ҳақиқатни ҳар доим ҳам теран тушунамизми? Тушунсак, аксариятимиз нега фурсат ғаниматида яқинларимиз ҳол-аҳволидан хабар олмаймиз, турли сабабларга кўра ёрдамга муҳтож бўлиб қолганларидан нега бирров кўнгил сўраб, уларни баҳоли қудрат қўллаб-қувватламаймиз? Мана шундай хайр­­ли ва савобли ишлар турганда, нима учун қимматбаҳо вақтимизни гоҳида бекорчи нарсаларга сарфлаймиз.
Шундай экан, келинг, бир-биримизни авайлайлик, айниқса, ота-онамиз ва бош­­қа жигаргўшаларимиздан меҳр-мурувватимизни, жилла қурса, бир-икки оғиз ширин сўзимизни дариғ тутмайлик. Уларга тез-тез ҳаммаларини яхши кўришимизни айтиб ва амалда исботлаб турайлик. Бу оламда инсонда фақат яхшилик қолишини зинҳор-базинҳор унутмайлик.

Садоқат АБДУВАЙИТОВА,
ЎзЖОКУ талабаси