Педагог-психолог маслаҳати

142

Саломатлик. Бу қадрли неъматни муҳофаза қилиш борасида юртимизда изчил ислоҳотлар яққол кўзга ташланмоқда. Энг муҳими, бундай ўзгаришлар марказдан тортиб, олис қишлоқ ва овулларгача кириб боряпти. Аммо…

Афсуски, ана шу «аммо»дан куюнасан киши. Ангор тумани тиббиёт бирлашмаси тасарруфидаги 4-қишлоқ оилавий поликлиникасининг «Юқори таллимарон» ва «Тўлқин» маҳаллаларида яшовчи 8 минг нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатувчи «Тўлқин» филиалида тиббий хизматни ташкил этиш талаб даражасида эмас. Бу ҳақда филиалнинг оилавий шифокори Фаррух Бобомуродов куюнчаклик билан шундай дейди:
– Адашмасам, филиал биноси 2000 йилларнинг бошида қишлоқ врачлик пункти деб қурилган. Шундан буён бино 2020-21 йилларда қайта таъмирланди. Очиғи, фаолиятимиздан кўнглим тўлмайди. 12 та хонадан иборат бинодаги бирор-бир хона на ичимлик сув, на табиий газ қувурларига уланган. Лаборатория ва физиотерапевтик хоналаримизда тиббий асбоб-анжомлар йўқ. Кундузги стационар хонамизга 4 та каравот олиб кириб қўйганмиз. Деярли бемор ётмайди. 1 та хона ижтимоий дорихонага ажратилган. Беморлар ўша ердан керакли дори-дармонларни сотиб олиб, уйларига бориб даволанаверишади.
– Филиалда биринчи тиббий ёрдам учун ажратиладиган дори-дармонлар таъминоти қай даражада?
– Аслида бизда 66 турдаги дори воситалари туриши шарт. Афсуски, 23-30 турдаги дори-дармон билан таъминланиб келмоқдамиз. Туманимиздаги мутасадди раҳбарларга қилган мурожаатларимиз ва сўровларимиз жавобсиз қолмоқда. Ишонасизми, 4 нафар патронаж ҳамширанинг оддийгина махсус сумкаси йўқ. Шундай экан, биз тиббий, физиотерапевтик жиҳозлар билан таъминланиш ҳақида ўйламасак ҳам бўлади.
Фаррух Бобомуродовнинг фикрларини филиалда ишлайдиган 8 нафар патронаж ҳамшира ҳам тасдиқлади. Улар ҳам ўзларига яратилган шароит­лардан норози эканликларини айтишди.
Биз бу ҳолатга муносабат билдиришини сўраб, 4-қишлоқ оилавий поликлиникаси мудираси Озода Файзиева билан телефонда боғландик.
– Филиалда нимани кўрган бўлсангиз, барчаси рост, – деди у. – Биз ҳам қараб турганимиз йўқ. Филиални тоза, сифатли ичимлик сув билан таъминлаш учун ҳаракат қиляпмиз. Тўғри, ўтган йилдан буён биринчи тиббий ёрдам учун 66 турдаги дори-дармон бўлиши шарт. Камчиликлар бор, аста-секин йўлга тушади. Тиббий жиҳозлар муаммоси ҳам бартараф этилади.
– Ҳозирги аҳволда ходимлар қандай ишлайди, – дея сўрадик?
– Изига тушади. Келгусида муаммолар бўлмайди.
– Оддий патронаж сумка билан таъминланмаган ҳамширалар қандай хизмат кўрсатади?
– …
Мудира опа бу саволга сукут билан жавоб берди.
Сукутда эса саволлар кўп…

Рустам ДАВЛАТОВ,
«ISHONCH»