Водилда малина етиштиришни ким бошлаб берган?

142

Фарғона вилоятидаги Водил шаҳарчаси ҳавоси тозалиги, ери унумдорлиги билан юртимизнинг бошқа ҳудудлардан ажралиб туради. Бу ерда ўсаётган мевали дарахтлар бошқа жойлардагига нисбатан мўл ҳосил беради. Маҳаллий аҳолининг асосий даромади малина меваси орқали келади. Улар бу доривор ноз-неъматни ўз эҳтиёжлари учун етиштириш ва ички бозорларимизга чиқариб сотишдан ташқари, чет элларга экспорт ҳам қилишади.

Хўш, малина дарахти бу ерда қачондан бошлаб парваришлана бошланган?
Кўпни кўрган кексаларнинг айтишларича, уни Водилга биринчи бўлиб Собиржон бобо келтирган. Бу ҳақда унинг ўғли Аъзамжон ота шундай ҳикоя қилади:
– 1962 йилнинг ёзи эди. Дадам томорқамизда пишиб етилган анжир ва шафтолиларни 5 чақиримча наридаги бозорга элтиб сотарди. Бир сафар бозордан қайтгач, ўзи гувоҳ бўлган воқеани айтиб берди. «Ўтган гал борганимда ўрта яшар рус киши кичкина саватчада қорағат ва маймунжонга ўхшайдиган қандайдир мева олиб келди. Уни, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, нақ 1 кило гўштнинг пулига сотди. Мен эса иккита катта тоғорадаги анжир ва шафтолимни унинг ярим баҳосига ҳам пуллай олмадим. Шу боис бу мевага қизиқиб қолдим. Рус сотувчи у ҳақда билганларини сўзлаб берди. Мен яшаш жойини ёзиб олдим. Куз келса, унинг ­уйига бориб, кўчат олиб келаман», деди.
Дадам сўзида турди. Янги ниҳолларни ариқ бўйига экдик. Вақт ўтгани сайин уларни кўпайтириб, яхшигина даромад орттира бошладик. Бора-бора кўчатларини қариндошлар ва қўни-қўшниларга ҳам тарқатдик. Шу тариқа Водилда малина етиштириш оммалашди…
Халқ орасида бу мева хушхўрлиги ва шифобахшлиги билан машҳур. У иштаҳани очадиган, овқатни ҳазм қилдирадиган, терлатадиган, ички ва ташқи қон оқишини тўхтатадиган, иситма туширадиган, ўпка шамоллаганда балғам кўчирадиган ва бошқа касалликларга малҳам сифатида қўлланилади. Пандемия даврида малинага талаб янада ошди. Чунки таркибида органик кислоталар, эфир мойи, В, Р, С витаминлари, каротин, қанд, калий тузлари, пектин ва ҳар хил моддалар мавжуд бўлиб, ҳаммаси инсон организми учун кони фойда.
Бундан ташқари, малина мевасидан мураббо ва шарбат тайёрланади. Баргларидан витаминга бой, буйрак ва бўғин касалликларига даво бўладиган чой дамлаб ичиш кишига роҳат бағишлайди.
Малина косметологияда ҳам ишлатилади. Юз териси ҳолатини яхшилайди ва ёшартиради. Таркибида мис борлиги боис депрессиянинг олдини олади ва даволайди.
Бу ўсимлик яхшигина даромад манбаи ҳамдир. Чунки йилига икки марта ҳосил беради. Уни парваришламоқчи бўлганлар кўчатларини эрта кўкламда ёки кеч кузда экишлари, бу жараёнда ернинг ҳолатини ҳисобга олишлари лозим. Серсув, юмшоқ, ҳосилдор ерга малина экиш ва астойдил меҳнат уларни миллионерга айлантириши тайин. Чунки 10 сотих ерга экилган малина 1-1,2 тоннагача ҳосил беради.
Водиллик Абдухалил Акбаров ҳам 12 йилдан буён малина етиштириб келмоқда. Топган даромади эвазига чорва молларини кўпайтирди, уч фарзандини ўқитиб, уй-жойли қилди, оиласи эҳтиёжи учун иккита енгил автомобиль сотиб олди, янги иморатлар қурди. У билан суҳбатлашсангиз, малина етиштирадиган деҳқон оқилона меҳнат қилиш билан бир қаторда, сабр-тоқатли бўлиши ҳам кераклигини алоҳида таъкидлайди.
Зеро, халқимиз «Сабр таги – сариқ олтин» деган нақлни бежиз айтмаган.

Нилуфар АБДУМАЛИКОВА,
ЎзЖОКУ талабаси