Асосий қонунимизга қандай ўзгартиришлар киритилиши керак?

153

Хабарингиз бор, шу йилнинг 20 май куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилиб, унда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил этилган ҳамда ушбу комиссия таркиби ва вазифалари белгиланганди.

Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан «Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш: бугунги ҳолат ва истиқболлар» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда мамлакатимизнинг етакчи ҳуқуқшунос олимлари Бош ҳуқуқий қомусимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар, фикр-мулоҳазалар билдирди.
Қуйида улардан баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз:

Жўрабой Тошқулов,
юридик фанлар доктори,
профессор

Конституциямиз муқаддимасида халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлиги мустаҳкамланган. Шундан келиб чиқиб, унинг 17-моддасига халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларининг миллий ҳуқуқ нормаларидан устунлиги тан олиниши, Ўзбекистон Республикасининг шартномаларига миллий қонунчилик нормалари зид келса, халқаро шартномаларга амал қилинишга оид қўшимча киритилишини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.
Давлатнинг иқтисодиётга ҳаддан ташқари кўп аралашиши, инсонларнинг тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиши жамиятда коррупциянинг авж олишига, жамият аъзоларининг боқимандалик кайфиятига олиб келади. Шу сабабли ривожланган мамлакатларда тадбиркорликнинг иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий механизмларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқиб, 53-моддада хусусий мулк­нинг дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланиши, давлат тадбиркорлик фаолиятини ва инсоннинг хусусий иқтисодий ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, мулкдорнинг ҳуқуқига тажовуз ва тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ўта оғир жиноят ҳисобланиши ва қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлиши тўғрисидаги қоида мустаҳкамланса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Шу билан бирга, жамиятда эътиқод ва диний муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш масаласи ўта долзарб бўлиб, Ўзбекистон мазкур масалада халқаро ҳуқуқ нормаларининг устуворлиги принципига таянади. Шу асосда Конституциянинг 31-моддасида «ҳар ким дини ва эътиқодини ўзгартириш ҳуқуқига эга»лиги ҳамда 61-моддасида «Диний бирлашмалар давлат органлари фаолиятига аралашмаслиги» тўғрисидаги қоидалар ўз ифодасини топиши лозим.

Мавжуда Ражабова,
юридик фанлар доктори, профессор

Ўзбекистон замонавий дунёвий давлатлар сирасига киради. Аммо бу ҳақда Конституцияда қайд қилинмаган. Шу сабаб унинг 1-моддаси қуйи­даги мазмунда, яъни Ўзбекистон – дунёвий суверен демократик республика деб ифодаланиши зарур.
7-моддадаги «мувозий» атамаси эса янада соддароқ ва халқчил тилда ифодаланиши лозим. Унинг рус тилидаги параллел атамаси, фикримизча, ўзбек тилида бир хил ёки бир-бирига ўхшаш деган маънони англатади.
Шунингдек, 16-модда талабидан келиб чиқиб, мазкур норма қуйидаги мазмундаги учинчи қисми билан тўлдирилиши зарур: яъни Конституциядаги нормалар тўғридан-тўғри амал қилиш хусусиятига эга. 17-модданинг 2-қисмидаги халқнинг олий манфаатлари жумласидаги олий сўзи ортиқча. Оддий ва содда қилиб «халқнинг манфаатлари» деб ёзиш етарли.
Шахсий ҳуқуқ ва эркинлик (VII-боб) нормаларининг халқаро шартномалардаги тушунчаларга мослиги таҳлил қилиниши лозим. 33-моддадаги ҳокимият органлари жумласи давлат бошқарув органлари деб ўзгартирилиши керак. Бу жойда гап ижро этувчи органнинг жамиятнинг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ бошқарув функцияси назарда тутилган.
Охирги 30 йил давомида давлат ташкилотлари, муассасалари, корхоналарига муқобил нодавлат ташкилотлари деган тушунчалар жамиятнинг ижтимоий ҳаётида мутлақ ўрин эгаллади. Зеро, ҳуқуқий давлатда давлат органлари билан рақобатлашувчи фуқаролик жамияти институтлари шаклланиб улгурди. Жамоат бирлашмалари эски собиқ Иттифоқ давридаги қонунларда мавжуд эди. Бу тушунча бугунги кунда мутлақо эскирган. Шу боис «жамоат бирлашмалари» деб номланган XII – бобнинг номи «нодавлат ташкилотлари», моддалардаги жамоат бирлашмалари жумласи нодавлат ташкилотлари, деб ўзгартирилиши лозим. Бирлашмаларни инкор этувчи қатор нодавлат ташкилотларга оид қонунларни эслаш етарли.
60-моддадаги «давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар» жумласида гўёки сиёсий партиялар давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этади, деган хулоса мужассам. Амалда сиёсий партиялар давлат ҳокимиятини тузишдан тортиб унинг фаолияти амалга оширилишига қадар бевосита таъсир кўрсатадилар. Фикримизча, «давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этиб, давлат ҳокимияти органлари томонидан Конституция ва қонунларда акс эттирилган ваколатларни амалга оширишда фаол қатнашадилар» деб аниқ ёзиш керак. 63-моддадаги «томонларнинг» сўзи эса «эркак ва аёлнинг» деб аниқ ифодаланиши лозим.

Омонбой Оқюлов,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган юрист,
юридик фанлар доктори, профессор

Конституциянинг 13-моддасига биринчи қисм сифатида қуйидаги қўшимча киритиш таклиф этилади: «Инсон Яратганнинг олий мавжудоти бўлиб, унинг манфаатлари устуворлиги таъминланиши, сиёсий-иқтисодий, ижтимоий, илмий-техникавий тараққиёт унинг манфаатларига зид бўлмаслиги шарт».
16-моддага охирги қисм сифатида қуйидагича қўшимча киритиш мақсадга мувофиқ: «Конституция соҳасида ҳуқуқбузарлик бўйича ҳар ким ҳуқуқбузарликни бартараф этиш талаби билан судга мурожаат қилишга ҳақли».
18-моддага қуйидаги қўшимча киритиш таклиф этилади: «Ушбу Конституцияда фуқаролар учун белгиланган ҳуқуқлар, эркинликлар ва мажбуриятлар агарда ҳуқуқий муносабат мазмунидан бошқача англашилмаса ёхуд қонунларда бошқача белгиланган бўлмаса, юридик шахсларга ҳам тааллуқлидир».
54-модда қуйидагича таҳрир этилиши лозим: «Мулкдор мол-мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт».
55-моддани «… умуммиллий бойликдир» деган сўзлардан кейин қуйидагича таҳрирда бериш тавсия этилади: «Улардан нафақат ҳозирги авлодлар, балки келажак авлодлар манфаатларини кўзлаб оқилона ва тежамли фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир».
57-модданинг иккинчи қисмини қуйидаги таҳрирда бериш таклиф этилади: «Махфий жамиятлар, уюшмалар тузиш тақиқланади. Хайрия ва бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлаб ўз шахсини учинчи шахслар учун ошкор этмайдиган жамиятлар ва уюшмалар фаолияти қонун билан тартибга солинади».
Конституциянинг 63-моддаси иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда берилиши мақсадга мувофиқ: «Никоҳ эркак ва аёлнинг ихтиёрий розилиги, тенг ҳуқуқлиги ва масъулиятига асосланади».

Фозилжон Отахонов,
юридик фанлар доктор, профессор

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг институционал асосларини замон талабларига мослаштириш вазифаси белгиланган. Хусусан, маҳаллий ижро ҳокимияти органларини демократик тамойиллар асосида шакллантириш, шу жумладан, ҳокимларни сайлаш тизимини жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш назарда тутилган.
Шу муносабат билан туман ва шаҳар ҳокими лавозимига номзод тегишли Кенгашда энг кўп депутатлик ўрнини эгаллаган партия гуруҳи томонидан илгари суриладиган амалиётни йўлга қўйиш, ҳокимликка номзод халқ депутатлари Кенгашида ҳудудни ривожлантириш бўйича ўз дастурини ҳимоя қилиб, лавозимга тасдиқланадиган тартибни жорий этиш мақсадга мувофиқ.
Мазкур вазифани амалга ошириш ­Конституциянинг 102-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо қилади. Бу, ўз нав­батида, Конституциянинг 100-моддасини янги таҳрирда қабул қилиш, унда маҳаллий вакиллик органи билан ҳокимлар ваколатларини ажратган ҳолда аниқ белгилаш ҳамда ундан амалда маҳаллий ҳокимият органи ваколатига тааллуқли бўлмаган ваколатларни, жумладан, «фуқаролик ҳолати акт­ларини қайд этишни таъминлаш» каби ваколатни чиқариб ташлашни талаб қилади.
Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимиятининг тизими – ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланиши Конституциянинг 11-моддасида белгиланган, яъни улар бир хилда конституциявий мақомга эга. Бироқ амалда мазкур ҳокимият органларининг ҳуқуқий мақомини белгилаб берувчи қонунлар тенг кучга эга эмас. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари тўғрисида Конституциявий қонунлар қабул қилинган, аммо Вазирлар Маҳкамаси ҳамда судлар тўғрисида эса қонунлар қабул қилинмаган. Шунингдек, конс­титуциявий орган ҳисобланувчи прокуратура, ­Судьялар олий кенгаши ва бошқа органлар фаолияти ҳам қонунлар билан тартибга солинади.
Бундан ташқари, Конституциянинг 127-моддасига мувофиқ унга ўзгартиришлар қонун ёки референдум билан киритилиши белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Конс­титуциядаги номутаносибликларни бартараф қилиш мақсадида унинг 98-, 99-, 109-, 110-, 111-, 120 ва 120-моддаларига тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳамда уларда Конституцияга ўзгартиш­лар ва қўшимчалар киритиш, конституциявий органлар ҳуқуқий мақомини белгилаш конституциявий қонунлар тарзида қабул қилинишини назарда тутиш лозим.

Музаффар Мамасиддиқов,
юридик фанлар доктори, профессор

Мамлакатимизнинг бош ҳуқуқий ҳужжати 54-моддасида мулкдан фойдаланиш экологик муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шартлиги, 50-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур экани белгиланган.
Бироқ ҳар бир инсон қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумотга ва экологик ҳуқуқбузарлик туфайли соғлиғи ёки мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоп­латиш ҳуқуқига эга экани, давлат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва тиклаш мақсадида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириши билан боғлиқ муҳим нормалар ўз ифодасини топмаган.
Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш талабларидан ҳамда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бош қомусимиз қабул қилинганининг 29-йиллиги муносабати билан байрам табригида илгари сурилган таклифлардан келиб чиқиб, 43-моддага қуйидаги қўшимчаларни киритиш таклиф қилинади:
«Ҳар бир инсон ҳаёти ва соғлиғи учун қулай атроф табиий муҳитга, унинг ҳолати тўғрисида ишончли маълумотга эга бўлиш, ушбу ҳуқуқнинг бузилиши натижасида соғлиғига ёки мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплатиш ҳуқуқига эга.
Давлат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва тиклаш мақсадида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш устидан назоратни амалга оширади.
Мансабдор шахслар томонидан одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи фактлар ва ҳолатларни яширилиши қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади».

Одилжон Сулаймонов,
юридик фанлар доктори, доцент

Бош ҳуқуқий қомусимизнинг 25-моддасида «Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас» деб қайд қилинган. Фикримча, уни қуйидагича тўлдириш мумкин: «Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Уни ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш бутун давлат ҳокимиятининг бурчидир. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас. Ўлим жазосини қўллаш тақиқланади».

Эркин Умарохунов,
юридик фанлар доктори

Конституциянинг 17-моддасини қуйидаги таҳрирда тўлдиришни таклиф қиламан:
«Ўзбекистон Рес­публикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъекти бўлиб, давлат суверенитети ва мус­тақиллигига ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда имзоланган (тузилган) халқаро шартномалар ва урф-одатларни бажариш бўйича барча мажбуриятларни ўз зиммасига олади. Унинг ташқи сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинган, БМТ Низомида мустаҳкамланган халқаро ҳуқуқ тамойил­лари ва нормаларига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган бошқа принцип ва нормаларига асосланади.
Халқаро нормалар ва принциплар Ўзбекис­тон Республикаси ҳуқуқ тизимининг бир қисми бўлиб, уларнинг бажарилиши ва қўлланилиши халқаро шартномада назарда тутилган тақдирда амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мумкин бўлади. Халқаро мажбуриятларни тўғри бажариш нуқтаи назаридан миллий ҳуқуқий тизим бошқа ҳуқуқий тизимлардан фойдаланишни истисно этмайди, агар ҳозирги вақтда ҳуқуқий зиддиятни ҳуқуқий тартибга солувчи норма мавжуд бўлмаса.
Республика давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлашдан келиб чиққан ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстлик ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек, улардан чиқиш, ­халқ­аро шартномаларнинг амал қилишини вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга».

Ҳайдарали Юнусов,
юридик фанлар номзоди, доцент

Маълумки, 2002 йилдаги икки палатали парламeнтга ўтиш билан бoғлиқ сиёсий-институциoнал ислoҳотлар натижасида мамлакат ­Конституциясининг 33 та моддасига жиддий ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилган эди. Улардаги энг катта ютуқлардан бири – қонунчилик тexнoлoгияси янги сифат босқичига кўтарилди, яъни парламентнинг қoнун қабул қилиш техникаси такoмиллашди. Умуман олганда, ­парламентнинг асосий функцияси ­ҳисо­б­ланган қонун ижодкорлиги жараёнининг ҳуқуқий асослари Асосий қонунимизда тўлиқ аксини топган (78-ва 84-моддалар), бироқ парламентнинг қонунчилик техникаси шу билан чекланиб қолмаслиги лозим. Ҳозирги шиддатли ўзгаришлар суръати қонунлар қабул қилиш жараёнини янада юқори босқичга кўтариш ва жадаллаштиришни тақозо этиши табиий. Қонунлар қабул қилиш жараёни содда ва тезкор суръатда амалга оширилиши лозим. Маълумки, ҳозирги тартибга кўра, Сенат қонун лойиҳаларини тасдиқлайди ёки рад этади. Сенат томонидан рад этилган қонун лойиҳаси юзасидан палаталараро тенглик асосида келишув комиссия­сини тузиш мумкинлиги Асосий қонунда кўзда тутилган. Қонунларнинг Сенат томонидан рад этилиши қонунчилик жараёнини сустлаштириши шубҳасиз. Бундай ҳолатда, қуйи палата томонидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётган дастлабки босқичдаёқ Сенатнинг бу жараёнга консультатив ва факультатив шаклдаги иштироки кейинчалик юзага келиши мумкин бўлган тушунмовчиликлар ва Сенат раддиясининг олдини олиши мумкин. Шу мақсадда, Асосий қонуннинг 80-модда (Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг мутлақ ваколатлари)сига тегишли қўшимчаларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Сенат қуйи палата томонидан қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётган дастлабки босқичдаёқ маҳаллий аҳамиятга молик қонун лойиҳаларига ўз муносабатини билдириб бориши қонунчилик жараёнини тезлаштиради.

Аманлик Гулимов,
юридик фанлар номзоди, доцент

«Экология ва ат­роф-муҳит муҳофазаси» деб номланувчи алоҳида боб бўлиши ва уларда қуйидагилар кўрсатилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Жумладан, 50-моддадаги «фуқаролар» сўзи «Ҳар бир инсон» сўзи билан алмаштирил­иши лозим. Негаки, Асосий қонунимизда атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш давлатимизда бўлиб турган чет эл фуқароси ва фуқаролиги йўқ шахсга ҳам тегишли бўлиши шарт.

Жўрабек Расулов,
юридик фанлар номзоди

45-моддани қуйидаги таҳрирда иккинчи қисм билан тўлдириш таклиф этилади: «Вояга етмаган шахсларни уларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ва одоб-ахлоқига зиён етказиши мумкин бўлган ишларга, мажбурий меҳнатга жалб қилиш тақиқланади».
37-модданинг иккинчи қисмини эса қуйидаги таҳрирда ўзгартириш таклиф этилади: «Суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан, фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий қилиниши муносабати билан, ҳарбий хизмат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари асосида соф ҳарбий хусусиятдаги ишларни бажаришдан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланади».
Конституциянинг 21-моддаси тўртинчи қисмини қуйидаги таҳрирдаги нормалар билан тўлдириш мумкин: «Фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби қонун билан белгиланади. Бунда фуқароликни йўқотиш шахсни фуқаросиз ҳолатга олиб келса, фуқароликдан маҳрум қилиш тақиқланади».

Маҳмуд Маҳаматов,
юридик фанлар номзоди

Мамлакатимиз халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида кўп томонлама ва икки томонлама халқаро шартномаларни тузиши, ундан чиқиши мумкин. Бундай ҳолатда халқаро шартноманинг Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясига мувофиқлиги масаласи кўриб чиқилади.
Ушбу ваколат Конституциявий судга тегишли бўлиб, Асосий Қонуннинг 109-моддаси 2-бандига кўра, Конституциявий суд «Ўзбекистон Респуб­ликасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар …Ўзбекистон Рес­публикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекис­тон Респуб­ликаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конс­титуциясига мувофиқлигини аниқлайди» деб белгиланган.
Мазкур бандни қуйидаги таҳрирда баён этиш тавсия этилади: «Ўзбекис­тон Респуб­ликасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар … Ўзбекистон Республикаси ратификация қилаётган халқаро шартноманинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди».
Конституциявий суд халқаро шартнома нормаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини кўриб чиқади. Халқаро шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунда эса ­халқ­а­­­ро шартноманинг асосий нормалари, давлатга юкланаётган мажбуриятга оид қоидалари келтирилмайди.

Жуманазар Холмўминов,
юридик фанлар доктори, профессор

Конституцияга экология соҳасида қуйидаги ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни таклиф этаман:
1. Конституцияга «Экологик ҳуқуқ ва мажбуриятлар» деб номланадиган алоҳида боб киритиш:
2. Конституциядаги экологияга оид бир қатор моддаларга тегиш­ли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш.
Уларни қуйидаги нормалар билан тўлдириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман:
50-моддада «Фуқаролар экология ва атроф табиий муҳитга, табиий ресурслардан самарали ва эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдир»лар деб кўрсатилиши;
54-моддада «Мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдан фойдаланиш экологик вазиятга ва атроф табиий муҳитга зарар етказмаслиги, фуқаролар, юридик шахс­лар, тадбиркорлик фаолияти ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги шарт»лиги акс этиши;
55-модда «Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, ўрмон, флора ва фауна, биохилмахиллик ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир» деб ёзилиши;
100-моддада экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш маҳаллий ҳокимлик органлари вазифасига кириши;
Алоҳида моддалар сифатида эса:
«Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида халқаро ҳамкорликни таъминлаш»;
«Инсон ва фуқаролар яшаш учун қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқига эга»;
«Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ўз саломатлиги ва келажак авлоднинг саломатлиги учун қулай экологик ва табиий муҳитда яшаш, ўз саломатлигини атроф муҳитнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш ҳуқуқига эга» каби жумлалар ўз аксини топиши лозим.