“Ватан ҳақида иншо ёзишнинг гашти бошқача бўлар экан”

241

“Ватанни севмоқ иймондандир” танловининг республика босқичи иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мажлислар залида “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусида ижод қилмоқдалар.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларининг 45 нафар талабаси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг мажлислар залига тўпланди.
Иштирокчилар ижодий ишга киришишидан аввал ҳакамлар ҳайъати аъзолари танловнинг қонун-қоидаси борасида батафсил маълумот беришди.
Ва ниҳоят, жараён бошланди. Ҳар бир талаба иншо ёзишга ўзгача иштиёқ билан киришди. Бу уларнинг юз ифодасидан ҳам сезилиб турарди.
– Ушбу танловда қатнашар эканман, дилимни ажиб бир ҳис-туйғулар қамраб олмоқда, – дейди Наманган вилоятидаги “Ҳидоят” мадрасаси талабаси Нўъмонжон Абдураҳмонов. – Айниқса, Республика босқичи жараёнидаги ижодкор ва сиёсий арбоблар билан уюштирилган учрашувлар ва пойтахт бўйлаб саёҳат менга жуда катта руҳ бағишлади. Шундай фурсатларда Ватан ҳақида иншо ёзишнинг ҳам гашти бошқача бўлар экан.
“Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусида иншо ёзиш жараёнидан сўнг кун давомида белгиланган дастур бўйича талабалар “Темурийлар тарихи” ҳамда “Алоқа тарихи” музейига ташриф буюришади. Шундан сўнг улар учун маданий-маърифий тадбирлар уюштирилади. Эртага эса танлов ғолиблари тақдирланади.