“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Матбуот хизматининг хабар беришича, “Uzbekistan GTL” заводи Янги Ўзбекистоннинг нефт-кимё саноати тарихида синтетик нефтнинг биринчи партияси ишлаб чиқарилгани расман қайд этилди.
Хабарда келтирилишича, “Ўзбекнефтгаз” бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқариш жараёнлари ва якуний маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаш учун тайёргарлик жараёнини ўрганиш мақсадида GTL заводида бўлган.
Ташриф давомида “Ишчи гуруҳ” GTL заводининг асосий қурилмалари ҳисобланадиган Фишер-Тропш реакторларининг ишчи ҳолати ўрганилган ва ушбу реакторда ҳосил бўлаётган синтетик нефтнинг намуналари олинган.
Ҳосил бўлган синтетик нефть GTL заводида синтетик дизель, авиакеросин, нафта ва суюлтирилган газни ишлаб чиқариш учун асосий хомашё ҳисобланади.
Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган синтетик нефть заводнинг оралиқ маҳсулотни сақлаш резервуарларида тўпланмоқда ва тез кунларда қайта ишлаш орқали юқори сифатли бўлган, экологик тоза синтетик суюқ ёқилғи маҳсулотлари шу жумладан GTL дизель, керосин, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши бошланади.
Мазкур воқеа республиканинг замонавий нефт-кимё ва нефт-газни қайта ишлаш саноати ривожида янги технологик босқич ҳамда ушбу сана Ўзбекистонда илк бор синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариши йўлга қўйилгани учун рамзий маънода тарихий кун ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, заводнинг асосий ишга тушириш ишлари, шу жумладан, 11 мингга яқин ускуна ва асосий ишлаб чиқариш қурилмалари синхрон ишлашини таъминлаш, уларни тўлиқ назорат қилиш, бошқариш “Uzbekistan GTL” заводининг муҳандислари, ёш мутахассислари томонидан мустақил равишда, хорижий мутахассисларнинг тўғридан тўғри иштирокисиз амалга оширилмоқда, дейилади хабар сўнггида.
Фарида Темирова,
ЎзДЖТУ талабаси



