Ҳар бир даврнинг ўз қиёфаси, одамларининг турмуш тарзи бўлар экан. Бир вақтлар ҳамма жон-жаҳди билан китобга тармашган эди. Давраларда китоб ҳақида суҳбат кетар, ҳар ким бу гурунгнинг ўртасида бўлишни истар, иложи борича, энг янги китоб ҳақида маълумот бериб, аҳли мажлиснинг эътиборини тортишни истарди.
Бозор иқтисодиётига ўтилиши билан қарашлар ва муносабатлар ўзгарди, шекилли, энди суҳбатдошлар бир-бирининг либосига қарайдиган, ким қандай кийинганига сер солиб, мавқеини баҳолайдиган бўлди. Энди бундайлар наздида китоб, маърифат ҳақида баҳслашувчилар чучмал, майдакаш туюла бошлади.
Йиллар ўтди, авлодлар алмашиши давом этди, қарашлар ҳам алмашди. Энди кийим билан бирга, қайси ресторан ёки кафеда овқатланилгани, қандай таомлар истеъмол қилингани бош мавзуга айланди. Шундай қилиб, тарозининг шайини маънавиятдан маишатга оғди.
Бугун шаҳарларимизни безаб, ҳаётимизга завқ улашиб турган иморатлар – тўйхоналар ва емакхоналар десак, асло муболаға бўлмайди. Ана шу масканларда мижозларнинг шодон қийқириқлари янграйди, дилрабо куй-қўшиқлар жаранглайди, инсон барча ташвишларини унутиб, чинакам (аслида, меъда-ичак билан боғлиқ) ҳузур-ҳаловатни ҳис этади. Дунёнинг илғор тажрибаларини юртимизда жорий этишга киришган тадбиркорлар ҳам қандайдир бошқа лойиҳаларни эмас, емакхоналар билан боғлиқ янгиликларни олиб келмоқдалар: томи бир лаҳзада сурилиб очиладиган, шифтидан ёмғир (керак бўлса, қор) ёғадиган, нақшлари олтин суви юритилган шифти зангори, поли муз майдонидек шаффоф емакхоналар ҳеч кимдан кам эмаслигимизни тасдиқлаб турибди гўё.
Ҳа, буларнинг бари, шубҳасиз, ривожланиш аломатлари, уларга эътироз билдириш ўринсиз. Балки маиший ҳаётдаги ана шундай ривожланишлар, умуман, ватандошлар шахсиятидаги улғайиш юксалишга олиб келса, ажаб эмас. Ахир «Одам қўшиқни ҳам қорни билан тинглайди» деган пурмаъно гап ҳам бор-ку!
Аммо бизнинг мулоҳазаларимиз бошқа қутбда.
Кўплар ҳикматли сўзларидан иқтибос келтирадиган ва инсоният тафаккурининг дурдоналарини яратган Жалолиддин Румий ҳазратлари одам жисмини отга, ақлини эса чавандозга менгзаган экан. Агар от ширали емишларга ўч бўлса ва чавандоз (ақл; бу ўринда одамнинг маърифати, илми, тафаккури, умуман, маънавий борлиғини тушуниш лозим) отни бошқара олмаса, от чавандозни арпа ёки хашак тўлдирилган охурга бошқариб борар экан. Мантиқ ҳам шу-да: отга, яъни ҳайвонга нима керак? Унинг қориндан бошқа нима ғами бор?
Бундай ҳикматлар ибрат учун келтирилади. Уни қўллаш ёки қулоқ тутиш ҳамманинг ўз хоҳиши, кимдир уларни ёндафтарига кўчириб юради, кимнингдир энсаси қотиб, латифа сифатида эшитиб қўяқолади. Аммо юқоридаги муқоясада чинакам ҳаёт ҳикмати мужассам. Инсон вужудида одам ва фаришта тимсоли мужассам экани бошқа китобларда ҳам таъкидланган. Одам Яратганнинг бетимсол ижоди сифатида икки олам асрорини жамлаган: унинг ҳайвонлиги – танаси, вужуди; фаришталиги эса кўзга кўринмас аломатлари, яъни тафаккури, ақли, ҳиссиётлари…
Шундай бўлгач, қайси бутага сув кўп қуйилса, ўша кўпроқ ривожланганидек, инсон вужудидаги қайси тарафга эътибор кучайса, ўша томон ривож топиши бор гап.
Айни пайтда, катта шаҳарда эмас, чекка қишлоқларда ҳам юртдошларимиз (албатта, имкони борлар) учун қайси емакхонада дам олиш, яъни маиший ҳаётда тан, янаям аниқроғи, қорин эҳтиёжи етакчи бўлиб қолгани аниқ. Ҳозир туманларда ҳам, овқатнинг сарасини билиш ва масофа қанчалигидан қатъи назар, бориб, нафсни қондириб келиш урфга айланибди. Ҳатто «элнинг зўрлари» нима овқатни қаерда егани билан мусобақалашадиган бўлибди.
Шундай ҳолатда чавандознинг аҳволи қандай кечаётган экан? Чавандоз мудраган, от эса устидаги одами билан охурга тиралиб турибди. От хушнуд, чунки унинг қорни тўқ; чавандоз эса ланж, қанийди кимдир келиб отни жиловласа, уни эгардан азл этиб, бирор оромбахш жойга элтиб қўйса; қоринчасини тўқлаб қўйса-ку, отасидек азиз бўлиб қолади. У одамнинг кимлиги муҳим эмас, муҳими – хашак тўла охурдан узоқлашса (бемаза ташвишлардан қутулса) ва жон роҳатини топса, кифоя.
Ошқозон мисли дошқозон (ёки аксинча). Овқат еймиз – ухлаймиз, ухлаймиз – овқат еймиз. Мабодо, бир қавм шу тарзда умргузаронлик қилса, унинг эртаси нима бўлади? Бу ҳақда ўйловчилар, афсуски, кам.
Баланд-баланд қилиб солинган ҳашаматли емакхоналар қаршисидан ўтаётганда манзарани мулоҳаза қиламиз, шунда беихтиёр «Одамнинг ўзлиги қаерда қолди?» деган савол хаёлдан кечади. Бу яралиш қоидасига зид эмасми? Ахир дунёни ўзгартириш, уни борича сақлаб қолиш фақат моддий эҳтиёжларни қондириш ҳисобига бўлмаслиги кундек равшан-ку! Семирган одам ўзини эплолмайди, бошқаларга юк бўлади.
Агар соғлом тафаккур билан вазиятга баҳо бериладиган бўлса, айни дамда китоб ўқилмаётгани ҳақида безовта фикрларнинг тез-тез янграб туриши бежиз эмас. Юртдошларимиз ваҳший ҳайвондан қочгандек маърифатдан узоқлашмоқда. Китобдан йироқлашиш яхшилик аломати ҳисобланмайди. Ҳолбуки, ҳар ким тан эҳтиёжидан юксалиб, руҳ қанотида парвоз қилсагина, Ҳазрати инсон ўзлигини тўла намоён эта олади.
Хуллас, базмхонаю тўйхоналарнинг бошни айлантириб юборадиган қасрларида ўтириб, маърифат масканлари – кутубхоналар аҳволини кўз олдингга келтирганингда кўнгил беҳузур бўлиб кетади. Наҳотки, хом сут эмган банда жами яралмиш махлуқотдан фарқланувчи қиёфасини намоён қиладиган кутубхоналардан бунчалар безимаса?! Ўнта, балки ундан кўп тўйхона қурган сармоядор битта китобхона қурдимикан?
Бугун дорихоналардан одам оёғи узилмайди, озиқ-овқат дўконлари доим гавжум, емакхоналар, тўйхоналар… Бироқ кутубхоналарга ким қадам қўяди? Умуман, бу масканлар қаерларга қувилди? Ёки китоб магазинларида савдо қандай? Манзаралар китобга муҳаббат турмуш тарзидан ниҳоятда йироқлашиб кетганини тасдиқламоқда. Қанийди, чарақлаб турган маишатхоналарнинг айвонига жавон қўйилиб, унга китоблар териб қўйилса, кўзи тушган одамнинг эсига КИТОБ тушиб турармиди? Балки чиндан ҳам тўйхонларда бир бўлмада, ҳатто кириш йўлагида китоб териб қўйишни урф қилиш лозимдир. Ахир ассоциатив-эмоционал қўзғалишлар кўриш таъсири орқали ҳаракатга келади-ку. Тўйхонадан тўйиб келган бобо набирасини тиззасига олиб, ҳеч бўлмаганда расмли китобни томоша қилса ҳам, мурғак қалбда китобга меҳр уйғонади-ку!
Биз шундай қилмасак бўлмайди. Ҳосиласи аниқ кўриниб турибди: бефаросатлик, меҳрсизлик, ҳурматсизлик, қадриятларга беписандлик, турмушга енгилтаклик билан қараш (ажралишларнинг эрмакка айланиб қолгани), ҳатто юмор ҳиссининг етишмаслиги ва бошқа кўнгилхираликлар (қай бирини санаймиз?!) кўпайди. Уларнинг ҳеч бирини алоҳида даволаб бўлмайди, балки барчасини ёппасига даволашга ўтиш лозим. Бу даво эса инсоннинг фаришталик хислатини юксалтириш, уни ҳайвондан ажратиб, дунёнинг чинакам хилқатига айлантириш билан амалга оширилади. Мухтасар айтганда, ҳашамдор тўйхоналар ёнида улардан қолишмайдиган кутубхоналар қуриш, бу масканларни аҳоли энг кўп ташриф буюрадиган эшиги муттасил очиқ даргоҳга айлантириш зарур.
Келажагидан умиди бор халқ китоб ўқийди, бизнинг эса, эртанги кундан умидларимиз жуда юксак.
Ҳаким САТТОРИЙ,
журналист
