Ҳадемай янги ўқув йили бошланади. Бироз фурсатга бўшаб қолган хоналар яна ўқувчилар шовқин-суронига тўлиб, синфхоналарда устозларнинг жарангли овозлари янграй бошлайди.
Педагоглар бугун ижтимоий тармоқлардаги энг фаол қатламлардан бири. Улар мактаб таълимидаги янгиликлар, қарорлар ва қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини фаоллик билан муҳокама қилиб келмоқда. Ва, бу муҳокамалар жараёнидаги шарҳларни кузатар эканмиз, ўқув йили бошланишига оз фурсат қолган бир пайтда, устозларимизда норозилик кайфияти устунлик қилиб турганига гувоҳ бўлдик.
Келинг, бу ҳақда мисоллар билан сўзимизни давом эттирсак.
«Facebook»даги «Таълим янгиликлари» гуруҳида Азизбек Араббоев исмли фойдаланувчи Таълим сифати жараёнларини мувофиқлаштириш департаменти директори Лазиз Хўжақуловнинг яқинда бўлиб ўтган Устозлар миллий форумида айтган фикрларини пост қилиб қолдирган. У қуйидагича:
«РISA тадқиқотлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, таълим сифати синфдаги ўқувчилар сонидан кўра, кўпроқ ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ экан.
Мисол учун, Вьетнамда синфдаги болалар сони 40, Хитойда 42 нафарни ташкил этса-да, бу мамлакатларнинг РISA натижалари синфдаги болалар сони анча кам бўлган Шарқий Европа мамлакатлари билан бир хил».
Постга билдирилган муносабатларнинг деярли барчасида юқоридаги фикр қўллаб-қувватланмаган, аксинча, кузатувчиларнинг норозилигига сабаб бўлганини кўриш мумкин. Биз уларни айнан келтиришга ҳаракат қилдик.
Шуҳрат Турдиев: Тўғри, ҳаммаси ўқитувчининг маҳоратига боғлиқ. Ўқитувчи конспект ёзмаяпти, ўз устида ишламаяпти, мактабларда компьютер хоналар очиқ турмайди, на ўқувчи, на ўқитувчилар, керак бўлиб қолса, фойдалана олади. Кўзи оч, очкўз директорлар ўқитувчиларнинг «соққасини» олиб ишга оляптими, ҳар йили янги ўқув йилининг бошида дарс соатини ўқитувчилардан пул олиб тақсимлаяптими? Директор ўқитувчининг олдида муттаҳам бўлиб қоляпти. Коррупция аралашган жойда иш бўлмайди, таълимни яхшилаш учун барча мактаб директорларини алмаштириш, ротация қилиш керак.
Соҳиза Мунавварова: Ўзи шу таълимда курсида ўтирганларнинг ҳеч қайсиси ўқитувчидан чиққанмас. Камига молия, иқтисод, солиқ – ҳаммаси ўқитувчилар фаолиятига аралашади. Энди ўтириб нима дейишни билмасдан шуни ўйлаб топибди-да. Ундан кўра, тўғрисини ёзмайдими, синфдаги ўқувчиларни қисқартириш таклифларингизни амалга оширишнинг имкони йўқ деб. Ўқитувчиларга ёпишавермай.
Саида Давлатова: Янги қарор чиқаринглар. Янги ўқув йилидан синфда ўқувчилар сони 50 тадан бўлсин. 15 йил олий тоифадаги ўқитувчи бўлса, 60-70 таниям ўқитаверади.
Мунисхон Назарова: Уларда ўқитувчига қўшимча форма, давомат, ота-она билан ишлаш, синф фонди, уйда ўқитиладиганлар билан ишлаш, сайловларда қатнашиш каби ортиқча талаблар қўйилмайди. Бизда ўқитувчиларга юкланадиган бу каби қўшимча топшириқлар туфайли болаларга сифатли таълим берилмаяпти.
Муҳаббат Умрзоқова: Синфдаги ўқувчилар сони 35 тадан ошмаслиги керак, дейилган қарор ҳам ўзгариб қолмаса эди, шу гаплардан кейин.
Маъруфбек Мирзабоев: Эҳтимол, фикри тўғридир, лекин 25 нафар болага мўлжалланган хонада ўқитармикан, 40 ўқувчини?.. Бизда ўқитиляпти…
Нурхон Холматова: Қаердаги нарсаларни айтиб, ҳаммани чалғитади. Сабаби битта – таълимга пул сарфламаса. Ўқитувчининг ойлигини ҳам кўп кўради. Ўзи ўқитувчи бўлмайди, ҳеч қайсиси бўла олмайди ҳам.
Роҳилахон Иминжонова: Ойлик маошлари қандай экан, ўша юртларда муаллимларнинг? Уларнинг шароитларини ҳам айтиб, Ўзбекистонимиздаги муаллимлар шароити билан солиштирмабди-да.
Зулфизар Жаркинова: Мен чекка қишлоқ мактабида ишлайман. Болаларни ўқитиш у ёқда турсин, ҳатто, ўтиргани стол-стуллар етишмайди. Шуларни ҳам ҳисобга олармикан, таълим вазири, ҳадеб ўқитувчиларни кавлайвермасдан.
«Ma’rifat» муштарийлари» телеграм гуруҳида:
Соҳиба Шокирова: Мен онлайн малака ошириш курсида Сингапур таълими ҳақида мақола ўқидим. Сингапур мактабларида ҳам ўқувчилар сони 30-40 нафар экан, аммо ўқитувчилар 10-12 соат дарс ўтишар экан.
Сафарали Сиддиқов: 35-40 нафар ўқувчига ҳеч қачон мукаммал билим бериб бўлмайди. 22 йиллик педагогик фаолиятимдан келиб чиқиб айтаяпман буни. Таълим ривожи керак бўлса, биринчи ўринда синфдаги ўқувчилар сонини тартибга солиш, ўқитувчининг амалдаги 20 соат – 1 ставкасини пасайтириш керак.
Эркин Истамович: Ўқитувчининг даромади яхши бўлса, у бошқа ишга чалғимайди. Доскани ёнида кўрпача тўшаб, ётволиб бўлса-да, ишлайди.
Хосиятхон: банкда, университетда ишлайдиган танишларнинг айтишича, уларга ҳар бир байрамда мукофот пули бериларкан. Мактаб ўқитувчиларига замбаракнинг ўқиям йўқ.
Хуллас, турли постлар баҳонасида ўқитувчилар маош камлиги, синфдаги ўқувчилар сонининг кўплиги каби муаммоларга бот-бот урғу беришган. Шунингдек, август ойи келиши билан ўқитувчиларнинг дарсга талашиш мавсуми бошлангани, сабаби, ўқитувчилар сони кўпайиб бораётгани, айрим фанлар эса қисқаришга учраётгани, шу билан бирга, кўпчилик ўқитувчиларнинг дарс соатлари бир ставкага ҳам етмаётгани (бир ставка – 20 соат) ҳақида изоҳлар қолдиришган.
Бунинг натижасида кўпинча ўрта ёшли устозлар томонидан пенсияга чиқиб, мактабда ишлаётган ҳамкасбларига нисбатан пичинглар ҳам кўпайган. «Энди буёғига ёшларга ўрин берса бўларди», «Пул учун ишга келиб-кетишади», «Болалар ҳам зериккан қари устозлардан» каби изоҳларга кўзингиз тушади. Бундай изоҳ ёзган устозлар орасида кредити, контракт тўловлари борлигини, тақсимот даврида эса бир ставкадан кам дарс текканини афсус билан айтаётганлар ҳам бор. Бу, албатта, кекса ва тажрибали, бутун умрини мактабга, ўқувчиларга бағишлаган устозларнинг кўнглига тегмоқда. Бироқ муҳокамаларни четдан кузатар экансиз, бу каби изоҳлар замиридаги гап педагоглар меҳнатининг муносиб баҳоланмаётгани, ойлик маошларининг бугунги иқтисодий шароитда етарли даражада эмаслигига бориб тақалмоқда. Катта педагогик давраларда бу мавзуда мунтазам гап очилаётганига қарамасдан, педагогларни рағбатлантириш борасида қилинаётган ишлар устозларнинг тоифасига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Натижада педагогларнинг ўртача маоши камлигича қолмоқда. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2,52 миллион сўмни ташкил этмоқда. Дарс соатлари ярим ёки бир ставкадан кам бўлган ўқитувчиларнинг маоши 2 миллионга ҳам етмаяпти. Бу эса устозларнинг ҳафсаласини пир қилмоқда. Ваҳоланки, ўқитувчиларнинг ҳам маоши бошқа соҳа эгалари каби эҳтиёжлари учун етарли бўлиши лозим. Ундан кўпини эса педагогларнинг дарс бериш маҳорати, билими ва кўрсатаётган натижаларига қараб белгилаш мақсадга мувофиқ.
Ставка масаласига келсак, йил сайин олий маълумотли педагоглар кўпайиб, бу ҳолат ўрта махсус маълумотли, бироқ узоқ йиллардан буён ишлаётган тажрибали устозларни «сиқиб чиқармоқда». Ёки бўлмаса, кўпчилик устозлар ярим ставка дарс билан чегараланиб қолмоқда. Улар ўз касбини севгани учун ёки умрининг асосий қисми шу соҳада ўтгани учун мактабдан кетолмайди, аммо топаётган пулидан ҳам қониқмайди. Шу боис аксарият ўқитувчилар ижтимоий тармоқларда ставкани 16-18 соатга қисқартириш таклифини айтишган. Яна бир сабаб айрим фанларнинг соатлари қисқаришга учрагани ҳам бу жараённи янада тезлаштириб юборди ва оқибатда педагогларга жабр бўлди.
Россия ва Қозоғистонда бир ставка 18 соатдан иборат. Демак, устозларнинг бу борадаги талаблари ўринли. Бироқ «Facebook» ижтимоий тармоғи ёки «Ma’rifat» муштарийлари» телеграм гуруҳида билдирилган таклифларга, муносабатларга бирор расмий жавоб берилганига кўзимиз тушмади. Педагогларнинг бир неча йилдирки, ставкани тушириш, ўқувчилар сонини қисқартириш, рағбатлантириш механизми борасидаги таклифлари таклифлигича қолиб кетмоқда.
– Бизда фанлар кўп ўқитилади, – дейди Термиз шаҳридаги 13-мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Гулчеҳра Ашурова. – Европа давлатларида кам фанлар ўтилади, деб айрим фанлар қисқартирилди. Буни қўллаб-қувватлайман. Аммо бунинг эвазига ўқитувчиларнинг бир ставка иш ҳажмига белгиланган 20 соатлик талабнинг ҳам Европага монанд қисқартирилиши, ҳолат ўқитувчиларнинг маоши камайишига олиб келмаслиги керак эди. Шунда ҳозирги норозилик кайфиятлари кам бўларди. Бизда қандай қилиб бўлса ҳам ўқитувчига кўп пул бериб юбормаслик, давлатнинг пулини тежаш истаги юқоридек туюлади.
Вазирлар Маҳкамасининг яқинда эълон қилинган 425-сонли қарорига асосан эса педагог-кадрлар олий тоифали бўлиб, ўз даражасини 3 марта аттестациядан тасдиқлаганларидан сўнг умрбод олий тоифали бўлишлари мумкин. Мисол учун, 2022 йилда олий таълим муассасасини битирган педагог навбатдан ташқари аттестация имкониятларидан фойдаланиб, 2024 йилда олий тоифали бўлади ва шундан бошлаб 15 йил ичида 3 маротаба (2029, 2034 ва 2039-йилларда) тасдиқлайди. Бундай ҳолатда педагог 39 ёшида пенсиягача олий тоифани сақлаб қолади. Аввалги шунга оид Вазирлар Маҳкамасининг 572-сонли қарорида 15 йил давомида олий тоифага эга бўлмай, 16-йилда олий тоифани олган педагоглар автоматик равишда умрбод олий тоифасини сақлаб қолиши мумкин, деган тушунча бор эди. Янги қарор бўйича бунга чек қўйилмоқда. Энди олий тоифа даражасида нафақага чиқиш учун ўқитувчи 15 йил давомида фақат олий тоифа даражасида бўлган бўлиши керак. Биринчи ва иккинчи беш йилликда биринчи тоифани, учинчи аттестацияда эса олий тоифани ҳимоя қилган тақдирида ҳам пенсияга олий тоифа даражаси учун қилинадиган ҳисоб-китоб билан чиқолмайди.
Албатта, бу узоқ муҳокама қилиш мумкин бўлган мавзу ва биз мазкур қарорни оқлаш ёки қоралашдан йироқмиз. Шуниси аниқки, норозилик билдираётганлар ҳам пенсияга кетиш олдидан топшириладиган сўнгги аттестацияда ўзининг олдинги яхши тоифасини оқлолмай қолишидан, унгача олган тоифасининг инобатга олинмаслиги, охир-оқибатда бу пенсия пулига таъсир қилишидан хавотирда.
Нега эълон қилинаётган қарорлар устозларда хавотир ва кайфиятсизлик пайдо қилмоқда? Бу ҳолатда улар ўқитаётган ўқувчиларнинг аҳволи қандай бўлади? Улардан нима кутамиз? Биз олдин ҳам «Ishonch» газетасида уч йилда бир чиқаётган дарсликларнинг муддатини узайтириш, «Алифбе» китобларини ҳар йили чоп этмаслик масаласини ўйлаб кўриш керак, деган таклифни билдиргандик.
Назаримизда, тез-тез янгиланаётган ва ҳар йили чоп этилаётган «Алифбе» дарслигига кетаётган сарф-харажатлар устозларнинг маошини оширишга сарфланса, бунга ҳеч ким қарши чиқмаса керак. Халқ таълими вазирлиги эса педагогларни рағбатлантиришнинг ҳозиргидан кўра самаралироқ йўлини топиши керак. Зеро, бугунги ҳафсаласиз ва кайфиятсиз ўқитувчилар билан узоққа бора олмайдиганга ўхшаймиз.
Зебо НАМОЗОВА
«ISHONCH»
