Талабалик йилларига доир хотиралар онг-шуурингга мустаҳкам нақшланиб қолади. Орадан қанча йил ўтса ҳам унут бўлмайди, аксинча, ҳар гал ёдингга тушганида, қайта жонланиб, кўнглингга ёшлик завқини солади.
Хотира инсонни тоблайди, деган гап бор. У инсонни тоблаш билан бирга, комиллик сари ҳам етаклайди.
1969 йили ТошДУнинг журналистика факультетига танловдан ўтиб, эллик икки киши ўқишга қабул қилинганмиз. У пайтлар мамлакатда 5-6 миллион тонналик «оқ олтин» тоғини яратиш ишига неча минглаб талабалар жалб этиларди. Пахта теримидан қочиш Ватан шаънига доғ туширишдай гап эди. Шу боис, ўқишнинг биринчи ойи якунига етмаёқ турнақатор автобусларда Мирзачўлга баланд кайфиятда отланганмиз.
Декабрь ойи ўрталаригача пахта тердик. Вақтинча қурилган баракда яшадик. Далада пахта тугул, бир дона хом кўсак ҳам қолмаган, аммо қайтишга рухсат йўқ. Ёмғир ёққан кунлари йигитлар факультет декани Сайди Умиров билан очиқ майдонда тўп тепишади, Бойбўта Дўстқораев овозини кўтармай, Чўлпон шеърларидан ўқийди. Кун ботади, тонг отади.
Буларни ҳануз ёдимда сақлаётганим – ўшанда биз ҳаётнинг энг жиддий, журналистика нигоҳи билан қараганда, ғоят муҳим синовидан ўтган эканмиз. 70 кунда кимнинг кимлиги, ижодий салоҳияти, қандай оилада тарбия топгани, дунёқараши, одоб-ахлоқи, сабр-тоқати ва яна бошқа кўплаб хусусиятлари бир-биримизга маълум бўлди. Етмиш кун бир қозондан таом едик, бир гулхан атрофида шеърлар ўқидик, қўшиқлар куйладик, бир-биримизга сирдош, елкадош бўлдик. Ҳаёт ҳақидаги нимжон тасаввурларимизни элакдан ўтказдик. Далада бўлса ҳам танлаган касбимизга бироз яқинлашдик.
Раҳматилла Қибрайнинг фарзанди. Ҳаммамиз туғилган жойимизни, ҳамқишлоқ, ҳаммаҳалла одамларни, ўша ерга тааллуқли ўтмиш воқеа-ҳодисалари, урф-одатлар, турмуш тарзи, кимнинг кимлиги, ниманинг нималиги, сув қаёққа қараб оқишини биламиз, албатта. Раҳматилла биргина Қибрайни эмас, Тошкент вилоятини ҳам шундай билади, туманлардаги ўзаро уйғунлик ва фарқлиликни яхши тушунади. Маърифатчи сифатида турли йиғинлар ўтказар экан, айни шу ҳолатни ҳисобга олади.
Чўлдаги етмиш кунлик ҳаётимиз ким учун осон, ким учундир қийин кечди: қишлоқда туғилиб, пахта далаларида улғайган, яйловда қўй-қўзи боққан, даладан бир боғ пичан ўриб, уйигача кўтариб келишга ўрганган йигит-қизлар деярли қийналишмади, аммо шаҳарликлар… Қизларнинг нозик бармоқлари икки-уч кун ўтмаёқ қабариб, кўримлилигини йўқотди, ғўзанинг пастки чаноқларига энгашган беллари тошдай қотди. Чўллик, даштлик йигитлар уларга ёрдамга келишди. Пахта тўла зил-замбил этакларни кимдир кўтариши керак-ку, ахир.
Курсдошларимиздан бири Раҳматилла Шералиев эди. Қибрайнинг Арғин қишлоғида туғилиб ўсган, қишлоқча ҳаётнинг миридан сиригача биладиган бу йигит, айни чоғда, шаҳарликларга хос мушоҳадалари билан ҳам бошқалардан ажралиб турарди. Бир гал курсдошлар бир сўмдан пул йиғиб, Бешёғочдаги машҳур чойхонада ош қилмоқчи бўлганимизда, Раҳматилла «Чойхона палов пахта ёғида қилинмайди, думба олиш керак», деб хатоимизни тузатган.
Кейин билсак, катта бир сулоланинг фарзанди Арғин билан бирга пойтахтнинг ҳам ҳавосидан нафас олиб улғайган экан. Уларнинг боғ-ҳовлисида ўтказган дамларимиз, Раҳматилланинг мўътабар онаси, зиёли акалари билан суҳбатларимиз чоғи бунга ишонч ҳосил қилдик. Бу хонадонда жуда кўп улуғ инсонларнинг табаррук излари қолган. Раҳматилла уларга чой ташиш билан бирга, суҳбатларига қулоқ ҳам тутган. Чингиз Айтматов, Зиёд Есенбоев, Фахриддин Умаровлардан кўп ҳикматлар тинглаган. Меҳмон кўп келадиган уйларнинг болалари тез улғаяди, деган гап бор. Бу гап Раҳматиллага ҳам тегишли.
Ўқишнинг иккинчи йили айни қиш чилласида Раҳматилла билан Беларусь диёрига сафар қилдик, жаҳон урушида жасорат кўрсатган ватандошларимиз ҳақида маълумотлар тўпладик. Журналистлик фаолиятимиз расман шу сафардан бошланди дейиш мумкин.
Ўқиш тугагач, Раҳматилла ишни катта газетада бошлади, қалами тез чархланди, мавзу ва қаҳрамон танлашга, ҳозиржавобликка, йирик мақола билан бирга кичик ахборотда ҳам бирор-бир фикр айтишга ўрганди. Вақти келиб, ижтимоий-маданий ҳаётимизда янги йўналиш бўлган республика Маънавият ва маърифат ташкилотига ишга ўтди, шу ерда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов билан бирга ишлаб, маънавий тарбия соҳасида катта ҳаёт мактабини ўтади, ўзи учун ҳам, ташкилот олдида турган муҳим вазифаларни бажаришда ҳам эътиборга молик натижаларга эришди.
Раҳматилла билан кўп бор республика бўйлаб сафар қилдик, турфа давраларда маърузалар ўқидик, учрашувларда мураккаб саволларга жавоб қайтардик. Ҳаётдан олинган жонли мисоллар, даҳо донишмандларнинг тарбия ва ахлоқ тўғрисидаги фикрлари бизга ёрдамга келди. Натижа шу бўлдики, Раҳматилла маънавият ишини чуқур ўзлаштирган етук тарғиботчи, нутқи равон, ишонтириш маҳорати баланд воизга, айтган-деганларига аввало ўзи амал қиладиган ибратли тарбиячига айланди.
Раҳматилла Қибрайнинг фарзанди. Ҳаммамиз туғилган жойимизни, ҳамқишлоқ, ҳаммаҳалла одамларни, ўша ерга тааллуқли ўтмиш воқеа-ҳодисалари, урф-одатлар, турмуш тарзи, кимнинг кимлиги, ниманинг нималиги, сув қаёққа қараб оқишини биламиз, албатта. Раҳматилла биргина Қибрайни эмас, Тошкент вилоятини ҳам шундай билади, туманлардаги ўзаро уйғунлик ва фарқлиликни яхши тушунади. Маърифатчи сифатида турли йиғинлар ўтказар экан, айни шу ҳолатни ҳисобга олади. Аудиторияга қараб иш тутади. Кейин-кейин унинг бу фазилати бутун мамлакатга тааллуқли бўлди десак, муболаға бўлмайди. Ўз ишига масъулият билан қарайдиган киши ўсиш-улғайишда ўзини маълум бир чегара билан чекламайди, билиш эса ҳадсиз-ҳудудсиз тушунча.
Ҳаммаси ҳаракатга, ниятга боғлиқ, дейишади. Аслида, ҳаракатсиз одам бўлмайди, ҳеч ким бир умр оёғини узатиб ётмайди. Аммо ҳаракатга яраша ният, мақсад ҳам бўлиши керак. Қай томонга йўл олдинг, қай манзилга етмоқчисан? Донишманд Ошо «Агар сиз бирор жойга олиб борувчи йўлни сўрасангиз, сўраган одамингиз йўлда учрайдиган белгиларни айтади: фалон жойда бурилиш келади, кўприк бор, сал нарида катта иморат…» каби. Агар сиз Ҳақни таниш учун йўлга тушаётган бўлсангиз-чи? Бунинг ҳам белгилари борми? Бор, албатта! Улар кўнгилда зоҳир бўлади, кўнгил кўзи билан кўрасиз», дейди.
Раҳматилла кўнгилни катта қилди, ниятсиз юрмади, ҳаракатдан тўхтамади. Кўп савоб ишларга қўл урди, дўст-қадрдонларидан узоқлашмади, солиҳ, зиёли фарзандларни тарбиялади. Не бахтки, унга улуғ зиёрат, қутлуғ ёшида яна бир ҳурмат-эҳтиром насиб этди. Чўлнинг етмиш кунлик сабоғи бошқа курсдошлар қатори Раҳматиллани ҳам умрининг етмишинчи босқичига асраб-авайлаб олиб келди. Биз бундан кейин ҳам шундай бўлишини ният қилиб қоламиз.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист
