ЎЗБЕКИСТОН ВА ШҲТ: ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКНИНГ  ЯНГИ БОСҚИЧИ

78

15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади. Ушбу анжуманда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари 2019 йилдан буён илк бор юзма-юз учрашади.

Янги Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи, унинг жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Шу билан бирга, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган илоҳотлардаги изчиллик, қатъийлик, прагматик ёндашув,  ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсат нафақат Ўзбекистон ва минтақада, балки бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз ташқи сиёсатининг кўплаб муҳим вазифалари халқаро ташкилотлар, хусусан, ШҲТ фаолиятида фаол иштирок этиш орқали самарали ҳал этиляпти. Сўнгги йилларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг салоҳияти тобора ортиб бораётганининг гувоҳи бўляпмиз. Ҳозирда ШҲТга аъзо мамлакатларнинг умумий ҳудуди 34, млн. квадрат км2 дан ошади. ШҲТ ҳудудида дунё аҳолисининг қарийб 44 фоизи – 3,5 миллиарддан ортиқ киши яшайди, жаҳон ЯИМнинг деярли 24 фоизи ишлаб чиқарилади. Ташкилот 8 та доимий аъзо, 4 та кузатувчи давлат ва 9 та мулоқот ҳамкорларини бирлаштиради. 21 мамлакатдан иборат йирик «ШҲТ оиласи» учта қитъани – Осиё, Европа ва Африкани қамраб олади. Самарқанд саммитида Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини бериш бўйича меморандумлар имзоланиши кутилмоқда.

ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлиги барча аъзо давлатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ўзаро тушуниш ва позицияларини ҳурмат қилишга асосланган биргаликдаги саъй-ҳаракатларга, халқаро низоларнинг олдини олиш, уларни тинч йўл билан ҳал этиш ва долзарб муаммоларга биргаликда ечим топишга асосланади.

ШҲТ доирасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ўз самарасини беряпти. ШҲТнинг минтақавий ва халқаро ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал эта оладиган очиқ ташкилот сифатидаги мавқеи юксаляпти. ШҲТ алоқа ва транспорт соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш, сув, энергетика ва хомашёдан оқилона фойдаланиш, экологик масалаларни ҳал этиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. ШҲТга аъзо давлатларнинг иқтисодий ҳамкорлигида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ягона энергия бозорини шакллантириш устувор йўналишлар жумласига киради.

Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги янги ташқи сиёсат стратегияси ШҲТ фаолиятида яққол намоён бўлмоқда. Ташкилот доирасида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларига мос келадиган, халқаро майдонда ўз имиджини яхшилашга ҳисса қўшадиган кўплаб ташаббус ва таклифларни илгари сурмоқда.

Айтиш лозимки, Ўзбекистон Президенти ШҲТ маконида таклиф этаётган ҳамда узоқ истиқболга мўлжаланган сиёсат конструктивлик, прагматизм ва ташаббускорлик каби асосий тамойилларга асосланади. Биргина 2017-2021 йилларда давлатимиз раҳбари ШҲТ саммитлари давомида 50 га яқин долзарб ташаббусларни илгари сурди. Энг муҳими, ушбу таклифлар, “йўл хариталари”, меъёрий-ҳуқуқий, сиёсий концептуал ҳужжатларда изчил амалга оширилмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган таклифларни амалга ошириш мақсадида 2021-2022 йилларда – Ўзбекистоннинг амалдаги раислиги даврида 14 та янги концептуал ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотидаги раислигида 15-16 сентябрь кунлари – қадимий Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ давлат раҳбарлари Кенгашининг мажлисида ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган янги ҳуқуқий ва катта аҳамиятга молик ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиё ҳудудидан ўтувчи йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишга катта эътибор қаратмоқда. ШҲТ аъзо мамлакатларнинг транзит салоҳиятини тўлиқ ишга солиш ва “Шарқ-Ғарб” ва “Шимол-Жануб” йўлаклар тизими самарадорлигини ошириш имкон беради. Бу ШҲТга аъзо давлатларнинг Европа Иттифоқи, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Ўзбекистон ва ШҲТнинг бошқа аъзолари саъй-ҳаракатлари билан мазкур ташкилотга аъзо мамлакатлар иқтисодиётининг саноат, тоғ-кон, қайта ишлаш ва бошқа тармоқларида қўшма инвестиция лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда. ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ривожланиш ва товар айирбошлаш соҳасида жиддий ютуқларга эришилди.

Энг муҳими, мазкур ташкилот саммитларида қабул қилинган ҳужжатлар минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Уларнинг барчаси ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи давлатлар ва мулоқот ҳамкорлари ўртасидаги маданий-гуманитар, илмий, иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга, ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишга йўналтирилган.

Ўзбекистон  раислиги давомида ташкилот доирасида 80 дан ортиқ турли тадбирлар амалга оширилди, ШҲТ фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича аниқ натижаларга эришилди. Жумладан, ташқи ишлар вазирлари Кенгаши, банклараро Ассоциация Кенгаши, ШҲТ ишбилармонлар Кенгаши каби тузилмалар фаолияти жадаллаштирилди. Ташкилотни узоқ муддатга ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилайдиган бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ билан ўзаро ҳамкорлиги нафақат Марказий Осиё минтақасидаги, балки дунёдаги жараёнларга ижобий таъсир кўрсатмоқда. ШҲТ аъзоларининг хавфсизлик борасидаги таҳдидларга қарши курашиш, сиёсий, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш борасидаги халқаро ҳамкорлик механизми изчил такомиллашиб бораётгани алоҳида эътиборга молик.

Ўзбекистон нафақат минтақавий, балки глобал кун тартибини шакллантиришда, халқаро ҳамжамиятнинг хавфсизлиги, фаровонлиги ва барқарор ривожланишига таъсир кўрсатадиган таҳдидларга қарши жамоавий механизмларни яратишда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон ШҲТ доирасида Афғонистонда тинчлик ва осойишталикни ўрнатишга қаратилган кўплаб конструктив таклифлар ташаббускори ҳисобланади.

Минтақавий хавфсизлик масалаларини биргаликда ҳал этиш, ШҲТ доирасидаги ўзаро ишонч ва ҳурмат, манфаатлар мувозанатини сақлаш каби тамойилларга асосланган ҳамкорлик хавфсизлик муаммоларини ҳал этиш, бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш учун мустаҳкам замин яратади.

Ўзбекистон ШҲТнинг бошқа иштирокчи давлатлар билан биргаликда терроризм, сепаратизм, экстремизм, наркотрафикка қарши кураш, минтақавий ва глобал миқёсда тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги фаолиятида бундан буён ҳам фаол роль ўйнаши  шубҳасиз.

Омонулла Муҳаммаджонов,

юридик фанлар доктори, ТДЮУ профессори