Чўл ўртасида бўртиб чиққан тоғ тошларидан инсон соч толасидан 5 баробар ингичка тола олиш мумкин деса, кўпчилик ишонмайди. Аммо биз яқинда Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги “Geobasalt products” МЧЖда бўлиб, 97 фоиз табиий хомашё ҳисобига оддий тошлардан ноёб базальт кимёвий толаси олинаётганига гувоҳ бўлдик. Аҳамиятлиси, корхона нафақат Ўзбекистонда, балки Ўрта Осиёда ҳам ягона.
“Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан оммавий ахборот воситалари (ОАВ) ходимлари учун Жиззах вилоятига пресс-тур ташкил этилди. Унда журналистлар банкнинг молиявий кўмагида ишга туширилган базальт толаси ишлаб чиқарадиган корхона фаолияти ҳамда мазкур ҳудудда муассаса мижозларига яратилган қулайликлар билан таништирилди.
Форишдаги базальт корхонасигача юртимизда бундай лойиҳалар бир неча бор ишга туширилган, аммо турли сабабларга кўра тўхтаб қолган. 2017 йилда мазкур кластер жамоаси ишни изланишдан, ўрганишдан бошлади.
Аввалига россиялик ва италиялик мутахассислар жалб қилинди. 17,8 миллион АҚШ долларига тенг маблағнинг бир қисмига “Ўзсаноатқурилишбанк” ҳомийлигида Буюк Британиядан технологик ускуналар келтирилди. Жиззах, Фориш ва Зафаробод туманидаги мактабни, коллеж ва институтларни битирган 350 нафарга яқин ёшлар ва ўрта ёшли аҳоли тоғ бағридан тошни ажратиб олишдан тортиб, уни ювиш, эритиш ва керакли кимёвий моддалар таъсирида тола олишгача бўлган жараёнларни махсус курсларда ўқиб-ўрганди. 2019 йилда Президентимиз шахсан ўзлари корхона фаолияти билан танишиб, унинг расмий очилиш маросимида иштирок этди.
Мана, орадан уч йилча вақт ўтди. Корхона бир муддат тўхтамасдан ишлаб келмоқда. Базальт толаси деворлар, томлар, пол, пойдевор, турар жой ва ишлаб чиқариш хоналари қувурларининг иссиқлик изоляцияси, шунингдек, бинонинг олд қисмлари, саноат ускунаси ва ҳар қандай бошқа кўринишдаги қурилиш конструкцияларини совуқ ўтмайдиган қилиш учун замонавий ва энг оптимал ечимдир. У юқори коррозиявийлик ва кимёвий чидамлиликка эга. Бундан ташқари, базальт паст иссиқлик ўтказувчанлилик, паст ҳароратларда юқори бардошлилик ва кўпга чидамлилик билан фарқланиб туради. Ушбу сифатлари туфайли маҳсулот йўл ва уй-жой қурилиши учун энг муҳим материаллардан бирига айланган. Оддий темир 15-20 йилда чириса, базальт толасидан ишланган қувурлар 80 йилгача чидамлилигини сақлаб қолади. Ундан тайёрланган геосеткалар эса қурилишнинг чидамлилигини таъминлаб, мустаҳкамликни 4-5 баробарга оширади.
1000 йиллик тош захирасига эга бўлган тоғлар яқинида барпо этилган корхонада дастлаб қазиб олинган тошлар майдаланади. Сўнгра сараланиб, Италиядан келтирилган печда 1500 даражада эритилиб, лава ҳолатига келтирилади. Лава ҳолатида эриган тош толаларга айланади.
– Бугунги кунда Япония, Хитой, Туркия каби мамлакатлар шаҳарсозлигида кенг қўлланиладиган базальт толасидан ишлаб чиқарилувчи геосеткалар Ўзбекистон қурилиш материаллари бозори учун энг замонавий инновацион маҳсулот ҳисобланади, – дейди “Geobasalt products” МЧЖ бош технологи Аҳмаджон Юсуфжонов. – Бизни янги маҳсулот яратишга ундаган асосий сабаб, базальт хомашёсининг 65 фоизи айнан Жиззах ҳудудида мавжудлигидир. Шунингдек, мазкур қурилиш материали юқори қўшилган қийматли маҳсулот турига киришидир. Европа давлатларига ҳам базальт толасининг ўзини, ундан тайёрланган геосетка маҳсулотларимизни яхши экспорт қилаяпмиз. Яқин кунларда эса базальт қувурларини ишлаб чиқаришни ҳам бошлаш арафасидамиз.
Йилига 5 миллион метр квадрат базальт толасидан геосеткалар ишлаб чиқараётган корхона маҳсулотларининг қарийб 68 млрд. сўмлик қисми хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда. У қурилиш ва йўл қурилишида ишлатилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган ойларида Испания, Англия, Италия, Корея ва Россия давлатларига маҳсулот жўнатилди.
Яна бир эътиборли жиҳати, “Uzbekistan bazalt» кластерида 2000 га яқин иш ўринлари яратилган бўлса, айнан геосеткалар ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушгач, 120дан ортиқ маҳаллий ёшлар иш билан таъминланди. Натижада корхона 2021 йилда Жиззах вилоятида “Энг кўп иш ўрни яратган корхона” номига ҳам сазовор бўлди.
– Ўзим коллежни тамомлаганман. 2019 йилда Россияда ишлаб юргандим. 2020 йил пандемия пайтида Россиядан уйимга келдим, кейин уйландим. Анча пайт ишсиз юриб, ўтган йилдан бери шу ерда ишлаяпман, – дейди зафарободлик Бобур Ҳолиқов. – 3 миллион маош олаяпман. Иш тажрибам ошгани сари маошим ҳам ортиб бораверади. Қолаверса, ишга бориб келиш учун махсус автобус ташкиллаштирилган. Икки маҳал иссиқ овқат берилади. Ана шу томонларини ва яқинларим, оилам бағрида бўлишимни ҳисобга олиб, келгусида ҳам шу корхонада ишламоқчиман.
Пресс-тур давомида “Ўзсаноатқурилишбанк”нинг Жиззах минтақавий банк тармоғидаги янгиликлар ва эришилган натижаларига бағишланган матбуот анжумани ҳам ўтказилди.
Унда журналистлар Жиззах минтақавий банк хизматлари офисида (БХО) шу йилнинг 6 ойи давомида кўрсатилган хизматлар ва уларнинг натижалари ҳақида маълумотга эга бўлди.
Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»



