Халқ таълими вазирлигига!
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги 425-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан, 2005 йил 21 декабрдаги 275-сонли қарорининг 4-бўлими 22-банди қуйидагича талқин қилинган: «Бўлиб ўқитиладиган фанлар бўйича гуруҳлардан бирининг ўқитувчиси турли сабаблар туфайли дарсда бўлмаган ҳолатларда гуруҳлар қўшиб ўқитилади ҳамда қўшиб ўқитганлиги учун қўшимча ҳақ тўловлари амалга оширилмайди».
Маълумки, умумтаълим мактабларида жисмоний тарбия (8-синфдан бошлаб ўғил ва қиз болалар гуруҳига бўлинади), информатика, рус тили, технология (5-синфдан бошлаб ўғил ва қиз болалар гуруҳига бўлинади), чет тиллари бўлиб ўқитилади.
Республикадаги айрим мактабларда чет тиллари инглиз – немис тиллари ёки инглиз – француз тиллари гуруҳларига бўлиб ўқитилади. Айтайлик, инглиз тили фани ўқитувчиси турли сабабларга кўра дарсда бўлмаса (касаллиги, малака оширишга кетгани, 2 йил бола тарбияси учун таътил олгани сабабли), болалар немис тили ўрганишадими? Ёки француз тилининг ўрнига инглиз тили ўқитиладими?
Таҳририятимизга келиб тушаётган мурожаатларга кўра, шу кунларда хорижий фан ўқитувчиси маълум сабабга кўра дарсда бўлмаган айрим мактабларда бундай муаммолар юзага келмоқда.
Баъзи мутасаддилар, айни вазиятда ечим сифатида синфга тўлиғича инглиз тили ўқитишни маслаҳат бераётган экан. Бу масалага ечим бўла оладими? Олти-етти йил немис тили ўқиган бола, саккизинчи синфдан инглиз тили ўқий бошлашини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ёки аксинча? Қолаверса, бу бола ҳуқуқларини чеклаш эмасми? Устига-устак, бу немис, француз тилларини ўқитиш қисқаришига олиб келмайдими? Унда бу фанлар бўйича ўқитувчилар тақдири нима бўлади? Фарзандларимиз инглиз тилидан ташқари яна ўнлаб тилларни билишса, бу мамлакатимиз иқтисоди, келажаги учун ҳам яхши эмасми?
Шундай экан, Вазирлар Маҳкамаси қароридаги ушбу бандни фанлар икки тилга бўлиб ўқитиладиган мактабларга татбиқ қилмаган маъқул. Ҳар ҳолда, бир-икки сўм маблағни иқтисод қилиш учун ёш авлоднинг билим даражасини (шундоқ ҳам аҳвол маълум) гаровга қўйиш адолатдан эмас!
Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
«Ishonch»
