Денов туманидаги Чўнтош маҳалласида яшовчи Абдураҳим Очилов 43 йилдан буён «Тўпаланг – Қоратоғ» ирригация тизимлари бошқармасида муҳандис-гидротехник бўлиб ишлайди. Маоши у қадар баланд эмас. Лекин борига шукур қилади. Қолаверса, имкон туғилиши биланоқ қўлига кетмон олиб, томорқасига киради. Унда турли маҳсулотлар етиштириб, оиласи эҳтиёжларини қондиради, ортиқчасини бозорга чиқаради. Топган пулига янги уйлар қуради, қўша-қўша машиналар олади, тўйлар қилади.
Зеро, томорқа бу оила учун ҳам даромад манбаи саналади. Шу боис турмуш ўртоғи Зубайда опа ҳам, ўғиллари Шерзод, Бекзод, Тўрабек ва келинлари Замира, Моҳичеҳра, Шаҳноза ҳам ишдан бўш вақтларида томорқа оралаб, Абдураҳим ака тайинлаб кетган юмушларни бажаришади.
Улар илгари бошқа маҳалладошлари қатори қулупнай етиштиришарди. Бундан ўн йилча бурун томорқанинг 10 сотихлик қисмида малина (хўжағат) ҳам парваришлай бошлашди. Тутсимон, майда ва тўқ қизғиш рангли мева берадиган бу ўта нозик ўсимликни ўстириш ва мўл ҳосил олиш машаққатлари қулупнайникидан асло кам эмас. Унинг тагини доимий равишда юмшатиб туриш, гўнг ва маъданли ўғитлар солиб, тез-тез суғориб туриш керак. Тикани кўплиги боис мевасини териб олиш ҳам анча мушкул.
Шунга қарамай, оила аъзолари малина етиштиришнинг уддасидан чиқишди. Биринчи йилиёқ яхшигина даромад орттиргач, фаолиятларини кенгайтиришга аҳд қилишди. Айни мақсадда ўзлари ўстирган хўжағатнинг серҳосил шохларидан кўчат тайёрлаб, 22 сотих майдонга ўтқазишди. Кейинчалик маҳалла фаоллари кўмагида «Яккатут» фермер хўжалигига қарашли бўлган, лекин фойдаланилмай ётган 50 сотих ерга ҳам эга бўлишди. Ҳозир қарийб бир гектар майдонда малина ва қулупнай парваришлашаяпти.
– Хўжағат кўчати учун зарур қаламчаларни томорқамизда ўсаётган буталарнинг серҳосил шохларини кесиб тайёрлаймиз, – дейди Абдураҳим ака. – Уларни ҳар йили кўклам бошида ва куз охирларида ерга қадаймиз. Март ойида экилгани ноябрда, ноябрда экилгани майда ҳосил беради. Ортиб қолган кўчатларимизни қўни-қўшниларга тарқатамиз.
Биз оила томорқасини кузатдик. Узунлиги 50, эни 1 метрлик эгатларга орасида 20-25 сантиметр жой қолдириб экилган малина буталари яхши қаралгани сабабли ғуж-ғуж ҳосил туккан. Меваси ҳар икки-уч кунда териб олинади. Эрта баҳордан то қиш бошлангунча салкам 5 тонна маҳсулот бозорга чиқарилади. Умумий даромад 120 миллион сўмни ташкил этади.
Бу йилги натижалар ҳам салмоқли бўлмоқда. Май ойидан ҳозиргача 3 тонна хўжағат 60 миллион сўмга сотилди. Оила аъзолари йил охиригача яна шунча даромад орттиришни кўзлаб туришибди. Лекин ўзлари ҳосил теримига аралашмайдилар. Харидор – «Буюк Ипак йўли» маҳалласида яшовчи тадбиркор Сожида Тилакова хўжағатни ўғиллари билан бирга териб олиб ва пластмасса қутиларга жойлаб, вилоятдаги бозорларга етказиб беради. Хонадон бекаси Зубайда опа эса келинларига бош бўлиб, ҳар мавсумда бу мевадан 500 банка мураббо тайёрлайди. Шамоллашга ва тумовга қарши табиий даво ҳисобланган бу қиёмнинг истеъмолчилари жуда кўп.
Абдураҳим Очиловнинг айтишича, сувсевар малина унумдор ерларда яхши ҳосил беради. Шу жиҳатдан олганда, «Чўнтош» маҳалласи атрофидаги далалар уни ўстиришга жуда қулай. Ариқларда доимо тиниқ ва зилол сув оққани учун малина йирик мевалар тугади.
Абдураҳим Очилов малинадан мўмай даромад орттираётганини эшитган маҳалла аҳлининг аксариятида ўз томорқасида хўжағат парваришлашга қизиқиш уйғонди. Ҳозир ён-атрофдаги 35 та оила шу иш билан шуғулланмоқда.
– Маҳалламиз ҳудудидан оқиб ўтувчи «Чилмироб» каналининг юқори қисмида бўш ётган лалми ерлар бор, – дейди туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчиси Шерзод Бўронов. – Эндиликда «Агрофруидфут» МЧЖ ишбилармонлари Беларусдан 160 минг туп серҳосил малина кўчатларини келтириб, ўша майдоннинг беш гектарига экишга ҳозирлик кўришаяпти.
Рустам ДАВЛАТОВ
«ISHONCH»



