Сабр дарахти

101

Саломат бормисан,
Ўзинг, азамат Гужум?
Барнобек ЭШПЎЛАТОВ

Хоразмлик азиз дўстим Иброҳим Собиров ҳовлисидаги салкам бир асрлик кўркам гужум дарахти соясида ўлтириб, каминани туғилган куним билан табриклади.
Дўстим айтиши билан сени эсладим – Гужум бобо! Дарҳол ёдимга тушдинг.

Бундан роппа-роса қирқ йил олдин сени кўрган, сенинг бўлиқ соянгдан баҳраманд бўлган эдим. Сен ҳам эсладингми? Сен ўшанда 60 ёшларда эдинг. Мен бор-йўғи 26 ёшда. Катта ва қайноқ ҳаётга вужудимда олов билан кириб келаётган пайтим. Ҳаёт шу қадар ­тошқин дарёга ўхшардики, бир зумда бу қирғоқдан нариги қирғоққа тезроқ ўтгим келарди. ­Қудратли сув оқизиб кетади, деган фикр ҳеч хаёлимга ҳам келмасди. Рўпарамдан бирор юксак тепалик ёки улкан қоя чиқиб қолса, тезроқ уни ҳам забт этгим келарди. Юрагимда гўё бургутнинг шижоати бор эди. Фақат менда унинг мус­таҳкам, ҳайбатли қанотлари йўқ эди, холос. Уча олмас эдим…
Ўшанда ҳар бир учратган одамим менга гўё мўъжиза бўлиб кўринарди. Суҳбатлашган, учрашган зотни фаришта, деб билардим. Ҳаётни яхшиликдан, тўғриликдан, самимиятдан иборат, деб ўйлардим.
Афсуски, ёшим ўтиб, давраларига кириб, яқиндан ҳамсуҳбат, ака-ука бўлиб билдимки, бу хаёллар шунчаки сароб экан. Одамларнинг ҳаммаси ҳам мен ўйлаганчалик фаришта эмаслиги аста-секин аён бўлди.
Аллоҳим йўл бермаган бўлса керак, ё тарбиям бошқача бўлганми, ножўя кимсаларга қўшилиб кетолмадим. Шунданми, каминага улуғ устоз­ларга шогирд бўлишдек бебаҳо бахт насиб этди. Уларнинг муборак дуоларига сазовор бўлдим. Улар иймонли, виж­донли ва катта истеъдод соҳиблари эдилар. Ўтган устозлар руҳига доимо дуолар қиламан. Ҳаёт бўлган устозларимнинг умрлари узоқ бўлсин, илоё!
Ҳаёт экан, ишонувчанлигим, тўғрилигим, очиқ кўнгиллигим сабабли айрим муттаҳамлар, такаб­бурларнинг қармоқларига тушиб, адашган пайт­ларим ҳам бўлди. Агар хатоларни тезроқ тузатсанг, у сенга катта сабоқ бўларкан!.. «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади», деганларидек, ёмонлардан йироқ бўлишга астойдил интилдим. Лекин ҳаётда яхши, самимий инсонлар ҳам бор экан. Улар билан дўст ёки ака-ука бўлиб кетишим тўғри йўл топишимда мададкор ва суянчиқ вазифасини бажарди. Улардан бир умр розиман.
Англадимки, ҳаётдаги муаммоларнинг муаммоси аслида одамнинг ўзи экан. Одам одамни тушунмай, англамай, танимай ўтиб кетар экан. Одам-­одамга дўст тутинаркан. Лекин бир-бирига чоҳ қазувчи ёки ҳасад қилувчи баъзан ­дўстинг ҳам бўлиб чиқиши мумкин экан.
Устоз Абдулла Ориповнинг «Огоҳлик» шеъри ёдимга тушди:
Кимдир бошқаларга тилар омонлик,
Кимдир соғинади фақат ёмонлик.
Бир қарасанг, ўхшаш ранги-рўйлари,
Бироқ тамом бошқа фикру ўйлари.
Сиртдагисин кўриб турибсан ҳар он,
Ичдаги олангдан огоҳ бўл, инсон.
Наҳот одам шунчалар ёвуз, такаббур ва лўттибоз бўлса?! Шоир куюниб ёзганидек, бир умр инсоннинг «ичидаги ола»сидан огоҳ бўлиш лозим экан…
Гужум бобо! Бироз мавзудан чиқиб кетган бўлсам, узр! Бунга сен сабабсан, сенинг ўша тангадай офтоб тушмайдиган сўлим ва салқин соянг сабаб. Мен бундай беғараз ва беминнат ­сояни кўрмадим. Соянгдан ўргилай сени, Гужум бобо! Сенинг ёшларингга етиб юриш илоё, бизга ҳам насиб этсин.
Айтишларича, гужум «гавжум» сўзидан олинган экан. Унинг соясида жон сақлаб гавжум бўлиб ўтирганлари учун шундай, деб аташгандир балки. Яна сен саховатли дарахтсанки, илдизларингдан ҳам ёш ниҳоллар ўсиб чиқаверади. Улар қачонлардир бир куни салобатли ва серсоя гужумларга айланишига шубҳа йўқ.
Гужумни баъзи жойларда қайрағоч ҳам дейишади. Қайрағочларнинг турлари кўп. Қайрағочдан иморатларнинг пойдеворига синч ўрнида фойдаланилган. Шунингдек, устунлар ҳам қайрағоч (гужум)дан ясалган.
Хоразм гужумларига аллақандай ҳашарот ёпишиб қирон келтирганидан ҳаммамиз ташвишдамиз. Дўстим Иброҳимнинг айтишича: «гужумнинг танаси ширин бўлса керак». Унинг бу гапида жон бор…
Яна бир гап: Илгарилари одамлар ҳам, гужумлар ҳам юксак, баланд-баланд, кўркам ва ҳайратли бўлар эди. Уларга ҳамманинг ҳаваси келарди.
Биласанми, Гужум бобо, одам бўлиб яралмаганинг сенинг энг катта бахтингдир. Эҳтимол, одам бўлганингда соянгни қизғанишинг, айрим муттаҳамларга ўхшаб уни пуллашинг мумкин эди. Энг даҳшатлиси, одам бўлганингда ҳасад ўтида ёниб, ёнингдаги ўзинг­­га ўхшаш гужумни чопиб ташлашинг ҳақиқатга яқин эди.
Ҳозир яхши ва ҳалол одамни топиш ноёб ҳодисага айланиб бораётир. Ҳар қадамда ёлғончилик, муттаҳамлик авж олиб бораётир. Илгарилари соддани бир-икки одам алдаган бўлса, ҳозир гуруҳ бўлиб, тўда бўлиб алдаётирлар…
Гужум бобо, сенга жуда-жуда ҳавас қиламан. Одамлар сенинг соянгдан баҳраманд бўлиб кетаётганларидан хурсандман. Баъзан ўйлаб қоламан, сенга ўхшаб одамларга зиғирдай фойдам тегдимикин? Мендан ҳам бирон-бир кимса миннатдор бўлганмикин? Сенга айтилганидек, менга ҳам «раҳмат» дейишганми?.. Сенга ўхшаб камтар-камсуқум бўла олдимми?
Биламан, сенинг хизматинг беминнат ва беғараз. Биз, одамлар бошқаларга данакдек хизмат қилсак ёки яхшилик қилишга интилсак, дарҳол айю­ҳаннос соламиз. Телевизорларга чиқиб мақтанамиз, матбуот­­да кўз-кўз қиламиз. Энг ёмони, ҳар қандай «холис» хизматимиз замирида тама бор, юлғичлик бор, миннат бор…
Сир эмас, айрим тоифаларнинг «бер-бер», «юл-юл», «тала-тала», «талон-торож» сингари очкўзлик иллатларини сен ҳам кўриб, лолу ҳайрон тургандирсан, дарахтим?!
Менинг қадрдон қиш­лоғим Жалойирда қадим гужумлар гуркираб ўсади. Улар ҳам Хоразм гужумларига ўхшаб сершох, серсоя, серилдиз. Уларнинг соя­ларида жон сақласа, ором олса, тафаккур қилса бўлади. Баъзан ўйлаб қоламан, бизнинг гужумлар эгизак эмасмикин?..
Жалойирнинг гужумлари орасида ҳам асрлар оша дадил ҳатлаб келаётган кўркам ва салобатли «оқсоқол»лари бор. Қиш­лоғимга борганимда ўша «нуроний» гужумлар соясида ёнбош­лаб, улар билан ҳаср­атлашаман, қувончларимни баҳам кўраман, ўгитларига қулоқ тутаман. Улар менга ҳамиша таскин сўзларини такрорлайдилар: «Сабр қил. ­Сабрдан яхшиси йўқ. Сукут сақла. Ўткинчи дунёнинг ишларига кўп ҳам ёниб-куйинаверма, қайғурма».
Гужумлар – сабр дарахти. Ернинг вазмин соқчилари ва сабр посбонлари.
Гужумларнинг беминнат соясида нафас ростлаймиз, мадад оламиз, юрак­ларимиз шижоат ва ғайратга тўлади, қалбимизда ишонч уйғонади.
Гужумлардан яшаш сир-асрорларини ўрганамиз. Бизга ҳаёт машаққатларидан, қувонч ва ташвиш­ларидан сабоқлар беради доно ва сабр гужумлари…
Жон дўстим Иброҳим, Сиз менга қирқ йил олдин кўрган забардаст гужумни эслатганингиз учун катта раҳмат! Ниятим: узоқ-узоқ йиллар ана шу улкан ва гўзал гужумнинг ­соясидан ҳамиша баҳраманд бўлаверинг. Бир-биримизни яхши кунлар, байрамлар, тўйлар билан унинг соясида қутлаб ­юришлар насиб этаверсин, илоё!.
Жон дўстим, Сизга гужумнинг умрини, ўзимга эса сабрини тилайман.

Ашурали ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист