Миллатни миллат ўлароқ таниш, тарихи, маданияти ва санъати билан яқиндан танишиш, қадриятларини тўла-тўкис идрок этиш учун, энг аввало, унинг тилини мукаммал билиш керак. Чунки тил миллатнинг ўлмас руҳи, асл қиёфасини ифода этувчи бетакрор тимсол, ўзлиги ва яшовчанлигининг ҳаққоний ифодасидир. Шубҳасиз, ҳар бир миллатнинг қадр-қиммати, ҳурмат-эътибори ўз она тилига муносабатида ёрқин намоён бўлади. Тил юрт, халқ ва миллатнинг шаъни, ғурури, орияту ҳамияти кўзгусидир.
Ўзбек тилининг маънавий илдизлари узоқ ўтмишга, аниқроғи, инсоният тамаддунининг илк даврларига бориб туташади. Буюк ўзбек мутафаккири ва шоири Алишер Навоий тилшуносликка бағишланган «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида туркий тилнинг пайдо бўлиш тарихини Нуҳ пайғамбарнинг ўғли Ёфас номи билан боғлайди: «Ёфасники, таворих аҳли (тарихчилар – М.А) Абут-турк битирлар». Замонавий ўзбек шеъриятининг забардаст вакилларидан бири она тилига бағишланган шеърида уни «Абут-турк нафаси, Олтой чечаги» дея васф этгани бежиз эмасди, албатта. Қолаверса, туркий тилнинг гўзаллиги ва тотли ифодаси Ўрхун-Энасой битиктошларидаги ёзувларда ҳам намоён бўлади. XI асрда улуғ элшунос ва тилшунос Маҳмуд Қошғарий «Девони луғотит турк» асарида тилимизнинг жозибасини, таъсир қувватини халқ мақоллари, маталлар, қўшиқ ва адабий парчалар орқали очиб берган. Тарихдан маълумки, туркий тил, хусусан, ўзбек тили биринчи марта XII асрда элхонийлар давлатида расмий тил сифатида қадрланган. 1485 йилда Ҳусайн Бойқаро салтанатида расман давлат тили ўлароқ муомалада бўлган. Тарих чархпалаги асрлар оша айланиб, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу Ҳақ ва Адолат тантанаси, ҳурлик ва эркинликнинг ибтидоси эди.
Тил – аждодлар ёди, ота-боболар ўгити, оналар алласи. Тил тафаккур калити, ижод ва илҳом булоғи, маърифату ирфон манбаидир. Тарихнинг оғир синовларидан омон келган метин иродали она халқимиз бу ҳақиқатларни билади, теран англайди ва мушоҳада қилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистоннинг замонавий демократик қиёфаси ҳам миллий-маданий қадриятлар билан мукаммал ва барқарор бўлмоғи муқаррар. Она тилимизга ҳурмат ва садоқат ҳисси эса ана шу қадриятларнинг энг гўзал намунасидир. Зеро Исҳоқхон Ибрат таъкидлаганидек, «ўз тилига садоқат – ватаний иш», улуғ масълият ва бурчдир. Шу маънода, Янги Ўзбекистонда ўзбек тилига эътибор ва ҳурмат ҳар қачонгидан кўра бир неча поғона юксалди, десак сира хато бўлмайди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ошиб бормоқда, бу борада миллий ҳамда халқаро даражада кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда». Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, мазкур фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти» ташкил этилгани, 21 октябрнинг Ўзбек тили байрами куни деб эълон қилингани юқоридаги фикрларнинг яққол исботидир. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 октябрдаги «Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлади. Мазкур фармонга мувофиқ, 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланиб, унда давлат тилини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари аниқ қилиб белгилаб берилди. Айни пайтда давлат тилининг софлигини сақлаш, таълим даргоҳларида она тилининг ўқитилиш сифатини юксалтириш ва ўзбек тилининг ички имкониятларини юзага чиқарувчи луғатлар яратиш борасида ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Мухтасар айтганда, мамлакатимизда ўзбек тилининг маънавий қадр-қимматини улуғлаш борасида амалга оширилган ишларнинг умумий чизгиларини қуйидагича кўрсатиш мумкин:
– ўзбек тилининг мавқеи давлат ва ҳукумат даражасидаги фармонлар билан белгиланиб, янада мустаҳкамланди;
– ўзбек тилини ривожлантиришнинг муҳим тамойиллари ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич амалий ҳаётга татбиқ этилмоқда;
– ҳар йили 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланмоқдаки, бу ёш авлодни улуғ аждодларимиз руҳига ҳурмат, ватанга садоқат, эртанги кунга ишонч руҳида тарбиялаш, халқимиз қалбида фахр-ифтихор туйғуларини янада жонлантиришда алоҳида аҳамият касб этмоқда;
– «Ўзбек тилининг изоҳли луғати», «Ўзбек тилининг синонимлар луғати», «Ўзбек тилининг имло луғати», «Навоий тили луғати» ва бошқа ўзбек тили ички имкониятларини юзага чиқарувчи луғатлар яратилди ва бу борадаги ишлар жадал давом этмоқда;
– ўзбек тили илмий тил, интернет тили сифатида ҳам ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда.
Тўғри, она тилимизга бўлган муносабатимиз, жумладан, таълим даргоҳларида унинг ўқитилишини янада чуқурлаштириш, айниқса, имло саводхонлиги, нутқ маданияти, ўзбек тилининг софлиги масаласида ҳал қилиниши лозим бўлган қатор муаммолар мавжудки, булардан сира кўз юмиб бўлмайди. Шунингдек, ёшлар орасида чет тилларни ўрганишга бўлган иштиёқ, саъй-ҳаракатлар ҳар қачонгидан-да устунлик қилаётган бугунги шиддатли замонда она тилимизнинг шаънини ҳимоя қилиш, қадрини улуғлаш ҳам муқаддас бурчимиздир.
Мақсуд АСАДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар академияси
Ўзбек тили, адабиёти ва
фольклори институти
бўлим бошлиғи, филология
фанлари доктори
