Бу сарлавҳа кимгадир жуда сийқа бўлиб туюлаётганини сезиб турибман. Ахир, у кўпроқ шоирларга нисбатан ишлатиладиган ифода эди-ку, деб ўйлаётганлар борлигини ҳам яхши биламан. Лекин…
Филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги Воҳид Абдуллаев ҳақида сўз юритилаётгани учун мақолага бундан кўра мосроқ сарлавҳа топа олмадим.
Бу олим хусусида «Ўзбекистон миллий энциклопедияси»да негадир жуда қисқа ва чала маълумотлар берилган.
Воҳид Абдуллаев 1912 йил 15 майда Самарқанд шаҳрида туғилиб, 1985 йил 30 июлда 73 ёшида шу ерда вафот этган. У Фарғона педагогика институти (ҳозирги ФарДУ)ни битиргач, Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти аспирантурасида таҳсил олган. Бухоро ва Самарқанд педагогика институтлари ҳамда Самарқанд давлат университети (СамДУ)нинг «Ўзбек адабиёти» кафедраларида ишлаган, узоқ вақт уларга мудирлик қилган. 1963 – 1970-йилларда СамДУ ректори бўлиб ишлаган. 1941 йили «Алишер Навоийнинг ҳаёти ва Самарқанддаги адабий фаолияти» мавзусида номзодлик, 1959 йили «XVII – XVIII асрларда Хоразмда ўзбек адабиёти» мавзусида докторлик диссертацияларини ёқлаган. Бир йилдан сўнг профессор илмий унвонини олган. Ўша даврдан эътиборан Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, 1966 йили эса ҳақиқий аъзоси этиб сайланган. 1973 йили Ўзбекистон фан арбоби мақомига эришган.
Воҳид Абдуллаев 18 ёшидан эътиборан шеър ва илмий мақолалар ёза бошлаган. Унинг «Самарқанд сайли», «Бедор қўшиқлар» шеърий тўпламлари чиққан. «Навоий Самарқандда», «Нишотий ва унинг «Ҳусни дил» достони», «Хоксор ва унинг «Мунтахаб ул-луғот» китоби», «Нишотий ва Хоксор», «Сайланма», икки жилдлик «Танланган асарлар»и ва бошқа китоблари нашр этилган.
ХХ аср ўзбек адабиётшунослигида бир нечта буюк воқеа юз берди.
Биринчиси – олий таълим муассасалари талабалари учун энг қадимги замонлардан ХХ аср бошларигача бўлган даврни қамраб олган учта китобдан иборат «Ўзбек адабиёти тарихи» дарслиги яратилди. Натан Маллаев унинг XVII асргача бўлган даврни қамраб олган биринчи китобини ёзди. Воҳид Абдуллаев XVII асрдан XIX асрнинг иккинчи ярмигача бўлган давр ёритилган иккинчи китобни тайёрлади. Учинчи китоб Ғулом Каримов қаламига мансуб бўлиб, XIX асрнинг иккинчи ярмидан XX аср бошларигача бўлган давр адабиётини ўрганишга бағишланган.
Иккинчиси – 5 жилдлик «Ўзбек адабиёти тарихи» жамоа тадқиқоти нашр қилинди.
Учинчиси – 2 жилдлик «Адабиёт назарияси» жамоа тадқиқоти чоп этилди.
Дастлабки икки тарихий нашрнинг юзага келиши бевосита академик Воҳид Абдуллаев номи ва фаолияти билан боғлиқ. Тилга олинган дарсликнинг унинг қаламига мансуб иккинчи китобида ўзбек адабиётининг 270 йиллик тарихи ёритилган. Мактаблар учун «Ўзбек адабиёти» ўқув дастури (1991, 2006)ни, «Ўзбек адабиёти» мажмуаси (10-синф, 1993, 1995, 1997)ни, «Одобнома» (4-синф, 2009) ва «Адабиёт» (8-синф, 2006, 2010, 2014, 2019) дарсликларини тузишда иштирок этган мутахассис сифатида айтаманки, дарслик ёзиш – айтишгагина осон иш.
Воҳид Абдуллаев ўша дарсликни тайёрлаган шароит билан ҳозирги илмий ижод шароитини ёнма-ён қўйиб ҳам бўлмайди. У замонларда камида уч жиҳатдан аҳвол жуда оғир эди.
Биринчиси – мумтоз шоир ва ёзувчилар асарларининг ҳали ҳаммаси ҳам чоп этилмаган, кўпроқ қўлёзма ва тошбосма китоблардан фойдаланишга тўғри келарди. Бунинг учун адабиётшунос кутубхона ва қўлёзмалар хазиналарида ишлашга, факсимиле ва фотонусхалардан фойдаланишга мажбур бўларди.
Иккинчиси – бу қалам соҳиблари ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳозирги даражада диссертациялар ёзилиб, ёқланмаган, ушбу соҳа тамоман бир очилмаган қўриқ янглиғ эди.
Учинчиси – шунча илмий матн ручка билан битилар, машинкаланар, ундан кейин қўлда олмосу резинкаю елим билан қўлёзма матнга қиёсан ўқиб чиқилиб, хатолари тузатиларди. Камина ана шу 5 жилдлик «Ўзбек адабиёти тарихи» жамоа тадқиқоти тайёрланган Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг Ўзбекистон фан арбоби, профессор Абдуқодир Ҳайитметов мудирлигидаги ўзбек мумтоз адабиёти тарихини ўрганадиган бўлимда 1976 – 1980-йилларда ишлаганман. Ҳар бир жилд машинкада 750 бетдан 1000 бетгача эди. Ана шу 5 жилдни бошдан-охир муаллиф ёзган қўлёзмага қиёсан ўқиб, хатоларини тузатиб, машинкаланган матнни нашриёт учун тайёрлашда бевосита иштирок этганман. Шу баҳонада ўзбек адабиёти тарихининг бошидан кириб, охиридан чиқишга ҳам тўғри келган, албатта.
Воҳид Абдуллаев дарслиги XVII асрнинг бошидан XIX асрнинг 70-йиллари, яъни рус босқинига қадар бўлган 270 йиллик, «Ўзбек адабиёти тарихи» жамоа тадқиқоти 3-жилди эса XVI аср бошидан XVIII асрнинг 70-йилларигача бўлган 270 йиллик даврни қамраб олади. Ўзаро қиёсласак, бу икки китобда шундан 170 йил, яъни XVII аср тўлиқ, XVIII асрнинг эса дастлабки 70 йили айнан бир даврни ташкил этади. Шунинг учун дарсликда ҳам, 3-жилдда ҳам, жумладан, Турди Фароғий, Бобораҳим Машраб, Паҳлавонқули Равнақ, Муҳаммадниёз Нишотий, Ҳувайдо каби шоирлар ҳаёти ва ижоди ўрганилган.
Воҳид Абдуллаевнинг докторлик диссертациясида ҳам айнан XVII – XVIII асрлардаги Хоразм ўзбек адабиёти таҳлил қилинган.
Бу нимадан далолат беради? Бу олимнинг ўз олами борлигини, ўз тадқиқот майдони, шуғулланган даври, илмда муайян йўналиши мавжудлигини кўрсатади. Айнан шунинг учун ҳам Фанлар академиясининг тадқиқот институти 3-жилднинг масъул муҳаррирлигини ҳам, амалда бу китобни тайёрлаш масъулиятини ҳам Воҳид Абдуллаев раҳнамолигидаги Самарқанд давлат университети адабиётшунослари зиммасига юклаган. 3-жилд, бошқа жилдлардан фарқли равишда, Фанлар академиясининг ҳозирги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти ҳамда Самарқанд давлат университети грифи билан чиққан. Жилдга Воҳид Абдуллаев масъул муҳаррирлик қилган. Китобнинг Воҳид Абдуллаев ёзган қисмларини профессор Ботирхон Валихўжаев таҳрирдан ўтказган. Энг муҳими, китобнинг асосий қисмини СамДУ профессор ва доцентлари ёзишган.
Воҳид Абдуллаев «XVII – XVIII асрларда ўзбек адабиёти» бўйича «Тарихий шароит ва маданий ҳаёт», «Тазкиранавислик», «Бадиий адабиёт» обзор бобларини, шунингдек, Раҳмонқул Орзибеков, Қобилжон Тоҳировлар ҳамкорлигида «Халқ китоблари» бўлимини, Раҳмонқул Орзибеков билан бирга «Ҳувайдо» бобини қоғозга туширган.
Ботир Валихўжаев китобнинг XVI аср ўзбек адабиётига бағишланган 1-қисмидаги «XVI асрда Мовароуннаҳрда ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёт», «Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди» бўлимларини ёзган.
Қобилжон Тоҳиров, юқорида саналган ҳамкорликдаги бобдан ташқари, «Нурмуҳаммад Андалиб», «Абулғози» бобларини битган, шунингдек, шу 3-жилдни нашрга тайёрлаган.
Китобни яратишда Бухоро давлат университети доцентлари ҳам иштирок этишган. «Паҳлавонқули Равнақ» боби – Ойтўра Расулова, «Роқим» боби – Мунира Қосимова қаламига мансуб. Бу икки олима ҳам Воҳид Абдуллаевнинг илмий раҳбарлигида Самарқандда диссертация ёқлаган.
3-жилдда Фанлар академияси олимларидан Ҳомил Ёқубов («Турди Фароғий» боби), Абдурашид Абдуғафуров («Бобораҳим Машраб» боби) ва Марғуба Мирзааҳмедова («Хожа» боби) иштирок этган, холос. «Муҳаммад Солиҳ» ва «Мажлисий» боблари ҳозирги Фарғона давлат университети доценти Акрамжон Иброҳимовнинг изланишлари маҳсулидир.
Бугун «Ўзбек адабиёти тарихи» бўйича 3 та китобдан иборат дарслик ва 5 жилдлик жамоа тадқиқотида адабиётга ўша давр ҳукмрон мафкурасидан келиб чиқиб ёндашилганини ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин, очиғини айтганда, ўзбек мумтоз адабиёти бўйича ҳали олий таълим муассасалари талабалари учун бундай тизимли дарсликлар ҳам, бундай тизимли илмий-тадқиқий тарих ҳам яратилгани йўқ. Бу эса уларнинг ўз даврида қандай катта иш сифатида юзага келганини тўлиқроқ тасаввур қилишимизни осонлаштиради.
Бу икки нашр ўзбек халқ китобларининг ҳам ўзбек ёзма адабиёти, ҳам фольклорнинг қоришма, яъни синкретик маҳсули сифатида таҳлил этилгани билан ўта аҳамиятлидир. Айрим тадқиқотлар яратилгани билан, бизда ҳали-ҳануз халқ китоблари тўлиқ, ҳар тарафлама ўрганилмаган.
Бу таҳлиллардан академик Воҳид Абдуллаев ўзидан ҳар қандай олим ҳавас қилса арзийдиган илмий мерос қолдиргани аёнлашади. Биринчидан, тадқиқотчининг ўз қизиқиш доираси бор эди. Иккинчидан, атрофига салоҳиятли тадқиқотчиларни тўплар, шогирдларига ҳам имкон қадар шу йўналиш бўйича мавзулар тавсия этарди. Учинчидан, нисбатан кам ўрганилган даврни, адабиёт тарихининг қоронғи нуқталарини ёритишга қаттиқ бел боғлаганди.
Имкониятдан фойдаланиб, икки оғиз устоз ҳақидаги хотиралардан ҳам сўзласам. Мен ана шу 3-жилднинг институтда тайёрланган ва машинкаланган вариантини кўтариб, Самарқандга борганман. Масъул муҳаррир таҳриридан кейин уни олиб кетиш учун яна Самарқандга хизмат сафарига жўнатишган. Ўша куни домланинг ижодий кунлари экан. Бир талаба ҳамроҳлигида уйига бордим.
Устоз қарийб неваралари тенги каминани иззат-икром билан кутиб олдилар. Ҳовли ўртасида бир шинам ҳовузни, дарахт остида шаҳло кўз бир кийик боғланганини кўрдим. Узун меҳмонхонага кирдик. Ўртага теннис столича келадиган жуда катта стол қўйилган. Усти китоблар, ҳар хил қоғозлару газеталар тахламлари билан тўлган. Бир чеккасида дастурхон ёзишга озгина жой бор, холос. Чинакам олимнинг «устахона»си ҳамиша шундай бўлади ўзи. Меҳмонхона билан ошхона ўртасида овқат узатишга мўлжалланган туйнук бор экан. Ўша ердан ул-бул нарсалар узатилиб турди. Уларни олиш учун ўрнимдан қўзғалдим. Устоз асло унамадилар. Ҳар гал ўзлари туриб, олиб келиб, дастурхонга қўйдилар. Хижолатдан ер ёрилмади, мен кирмадим.
– Аввало, сиз – меҳмон, биз – мезбон, қолаверса, сиз – бухоройи шарифликсиз, – деганлар ўшанда Воҳид Абдуллаев.
Институтимизга тез-тез келиб турардилар. Кўпинча эрталаб поезддан тушиб, тўғри Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи бўлимига кириб келардилар. Салом-аликдан сўнг хонадагиларга иккитадан ёнғоқ берардилар. Ҳар гал чўнтаклари тўла ёнғоқ бўларди. Кўпинча:
– Энди, укалар, биргаликда нонушта қиламиз, – деб, бизни Фанлар академияси раёсатининг ошхонасига чорлардилар. Очиғи, мезбонлар меҳмонга эмас, аксинча, меҳмон мезбонларга ҳиммат кўрсатарди.
Домла ҳар гал олма шарбати ичидаги мевасини санчқи билан олиб, истеъмол қилар эдилар.
– Буни қолдириш исрофга киради, – дердилар.
У киши ҳақида шу билганларим асосида ёшлигимда: «Муомала маданиятини, камтарлигу тавозени Воҳид Абдуллаевдан ўрганиш керак», – деб ўйлардим. Чунки ўша авлод олимларининг юксак маданиятию камтарлиги биз учун чинакам ўрнак эди. Ҳозир умрида биров қойил қолиб ўқийдиган иккита мақола ёзганми-йўқми, Худо билади-ю, ўзини осмон тутадиган айрим ҳамкасбларни кўрсам, очиғи: «Булар Воҳид Абдуллаевларни кўрмаган-да», – деган фикрга бораман.
Илм – тадрижий жараён. Ифодали қилиб айтилса, фаннинг муайян соҳаси олимлари ҳамкорликда бир бутун иморат қуради. Эсдан чиқармайликки, бу иморатнинг биз турган қавати остида яна неча-неча қават бор. Шу маънода фанимизнинг Воҳид Абдуллаев каби биздан олдинги заҳматкашлари ҳаёти ва ижодини ўрганиш фақат уларни хотирлаш, хизматларини қайд этиш, меросини маънан қадрлаш учунгина эмас, балки фанимизни бундан кейин ҳам ривожлантириш учун сув билан ҳаводек зарур!
Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими



