Сарвиноз энди сарсон бўлмайди

79

Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмаси ходимаси Сарвиноз Худойбердиева Ўзбекис­тон касаба уюшмалари Федерациясининг «Хотин-қизлар муаммолари бўйича 1211 ишонч телефони»га қўнғироқ қилди. мурожаатида у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганини таъкид­лаб, ишга тикланишда амалий ёрдам сўради.

Маълум бўлишича, меҳнат шартномаси Меҳ­нат кодексининг 100-мод­даси 2-қисми, 4-бандига асосан, яъни ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузгани сабабли бекор қилинган. Бироқ бош шифокор меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқда Меҳнат кодексининг 237-моддаси 1-қисми талабини инобатга олмаган. Унга кўра, ҳомиладор ҳамда уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхона бутунлай тугатилаётган ҳолларда эса меҳнат шартномаси бундай тоифадаги аёлларни, албатта, ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилиниши мумкин. Ҳозирда С.Худойбердиеванинг қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанд бор. Энг кичик фарзанди уч ёшга ҳам тўлмаган.
Аниқланган ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Респуб­лика кенгашининг Сирдарё вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори Абдураҳим Албеков иш берувчига мурожаат муаллифини ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқни бекор қилиб, ходимга мажбурий прогул даври учун пул маблағи тўлаб берилиши лозимлиги ҳақида кўрсатма хати юборди.
Мазкур кўрсатма ижроси таъминланди: ходим ўз вазифасига тикланиб, унга мажбурий ишга келмаган даври учун 937 минг сўм миқдоридаги пул маблағи тўлаб берилди.

Озода МАМАДАЛИЕВА
«ISHONCH»