Бугун пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Конституциямизнинг 30 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси томонидан тадбир ташкил этилди. Унда босма ва интернет нашрларида фаолият юритаётган бир гуруҳ журналистларга «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишонлари топширилди.

Тадбирда таъкидландики, сўнгги икки йилда журналистларга кўрсатилаётган эътибор давлат сиёсати даражасига чиқди. Хусусан, 200 дан ошиқ ОАВ ходимлари турли даражадаги давлат мукофотлари билан тақдирланди. Шу кунларда ҳам жойларда мамлакатимизнинг етакчи босма ва интернет нашрлари, телевидение, радио, нодавлат оммавий ахборот воситаларда меҳнат қилаётган 300 нафар ҳамкасбимизга «Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги» эсдалик нишонлари топширилмоқда.
– Мен 40 йилдан бери “Овози тожик” газетасида фаолият юритаман, – дейди Саодат Бекназарова. – Албатта, ҳар қандай эътироф кўнгилни кўтаради. Шахсан Президентимиз имзоси қўйилган кўкрак нишони соҳиби бўлиш кишида ўзгача фахр уйғотади. Мен ҳам бундай шарафга лойиқ топилган ҳамкасбларим сафида эканимдан жуда хурсандман.
Маросимда “Халқ сўзи”, “Янги Ўзбекистон”, “Маърифат”, “Ҳуррият” каби кўпгина даврий босма нашрлар қаторида «Ishonch» газетаси таҳририяти ходимлари ҳам тақдирланди. Ушбу нишонга сазовор бўлган ҳамкасбларимиз – Салим Абдураҳмонов, Дилором Ҳудойберганова ва Дурдона Қудратоваларни чин дилдан қутлаймиз!
Зебо НАМОЗОВА,
“ISHONCH”



