Асрни илмга айлантирган олим

168

Атоқли адабиётшунос олим Иззат Султон Наим Каримов тўғрисида фикр билдирар экан, «Бутун бошли бир давр адабиёти ҳақида тўла тасаввурга эга бўлган, ҳар бир давр, ҳар бир ҳодисага илмий баҳо бера оладиган мутахассис етишиб чиққанидан бениҳоя хурсандман», деган эди.

Бизнинг назаримизда, Наим Каримов ҳақидаги бу юксак эътироф ва унга берилган холис баҳо бугун ҳам ўз моҳиятини йўқотмаган, аксинча, янада теран, янада кенгроқ аҳамият касб этмоқда. Ўз даврида адабиётшунослик дарғаларидан саналган академик Иззат Султон айтганидек, нафақат ХХ аср, балки ХХI аср ўзбек адабиёти тарихини ҳам биз Наим Каримовсиз тасаввур эта олмаймиз. Чунки бу эътирофгача бутун бош­­ли бир давр адабиёти ҳақида яхлит тасаввур бера оладиган, берганда ҳам илмий аҳамиятга молик фундаментал тадқиқот, фундаментал изланишлар бўлмаган.
Тўғри, ўша пайтлар у ёки бу адабий фигура, ижодкор мероси ўрганилган, бироқ бутун бошли бир давр адабий жараёнлари яхлит тадқиқ этилмаган. Демак, Наим Каримов илмий мероси кенг кўламлилиги, катта бир даврни қамраб олгани, ҳар бир даврга илмий нуқтаи назардан ёндашилгани билан ажралиб туради. Шунинг учун ўша даврда улғайган, тадқиқотлар олиб борган устоз адабиётшунослар, илм аҳлининг эътироф­ларига сазовор бўлган.
Наим ака ўта камтар ва хокисор олим. Бу камтарликка қаноат қилиш, хокисорликни ўз маънавияти мезонига айлантириш учун одамга илмнинг ўзи камлик қилади. Бу оилавий муҳитда олинган тарбия, маданият ва одамнинг ички «Мен»и билан ҳам боғлиқ.
Наим Каримов Абдулла Қодирий ва Тошкент адабий муҳити хусусидаги тадқиқотида шундай деб ёзади: «Нафақат асарлари тор давраларда севиб ўқилган қалам аҳлининг, балки жаҳон адабиёти тараққиётига катта ҳисса қўшган ёзувчиларнинг шаклланишига ҳам адабий муҳитнинг таъсири катта бўлади. Ёзувчи қанчалик истеъдодли бўлмасин, дунёқарашининг ­шаклланиши ва бадиий маҳоратининг камол топишида нафақат у таҳсил олган ўқув мас­канлари, балки у мансуб бўлган адабий муҳитнинг ҳам муносиб ўрни бор».
Буни олимнинг ўзига нисбатан ҳам айтиш мумкин. У бошқа оилада, бошқа муҳитда улғайганида, эҳтимол, бошқа бир Наим Каримовга дуч келармидик?!
Наим аканинг отаси Фотиҳ домла йирик физик олим эди. Шунингдек, адабиёт шайдоси, муҳиби бўлган. Наим акадаги адабиётга ҳавас, ўзгача чексиз муҳаб­бат, эҳтимол, отасидан, онаси айтган аллалардан ўтгандир?
Фотиҳ домла адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов каби ёшларга физикадан сабоқ берган. Кейинчалик эса Озод домла Наим Каримов билан ҳаммаслак бўлган, талабаларга устозлик қилган.
Наим ака болалик чоғлари уйида китоб­лар кўп бўлганини, бу хонадонга адабиётчилар, шоир-ёзувчилар, академик олимлар тез-тез келиб, гурунглашиб туришганини ўзаро суҳбатларда гапириб берган. Ана шундай мулоқотлар унинг келажакда нафақат адабиётшунос, балки мусиқа, кино, театр соҳасини ҳам теран тушунадиган етук олим бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этган. Бошқача айтганда, Наим аканинг болалик пайтидаги Тошкентда тамомила бошқача муҳит ҳукмрон бўлган. У даврда, бир жиҳатдан Чўлпон, Қодирий каби миллат зиёлилари бошида қатағон қиличи айлана бошлаганди, айни чоғда, улар эл орасида машҳур бўлиб, адабий жамоатчиликка таъсири катта эди.
Наим аканинг Чўлпон ва Қодирий каби адибларга меҳри бўлакчалиги сабабларидан бири ҳам айнан болалигида олган таассуротларига боғлиқ. Бу хотиралар устознинг изланишларида яққол бўй кўрсатиб туради: «Беҳбудий ўткир публицистик мақолалари билан миллат қўлига Эрк, Ҳуррият ва Маърифат байроғини тутқазди. У «Падаркуш» драмаси билан миллий ­театр санъатига тамал тошини қўйди. Абдулла Қодирий «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» асарлари билан нафақат ўзбек, балки Ўрта Осиё халқлари адабиётида романчилик мактабига асос солди. Чўлпон Фитрат билан бирга ўзбек шеъриятини янги бадиий уфқларга олиб чиқди, ёш ўзбек драматургиясига шекс­пирона қаҳрамонлар ва мавзуларни олиб кирди… Аммо даврнинг қонсираб турган ўроғи уларнинг ҳар бирини айни ижодий кучга тўлган қирчиллама ёшида ўриб-­юлиб кетди».
Наим аканинг болалиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган. У ҳаётнинг энг қийин ва оғир дамларини бошидан кечирган. Эҳтимол, кейинчалик бир умр хокисорлик туғини баланд кўтариб юришида ўша кунларнинг ҳам таъсири бордир?!
Олим нафақат кўплаб илмий мақола ва тадқиқотлари, балки Чўлпон, Ойбек, Шайхзода, Миртемир ва Усмон Носир ҳақидаги маърифий романлари билан ҳам ном қозонди. Маърифий роман ҳақидаги тушунчаларимизни янгилади. Бу романлар шунчаки фактлар, ҳаётий воқелик баёни эмас, қаҳрамоннинг қалб туғёни, ҳаяжони, ҳиссиёт ва кечинмалари, заиф ва буюк хислатлари билан ҳам қизиқарли эканини исботлай олди. Асарлари қаҳрамонларини оддий одамдек тушунди, оддий одамдек ёндашди ва буюк ижодкорларга хос мантиқ, катта бир кўнгил билан ёритиб берди.
Наим Каримовнинг бошқа тадқиқотчилардан фарқи тарихни яхши билишида. «Тарих фани – аниқликни талаб қиладиган фанлардан бири, – деб ёзади у. – Агар мунажжим учун Қутб юлдузи қаерда, қайси юлдузлар шодасида жойлашгани, космик парвоз билан шуғулланувчи олим учун ракета қандай ва қанча ёнилғи билан таъминланиши қанчалик муҳим бўлса, тарихчи учун машҳур тарихий шахсларнинг қачон ва қаерда туғилгани, оламшумул тарихий воқеаларнинг қачон ва қаерда содир бўлгани сингари факт­ларни аниқ билиш шунчалик зарурдир».
Наим ака ҳар бир адиб ижодини ўз давридан келиб чиқиб, ўша замоннинг тарихий воқеалари билан боғлиқ ҳолда тадқиқ этади. Бирорта фактни, кичик детални ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Абдулла Қодирий бўладими ёки Чўлпон, ҳар бир далилни бош­­қа манбалар билан қиёслаган ҳолда ўрганиб, кейин хулоса чиқаради. Абдулла Қодирий ҳақида ёза туриб «Амир Умархоннинг канизи» деган асар ёзилганми, йўқми, деган саволни қўяди. Гарчи Абдулла Қодирий архивини синчиклаб ўрганган бўлса-да, фақат шу билан чекланиб қолмайди, ушбу мавзуга ойдинлик киритиши мумкин бўлган бошқа кўплаб манбаларга ҳам мурожаат қилади.
Ёки бўлмаса, Абдулла Қодирий ва мусиқа ҳақида гапирар экан, мусиқанинг адиб ҳаётида тутган ўрни, ижодий меросига, асарлари поэтикаси, тили ва услубига таъсири ҳамда ёзувчининг асарлари асосида юзага келган мусиқий мерос масалаларига атрофлича тўхталади.
Абдулҳамид Чўлпон ҳақида нечоғли кўп ёзилган бўлмасин, Наим Каримовнинг «Чўлпон» маърифий романини бошқача бир кайфият, бошқача бир руҳият билан ўқийсиз. У шоирнинг «Хазон» шеърига тўхталиб, бу шеър 1923 йил ёзида «босмачилик ҳаракати»га барҳам бериш мақсадида Андижондаги «Дархон» газетасида нашр этилгани, шўро давлати билан муроса қилишга мажбур бўлган шоирнинг изтироблари сабабига ойдинлик киритиш билан бир қаторда, шеърни чиройли таҳлил қилиб беради:
«Гезариб қолдилар куз чоғи тупроқлар…
Бир поэтик фикрнинг икки марта такрорланиши ва шоирнинг «гезариб» сўзига алоҳида урғу бериши натижасида шеърий сатрлардаги ҳазин мусиқа янада кучайиб, сизнинг юрагингизни тирнай бошлайди. Сиз ўзингизни заъфарон барглари ҳам тўкилиб, яланғочланиб қолган етим табиат бағрида қолгандек ҳис этиб, юрагингиз увишиб кетади. Чўлпон шундай бадиий эффектга севимли поэтик усули – чертиб танланган сўзлар шодасини ўзга бир йўсинда такрорлаш орқали эришади».
Чўлпонга ўхшаш шоирлар шеърларидаги фалсафани, моҳиятни, бадииятни англаш учун тадқиқотчи шоир, шеърият сирларидан, мумтоз ва жаҳон адабиё­­ти намуналаридан бохабар бўлиши керак. Наим ака ҳам, гарчанд эълон қилмаган бўлса-да шеърлар ёзган. Ижодкорлиги, шоирлиги ҳар бир илмий мақоласида сезилиб туради. Дунё адабиётидан хабардорлиги ХХ аср адиблари меросини жаҳон адабиётшунослиги ракурсида баҳолашида намоён бўлади.
ХХ асрнинг иккинчи чораги мураккаб, зиддиятли бўлиши билан бир қаторда, бу даврда юзага келган адабиётдаги янгиланиш жараёни Ойбек ва Ғафур Ғулом каби ижодкорлар номи билан боғлиқ. Наим Каримов тили билан айтганда, «Бу авлод устозлар қатл этилганларидан кейин улар бошлаган ишни давом эттириб, ўзбек адабиётини жаҳон бадиий мадания­­ти «газ»и билан ўлчанадиган асарларни яратишлари лозим эди».
Улар эришган ютуқлар, кўрсатган жасоратни олим ўзининг Ойбек ва Ғафур Ғулом ижодига тааллуқли изланишларида, «Ойбек» маърифий романида атрофлича ёритган. Ойбек ҳақидаги ҳар бир сатрда олимнинг ижодкорга буюк муҳаббати сезилиб туради. «Мақсуд Шайхзода», «Миртемир»да эса чуқур илмий билимга эга, ўз замонасининг улкан зиёлилари билан бирга муҳит азобларидан руҳан қийналган шоир юраги, изтиробини ҳам кўрамиз.
Наим аканинг халқ оғзаки ижодига меҳри баланд. Бу Ҳамид Олимжон, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Миртемир ҳақидаги тадқиқотларида яққол сезилади.
Ҳамид Олимжон Фозил Йўлдош ўғли билан узоқ йиллар ҳамкорлик қилган. «Алпомиш» достонини ҳам дастлаб нашрга тайёрлаган. «Куйчига» деган шеърида бахшига катта баҳо берган. Ойбек, Мақсуд Шайхзода шеърларида халқ оғзаки ижодининг таъсири сезилиб туради. Қолаверса, Мақсуд Шайхзода фольклор бўйича махсус изланишлар олиб борган. Шоирнинг «Ширин ва Шакар» достони хусусидаги тадқиқоти достоннинг тарихий илдизларини, эпос бадииятини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида «Алпомиш» дос­тони тақиқга учрайди. Нашрлари тўхтатилади, унга бағиш­ланган тадқиқотлар эълон қилинмай қўяди. Бу борада айрим олимлар вақтли матбуотда «довруқли» чиқишлар қилишади. Катта-катта минбарлар ва турли йиғинларда мазкур масала кенг муҳокамага қўйилади. Наим Каримов ана шу давраларда айтилган гаплар баёнини, вақтли матбуотдаги чиқишларни бирма-бир синчиклаб ўрганиб, фольклоршунослик тарихи учун муҳим бўлган тадқиқотини яратади.
Маълумки, охирги пайтларда мамлакатимизда адабиёт ва санъатга эътибор янада кучаймоқда. Адиблар хиёбонининг қад ростлаши, Абдулла Қодирий уй-музейи каби ўнлаб маданий муассасаларнинг барпо этилиши ана шу юксак эътибор маҳсулидир.
Яна бир гап. Ҳозир ижодкорларимиз қатори адабиётшунос олимларимиз ҳам янги бир фаоллик даврини яшамоқда. Мўътабар ёшни қаршилаётганига қарамай, Наим Каримов энг фаол олим сифатида бугунги кунда ҳам ёшларга ўрнак бўлмоқда. Юзлаб мақолалари, «Худойберди Девонов», «Абдулла Қодирий замондошлари» қомуси, «Усмон Носир» каби маърифий романлари олимнинг сўнгги йиллардаги ижоди намуналаридир. Уларни яратиш учун муаллиф узоқ тайёргарлик кўрган. Олимнинг бутун ҳаёти ушбу китобларда акс этган воқеалар, далиллар, таҳлиллар билан бевосита боғлиқ десак, хато қилмаймиз. Бу асарлар оддийлиги, соддалиги, далиллари тўлақонлилиги, фундаменталлиги ва қомусийлиги билан ажралиб туради.
Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров Наим Каримовга «Тошкент телеминорасининг баландлигидан ошириб китоблар, рисолалар, тадқиқотлар ёзган», дея таъриф беради. Бу таърифда унчалик муболаға йўқ. Наим Каримов яратган илмий асарлар узун ва катта бир рўйхатни ташкил этади. Унга олимнинг хорижда чоп этилган мақола ва китобларини ҳам қўшсак, салмоғи янада ошади.
Туркиялик машҳур адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Шуяб Қорақош Наим Каримовнинг «Чўлпон» романини турк тилига маҳорат билан таржима қилган. У китобдан олган таассуротларини ҳозир ҳам талабаларига завқ-шавқ билан сўзлаб беради.
Юзлаб ижодкорларнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги бир асрдан ошиқроқ давр «сирлари»ни ёруғликка чиқарган, уни қомусий билимга айлантирган устоз Наим Каримов бугун ўзининг тўқсон ёшини элликдан зиёд китоби, ўнга яқин маърифий романи, мингга яқин илмий мақолалари, кўплаб шогирдлари билан қарши олмоқда.

Халқимизда «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин» деган нақл бор. Зеро, илм сирларини эгаллаш мумкиндир, бироқ бир умр илмга, касбига ва олим деган номга хиёнат қилмаслик, муқаддас ва боқий сўзга содиқ қолиш, эгаллаган илмини манфаат учун пулламаслик, шоир тили билан айтганда, бу дунё найрангларига асир тушиб, иймонини, эътиқодини баҳосиз пулга сотмаслик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун матонатли, жасоратли, катта билим соҳиби бўлиш, ўз нафсини турли ҳою ҳаваслардан иҳота қилиш, аниқроғи, ўз «Мен»ига эга бўла олиш керак.
Наим Каримов ана шундай ажойиб фазилатларга эга улуғ инсон. Биз устозни табаррук ёши билан муборакбод этамиз ва яна узоқ йиллар бошқаларга ибрат бўлиб, барчамизнинг ҳавасимизни келтириб яшашини тилаб қоламиз.

Жаббор ЭШОНҚУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги
Давлат адабиёт музейи директори,
филология фанлари доктори, профессор