Ўзига хос илмий мактаб яратиб кетган олим

98

Ҳақнинг ва халқнинг розилигига элтадиган илм йўлини босиб ўтиш осон эмас. Негаки, бу йўл муттасил меҳнату заҳматни, дунёнинг ўткинчи ҳою ҳавасларини, вақтинчалик роҳату фароғатларини бир четга суриб қўйиб, ақлу шуурини, жисму жонини бутунлай бағишлашни талаб қилади. Ўзини қисман илму ирфонга, қисман нафсу ҳавога бағишлаб ҳам нимагадир эришиш мумкин, деган одам адашади. Доно халқимиз «Илмнинг нони қаттиқ» деган сўзни бежиз айтмаган. Ана шу қаттиқ нонга қаноат қилган, нафс истакларини енга олган одамгина илм­­да баланд рутбаларга эришмоғи мумкин.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, филология фанлари номзоди, доцент, «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Бойбўта Дўстқораев бутун умрини, бор ижодий салоҳиятини илм-маърифатга, ижодий ишга бағишлади. У илмнинг заҳматларга тўла йўлида сув келса симириб, тош келса кемириб яшаган сабри метиндай мус­таҳкам олимлардан, бу йўлнинг собитқадам йўловчиларидан эди. Унинг илму ирфон осмонида юксак-юксакларга парвоз эта олгани сабаби шунда. Бу парвозда олимлик ва ўқитувчилик унга бамисоли икки қанот вазифасини ўтади.
Бойбўта Дўстқораевнинг илмий фаолияти серқирралиги билан алоҳида ажралиб туради. У дастлаб илмга адабий танқидчи сифатида кириб келди, кейинчалик бошқа бир қанча йўналишларда ҳам диққатга сазовор тадқиқотлар яратди. Улардан бири матншуносликдир.
Олимнинг матншунослик фаолиятида Чўлпон асарларининг хатолардан холи матнларини тиклаш масаласи етакчи ўрин тутади. У улуғ шоир асарлари тадқиқига киришишидан олдин Чўлпоннинг «Баҳорни соғиндим», «Яна олдим созимни», «Адабиёт надир», уч жилдга мўлжалланган «Асарлар»и икки жилди нашр этилганди. Улардан кейин 1997 йили олим Чўлпоннинг «Гўзал Туркистон» тўпламини тайёрлаб чоп эттирди. Аввалги тўпламлар нашри шоир мухлислари, умуман, адабиётсеварлар учун муносиб туҳфа бўлганини, Чўлпон шеърларига, насрий асарларига, адабий ва публицистик мақолаларига ташна ўқувчилар учун қанчалик катта фойда берганини инкор этмаган ҳолда, таъкидлаш керакки, уларда кўплаб матний хатолар ўтиб кетганди. Айримлари шоир ижодий ниятини англашда чалкашликлар туғдирган, ҳатто шеърдаги асосий ғояга путур етказган ҳолатлар ҳам мавжуд эди. Бойбўта Дўстқораев тайёрлаган «Гўзал Туркистон» тўплами ана шу хатолар тузатилгани ва матн аслиятга ҳар жиҳатдан мувофиқ ҳолга келтирилгани жиҳатидан қимматли бўлгани маълум.
Дарвоқе, Бойбўта ака чўлпоншунослик билан жиддий шуғулланди. Унинг юқорида тилга олинган нашрдан кейин ёзилган «Сийнани санага алмаштириб бўлмайди», «Ваннайчахоннинг дарди ёхуд чўлпоншуносликдаги айрим муаммолар хусусида» сарлавҳали мақолалари, биринчидан, Чўлпон асарларининг асл манбаларига таянилгани, иккинчидан, юксак адабий дид ва теран илмий тафаккур маҳсули экани билан диққатга сазовордир.
Олимнинг адабиёт тарихига доир матнлар билан шуғулланган бошқа айрим мутахассислардан фарқи шундаки, у чўлпоншуносликда ўзигача олиб борилган тадқиқотлар ва уларнинг муаллифларига чуқур ҳурмат билан қаради. Шоир асарларини нашрга тайёрлаган мутахассисларни йўл қўйган хатолари учун айбламай ва камситмай, холис ва самимий муносабат билдирди. Жумладан, «Сийнани санага алмаштириб бўлмайди» сарлавҳали мақоласида шундай деб ёзди:
«Таъкидлаш жоизки, адиб асарларини қайта нашрга тайёрлаш ишлари ниҳоятда қисқа фурсатларда амалга оширилганди. Бунинг устига, Чўлпон асарларининг нашри, асосан, матншунослик ва матнчиликда тажрибаси бўлмаган кишилар томонидан амалга оширилди. Ўрни келганда айтиш керакки, ёш тадқиқотчилар зиммасига олган масъулиятли вазифани асосан ҳалол уддаладилар. Бунинг учун уларни ҳар қанча тақдирласак арзийди. Айни пайтда, зудлик билан амалга ошириладиган ишларда, истаймизми-йўқми, муайян хато ва нуқсонлар ўтиб кетади. Хусусан, Чўлпон асарларининг кўп қисми араб ёзувида бўлгани, устига-устак, улар босилган газета ва журналлар вақт ўтиши билан сарғайиб, титилиб кетгани, ўз даврида нашр қилинаётган пайтда турли сабаблар билан имловий ва бошқа хатоликларга йўл қўйилгани оқибатида ҳозир қайта нашрга тайёрланар экан, тўғри ўқиш қийинчилиги туғилиши табиий. Шунга қарамай, Чўлпон асарларининг хатолардан холи нашрини тайёрлаш адабиётшуносларнинг муҳим вазифаси бўлиб турибди».
Ана шундай холис нияти, беғараз ёндашуви ва самимияти туфайли Бойбўта Дўстқораев чўлпоншуносликда ёрқин из қолдирди ва бундан кейин бу улуғ шоир ва адиб асарлари билан шуғулланадиган ҳар қандай мутахассис олимнинг асарларини четлаб ўтиши мумкин эмас. Биргина мисол. 2021 йили Андижон давлат университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи илмий кенгашда атоқли назариётчи олим, ўз тадқиқотлари билан чўлпоншунослик ривожига катта ҳисса қўшган профессор Дилмурод Қуроновнинг илмий раҳбарлигида истеъдодли ёш тадқиқотчи Соҳибахон Исломова «Чўлпон шеърларининг матний тадқиқи ва илмий-танқидий матнини яратиш» мавзусида филология фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражаси учун диссертация ёқлади. Мен ушбу жараёнда илмий кенгаш аъзоси ва расмий оппонент сифатида қатнашдим. Диссертацияда Бойбўта Дўстқораев тадқиқотларига қарийб йигирма марта мурожаат қилинган ва муносабат билдирилганди. Шунинг ўзиёқ унинг илмий ишларига эҳтиёж бундан кейин ҳам сўнмаслигидан далолат беради, деб ўйлайман. Чунки ёш тадқиқотчилар олимнинг илмий асарлари орқали бирламчи манбалар устида ишлаш заҳматидан лаззат ола билиш, ҳар бир илмий фикрни фақат ва фақат аслиятга таяниб билдириш, адабиёт материалларини ўрганишга тоза қалб ва пок ният билан киришиш, матндаги ҳар бир сўз ва ҳар бир жумлага теран идрок билан ёндашиш каби фазилатларни ўрганади.
Бойбўта Дўстқораев ўзбек жадидшунослиги карвонбошиси устоз Бегали Қосимов билан қадрдон дўст ва маслакдош эди. Уларнинг ўзаро яқин муносабатлари илмий-ижодий ҳамкорлик билан уйғунлашиб кетганди. Бегали Қосимов жадидчилик ва жадид адабиёти бўйича илмий мактабга асос солди. Бойбўта Дўстқораев эса ушбу йўналишнинг муҳим тармоғи – жадид матбуо­­ти бўйича теран тадқиқотлар олиб борди, муносиб шогирдлар етиштирди.
Олимнинг олий таълим муассасалари учун яратилган «Ўзбекистон журналистикаси тарихи» дарслиги кўп йиллик машаққатли ва самарали илмий изланишлари маҳсулидир. Шуни алоҳида эслатиш жоизки, журналистика тарихи бўйича Бойбўта Дўстқораевгача ва ундан кейин ҳам бундай мукаммал дарслик ёзилмаган. Хўш, унинг ўзига хос жиҳатлари нималарда кўринади?
Биринчидан, дарслик бирламчи манбалар, яъни XIX аср охири – XX аср бошлари матбуоти материаллари ва архив ҳужжатлари асосида ёзилган. Уни яратиш учун олим Чор Россиясининг Туркистондаги генерал губернаторлиги расмий нашри ҳисобланган «Туркестанские ведомости» ва унинг ўзбекча иловаси «Туркистон вилоятининг газети»дан миллий матбуотнинг дастлабки намуналари саналмиш «Тараққий», «Хуршид», «Шуҳрат», «Осиё» ва «Тужжор» газеталаригача, «Самарқанд», «Садои Туркистон» ва «Садои Фарғона»дан Беҳбудий нашр эттирган ва бутун туркий дунёга тарқалган «Ойна» ҳамда уламолар жамияти нашри «Ал-Ислоҳ» журналларигача, 1917 йили чоп этилган «Нажот», «Турон», «Турк эли», «Улуғ Туркистон», «Тирик сўз», «Ҳуррият» газеталаридан «Ал-Изоҳ», «Кенгаш», «Ҳуррият» ва «Юрт» журналларигача саҳифама-саҳифа кўриб чиққан.
Иккинчидан, Бойбўта ака катта ҳажмдаги материалларни аниқ илмий концепция асосида тасниф ва таҳлил этган. Ҳолбуки, аксар тадқиқотчилар мавзуга оид материаллар ичига кўмилиб қолиши натижасида ўзининг илмий қарашлари сояда қолиб кетади. Фикрлари тартибли бўлмай, уларни баён этишда ҳам парокандаликка йўл қўяди. Оқибатда қанчалик муҳим маълумотларни тўп­лаган бўлмасин, ночоргина тадқиқот юзага келади. Бойбўта аканинг ишлаш тартиби эса тамомила ўзига хос эди. У, аввало, ўрганилаётган давр матбуотида нашр этилган энг муҳим ва зарур материалларни араб имлосидан жорий ёзувга тўлиқ табдил қилиб олар, сўнгра давр бўйича ҳамда мавзулар кесимида саралаб, тасниф этар, ундан кейин таҳлилга киришар эди. Шунинг учун ҳам дарслик учун тўпланган материал Бойбўта Дўстқораевга хос юксак илмий тафаккур ва чуқур мантиқ асосида таҳлил этилган, ҳар бир фикр ортиқча музокарага ўрин қолдирмайдиган даражада пухта далилланган.
Учинчидан, дарсликда шу пайтгача бошқа бирор тадқиқотда чуқур ўрганилмаган илмий муаммо – «Туркистон вилоятининг газети» билан миллий матбуот орасидаги мактаб-маорифдан дин ва эътиқодгача, маърифат ва ахлоқдан миллий газета-журналлар фаолиятигача, миллатнинг ҳақ-ҳуқуқидан ижтимоий-сиёсий масалаларгача муҳокама этилган мафкуравий кураш жараёни биринчи марта холис ва муфассал ёритилган.
Тўртинчидан, қардош халқлар тажрибасининг, хусусан, Боғчасаройда Исмоилбек Гаспрали муҳаррирлигида нашр этилган «Таржимон», Фотиҳ Каримийнинг Оренбургда босилган «Вақт» газеталари, Ризоиддин Фахриддиннинг «Шўро» ва Жалил Маматқулизоданинг Тбилисида чиқарилган «Хўжа Насриддин» журналларининг Туркистон миллий матбуоти юзага келиши ва тараққиётида тутган ўрнига доир асосли фикрлар берилган.
Бешинчидан, дарсликда миллий публицистиканинг шаклланиши, ривож­ланиш тенденциялари, Ватан ва миллат ҳаётида тутган ўрни каби масалалар теран илмий тафаккур асосида тадқиқ қилинган.
Олтинчидан, ўзбек миллий журналистикасининг тамал тошини қўйган Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаев сингари атоқли маърифатпарварларнинг муҳаррирлик ва публицистик фаолияти бирламчи манбалар асосида кенг ва чуқур ўрганилган.
Шу ўринда яна бир фикр билдиришни истар эдим: журналист бўлиш орзу­сидаги ҳар бир ёш мутахассис Бойбўта Дўстқораевнинг «Ўзбек журналистикаси тарихи» дарслигини саҳифама-саҳифа, сатрма-сатр ўқиб, тафаккурига ва қалбига чуқур жойлаб олиши зарур ва шарт. Акс ҳолда, ундан журналист ҳам, зиёли ҳам етишиб чиқиши даргумон.
Мен қарийб ўн икки йил Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги филология соҳасида фан доктори илмий даражасини берувчи Ихтисослашган кенгаш раиси сифатида фаолият олиб бордим. Бу кенгашда учта ихтисослик – матншунослик ва адабий манбашунослик, ўзбек адабиёти тарихи ҳамда журналистика бўйича диссертациялар ҳимоя қилинарди. Унда журналистика тарихи, ХХ аср бошларидаги матбуот нашрлари бўйича ҳам бир қанча диссертациялар ёқланган. Ёш мутахассис, агар тўғри йўналиш берилмаса, илмий ишини талаб даражасида бажаришга қийналиши табиий. Бир қанча диссертантларда шундай ҳолат кузатилган. Жадид матбуоти нашрларини бевосита бирламчи манбалар асосида ўрганмаган, журналистика тарихи бўйича етарли билимга эга бўлмаган илмий раҳбарлар шогирдларига жўяли йўл-йўриқ кўрсатолмаган ҳоллар учраган. Ана шундай кезларда мен диссертантга Бойбўта Дўстқораевдан маслаҳат олишни тавсия этганман. У киши, ўзи бевосита илмий раҳбар бўлмаса ҳам, ёш мутахассислардан бир нечтасига беғараз йўл-йўриқ кўрсатиб, диссертацияни муваффақиятли ҳимоя қилишида холис ёрдамлашган. Бойбўта аканинг устозларча кўмаги билан илмий даражали бўлган ўша ёшлар бугунги кунда етакчи мутахассислар бўлиб етишди ва унинг номини юксак эҳтиром билан тилга олиб келаётир. Зеро, Бойбўта ака одамийлиги олимлигига ва олимлиги одамийлигига уйғунлашиб кетган фазилатли инсон эди.
Мен бир мутахассис сифатида Яратганга қанча шукрона айтсам, шунча оз деб ўйлайман. Чунки замонамизнинг Азизхон Қаюмов, Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Шариф Юсупов, Муҳаммаджон Ҳакимов сингари улуғ олимлари билан яқин муносабатда бўлиш, уларнинг илму ҳикматга йўғрилган суҳбатларини тинглаш, дуоларини олиш бахтига муяссар бўлдим. Шулар қатори заҳматкаш ва улкан салоҳиятли олим, оқкўнгил ва самимий инсон Бойбўта Дўстқораев билан ҳам оға-инидек яқин эдик. У киши билан кўп марта суҳбатлашганман, лекин бирор марта кераксиз сўз айтганини ёки кимларнидир ғийбат қилганини эслай олмайман. Суҳбатларимиз фақат илм ҳақида, адабиёт ва матбуот тарихи ёки ибратли ҳаётий воқеалар хусусида бўларди.
«Ўзбек журналистикаси тарихи» дарслиги нашр этилганда Бойбўта ака: «Таниқли олим, моҳир ташкилотчи, самимий ва ҳақиқий Инсон Нурбой домлага, катта эҳтиром ила Муаллиф», дея дастхат ёзиб берган. Дастхатга 14.04.2010 санаси қўйилган. Мен Бойбўта аканинг айнан келтирилган бу сўзларини улуғ олимнинг кичик инисига аванс тариқасидаги кўнгил изҳори, келажакда қандай инсон ва мутахассис бўлишим зарурлигига билдирилган тилак ва дуо, деб қабул қилганман. Аслида бундай ният билдирилиши ёш мутахассисга қанот бағишлайди, дилида юксак маррага интилиш туйғусини пайдо қилади. Бу жиҳатдан устоз олимнинг ёрқин хотираси олдида қарздорман.
Қачон шу ҳақда ўйласам, улуғ шоиримиз Абдулла Ориповнинг мана бу сатрлари беихтиёр ёдимга тушади:
Инсон ўз умрини ўйласа кўп вақт
Қийнайди ўзидан ўтган қусурлар
Кимгадир айтилмай қолган бир раҳмат,
Кимдандир сўролмай қолган узрлар.
Бойбўта ака бир неча йил мураккаб хасталикни бошдан кечирди. Ҳамкасб дўстлар билан бир-икки марта Оқтепадаги уйларига бориб, соатлаб суҳбатлашганмиз. Лекин шундай олиму фозил инсоннинг аҳволидан тез-тез хабар ололмаганим дилимда армон бўлиб қолди. Беморлик кезларида умр йўлдоши Гулсара янгамиз ва фарзандлари домлага садоқат ва меҳр билан хизмат қилганларидан хабардормиз. Бойбўта аканинг вафотидан кейин ҳам янгамиз дўстлари ва яқинларининг у киши ҳақидаги хотираларини, турли матбуот нашрларида босилган мақолаларини жамлаб, китоб қилишда чинакам жонбозлик кўрсатди. Олимнинг ортида ана шундай жонкуяр, илмий меросининг қадрига етадиган умр йўлдоши ва солиҳ фарзандлари қолиши ҳам Аллоҳнинг улуғ инояти десак, муболаға бўлмайди.
Бойбўта ака етмиш ёшга тўлганда Миллий матбуот марказида жуда файз­­ли юбилей кечаси ўтказилди. Маслакдош, сафдош дўстлари, ҳамкасблари, узоқ-яқиндан келган мухлисларию шогирдлари шунчалар самимий, шунчалар таъсирли тилаклар билдиришдики, давранинг тўрида ўтирган Бойбўта ака хурсанд бўлгани, хаста кўнгли кўтарилгани аниқ билиниб турар эди. Мен ҳам сўзга чиқиб, дилимдаги эзгу ниятларни айтдим. Чунки бу тантананинг бош қаҳрамони Бойбўта акага ҳавас қилмаслик мумкин эмас, бу қадар ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермаслиги аниқ эди.
Бойбўта Дўстқораев гарчи фан доктори даражасига ҳар жиҳатдан лойиқ ва озгина ҳаракат қилса, бунга бемалол эришиши мумкин бўлган олим саналса ҳам, негадир докторлик диссертациясини ёқлашга интилмади. Бироқ олимнинг олимлиги фақат илмий даража тўғрисидаги диплом билангина белгиланмаслиги аён ҳақиқат. Бойбўта ака ўзбек журналистикаси тарихи бўйича илмий мактаб яратишига фан номзоди экани заррача халақит бермади. У ушбу соҳада юксак қимматга эга илмий тадқиқотлар ўтказди, дарсликлар ва мақолалар ёзди. Ҳалим Саййид, Нилуфар Намозова, Назира Тошпўлатова, Саида Йўлдошбекова, Гулнора Нишонова каби ёш олимлар унинг илмий раҳбарлигида фан номзоди илмий даражасига эришдилар. Ҳалим Саййид бугунги кунда фан доктори. Бундай муносиб издошлар етиштириш илм кишиларининг ҳаммасига ҳам насиб қилавермайди.
Бойбўта ака дастлаб Ўзбекистон Миллий университетининг, кейинчалик Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг журналистика факультетида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланди. Узоқ йиллар «Жаҳон журналистикаси назарияси, амалиёти ва тарихи» кафедрасига мудирлик қилди. У ўқитувчи ва олим учун зарур бўлган барча фазилатларга эга эди. Жумладан, кучли нотиқ ҳам эди. Эзмаликни ёқтирмас, оз сўзда кўп маънони ифодалашга моҳир эди. Илмий анжуманларда теран назарий асосга эга, мантиқан пухта далилланган, мукаммал композиция асосига қурилган маърузалари билан тингловчиларни сеҳрлаб қўйганига гувоҳ бўлганман. Бундай олим дарсни ҳам юксак маҳорат билан ўтиши аниқ. Журналистика факультетида ўқиганлар домланинг дарсларини ҳануз эҳтиром ва ҳавас билан эслайдилар.
Бойбўта Дўстқораев билан Сайди Умиров гўёки эгизак эдилар. Бу икки фозил инсон оқкўнгиллиликда ҳам, илму ирфонда ҳам, ёшларга таълим-тарбия беришда ҳам гўёки ўзаро мусобақалашар, бирини иккинчисисиз тасаввур этиш қийин эди. Миллий университет журналистика факультетида фидойи­лик тимсоли сифатида ёнма-ён илмий-педагогик фаолият олиб боришди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида халқаро журналистика таълими йўналишини оёққа қўйиш, номига муносиб халқаро миқёсда эътироф этилган фан ва таълим марказига айлантириш учун биргаликда жидду жаҳд кўрсатдилар, шогирдлари, соҳанинг бошқа фидойилари билан ҳамкорликда катта натижаларга эришдилар. Барчанинг ҳурматини қозониб, ҳамма соҳада замондошларига, навқирон авлодга ўрнак ва намуна кўрсатдилар. Бугун журналистман дегани борки, бу икки муҳтарам инсонни устоз сифатида эътироф этади, пок номларини эҳтиром ила тилга олади.
Устоз олимнинг фидойилик билан олиб борган тадқиқотлари, педагогик маҳорати давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У 2002 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси унвони билан мукофотланди. Етмиш ёши арафасида «Ўзбек журналистикаси тарихи» дарслиги учун «Олтин қалам» миллий мукофоти соҳиби бўлди. Бу унинг оила аъзолари, шогирдларию мухлислари қатори бизни ҳам қувонтирди.
Муборак ҳадислардан бирида: «Илм – дунёнинг иззати ва охиратнинг шарафидир», дейилган. Бойбўта Дўстқораевнинг ҳаёти ҳам буни тўлиқ тасдиқлайди. Устоз олим илму маърифати билан ҳақиқий маънода иззат топди. Биз буюк Роббимиздан солиҳ инсон, ўзидан манфаатли илм қолдирган улуғ олим, миллат ёшларига маҳорат билан дарс берган фидойи муаллим сифатида мазмунли ва самарали умр кечирган Бойбўта акани охират шарафи билан сийлашини сўраб, дуо қиламиз.

Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори,
профессор