Йигирма йиллик қадрдон

63

2002 йилнинг июнь ойи. Илмий ишим охирлаб қолгани учун устозим Бойбўта Дўстқораевнинг таклифи билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналис­тика факультетига ишга ўтдим. Ўқув йили охирида кафедра билан танишиш мақсадида факультетга бордим. озғиндан келган, жиккаккина Акбар Нурматовни биринчи марта ўшанда кўрдим.

Кафедрага кириб келганимда у кишининг менга эътибор ҳам бермай, талабалар билан мавзу бўйича гаплашишда давом этганидан аввалига жаҳлим чиқди. «Бунча ўзига бино қўймаса, бу домла? Ахир кафедрасига янги ўқитувчи келяпти. «Ким у, қаердан келди?», деб қизиқмаса-я» деган ўй ўтди хаёлимдан. Буни сезгандай Бойбўта ака кафедрадагиларга «бу Назира, ­кейинги ўқув йилидан биз билан бирга ишлайди», деб таништирди. Акбар ака эса хушламайгина бир қараб қўйди. «Наҳотки, энди шундай такаббур одам билан ишласам…» деб ўйладим. Аммо бу бор-йўғи ўткинчи таассурот экан.
Сентябрдан факультетда иш бошладим. Ортиқча гапирмайдиган, гапирса ҳам қандайдир кулгили воқеани мисол қиладиган ёки албатта, бир реп­лика ташлаб қўядиган бу домла билан чиқишиб кетдик. Ҳатто қадрдон бўлиб қолдик. Чунки Акбар ака кўнг­лида кири, ғарази йўқ, юраги тоза, билимли инсон эди-да! Тез орада Акбар аканинг маънавий кўмаги, ҳамфикрлиги ва ҳаммаслаклигини ҳам ҳис қила бошладим.
Факультетда талабалар Акбар Нурматовни жуда яхши кўришарди. Қачон қараса, уч-тўрт талаба қуршовида ниманидир муҳокама қилаётган бўларди. Дарсдан кейин ҳам талабалар кафедрага кўпроқ Акбар акани сўраб келишарди. Унинг талабалар билан буқадар самимийлиги ва яқинлигига ҳавас қилардим. Ўзим ҳам шундай бўлишга интилардим.
Акбар ака билан 2009 йилгача бир ­кафедрада, бир мақомда ишлаб, ака-сингилдай бўлиб қолдик. Мен унинг дастурларини компьютерда ёзишга ёрдам берсам, у менинг дарсларимга кўмаклашарди. Мен жиззакироқ бўлганим учун хаёлимга келганини одамнинг юзига шартта гапириб ташлардим. Акбар ака эса, аксинча, жуда бағрикенг, хотиржам бўлгани учун унча-бунчага жаҳли чиқмасди. Бирор нарсани тушунтирмоқчи бўлса, гапни ё ҳазилдан, ёки ривоятдан бошларди. Баъзан қаттиқ гапириб юборсам, қовоғини уюб, жавоб беришга ошиқмасди. Хато қилсам, худди синг­лисини уришгандек сенлаб ­койирди. Бу менга ҳеч ҳам оғир ботмасди.
Маълум вақтдан сўнг Акбар ака факультетга декан бўлди. Гарчанд у ҳеч қачон мансабга қизиқмаган бўлса ҳам, аммо ундаги салоҳият шу лавозимда ишлашга имконият берди. Ҳаммага бирдай, адолатли раҳбар бўлишга ҳаракат қилди. Қўл остидаги ходимлар аҳволини тушунар, шарт-шароитини ҳисобга оларди. Энг муҳими, факультетда соғлом муҳитни сақлаб қолди. 2015 йилдан университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори бўлди. 2017 йилда яна факультетга ­кафедра мудири сифатида қайтди.
2018 йилда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ташкил этилгач, бир гуруҳ ҳамкасбларимиз қатори Акбар ака ҳам у ерга ишга ўтди. Ҳозир босма ОАВ ва ноширлик иши факультети декани.
Акбар ака закий инсон. Жуда кўп ўқийди, шунинг учунми кўп нарсаларни билади. Аммо айримлардан фарқли ўлароқ, агар сўралмаса, билганини айтмайди, баҳслашмайди. Мавзу бўйича ўз нуқтаи-назарини кўпчилик билмайдиган бир-иккита факт ва далилни келтириб, билдириб қўяди. Шунинг ўзи етарли бўлади. Суратида сокин кўрингани билан, ботинида маърифатсизлик, ҳақсизлик ва дидсизликка муросасиз. Аммо буни кўп ҳам юзага чиқаравермайди. Унинг энг кучли қуроли – киноя. У киноялари билан билимсизлик, дидсизлик устидан кулади. Тушунмаганлар аввалига хафа бўлишади, тушунгач эса, у билан ҳисоблашиб, ҳурмат қилишади.
Билимдон Акбар аканинг хотираси жуда кучли. У ҳар бир гапига қайсидир китобдан, қайсидир эпизоддан ёки қайсидир қаҳрамоннинг сўзидан иқтибос келтиради. У киши асл киноларни жуда яхши кўради, ўнлаб машҳур режиссёрларнинг кўплаб киноларини кўргани боис, уларни мутахассис даражасида таҳлил қила олади. Жаҳон ва ўзбек адабиёт ҳақида соатлаб мулоҳаза юритиши мумкин. Жаҳон ва миллий мусиқа санъатини операдан тортиб, оркестр ижросигача, мақомдан тортиб, лирик қўшиқчиликкача, ижрочиларнинг усул ва йўлларигача айтиб бера олади. У киши жаҳон чемпио­натида иштирок этаётган жамоаларнинг ўйинчиларини номма-ном билади, уларнинг қайси жамоаларда ўйнашини ҳам. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Сиз у билан қайси мавзуда суҳбатлашманг, ўзингизни ўша соҳани яхши билмайдигандай ҳис қила­ ­бошлайсиз.
Ана шу билимдон одамнинг ўзига яраша камчиликлари ҳам бор. Ҳамиша хаёллар оғушида юради. Сизга бирор мавзу ҳақида соатлаб гапириши мумкин, аммо ёзишга келганда… Жуда кам ёзади. Ҳамма нарсани онгида, тафаккурида, хаёлларида яратади.
У ҳеч шошилмайди, баъзан даврнинг шиддатига, вақтнинг ўтишига мослаша олмай хуноб бўлади. Айримларнинг шаклбозлигидан, сийқаси чиққан фикрларидан энсаси қотади, ёшлар орасидаги қолипга тушган қарашлар, мақсадсизлик, мантиқсизликка нисбатан чорасизлигидан куйинади. Шунинг учун ёзишдан кўра ўқишни афзал билади. Яхши маънода доим талашиб-тортишиб юрадиган Акбар ака билан бирга ишлаётганимизга йигирма йил бўлибди. Бир навқирон йигитнинг умрига тенг бу йиллар давомида ўқитувчиликнинг қувончу ташвишини ҳам, заҳматию ҳузурини ҳам бирга баҳам кўрдик. Мен Акбар акадан жуда кўп нарсани ўргандим ва ҳали-ҳамон ўрганяпман.
Учар йиллар ортидан қувиб, Акбар Нурматов ҳам қутлуғ 60 ёшни қоралаб қўйибди. Аммо у кишини шунчаки табрик­лаб бўлмайди. Одамнинг унга нимадир дегиси, миннатдорлик билдиргиси, ҳар қачонгидан кўра кўпроқ ҳурмат кўрсатгиси келади. Акбар акани билганлар у билан боғлиқ қандайдир воқеани ёдга олишади. Ҳеч бўлмаганда, бирор кинояли гапини эслаб, юзида табассум пайдо бўлади. Ким билсин, балки эсланган воқеадан ўша одам ибрат олиб, ҳаё­тий хулоса чиқаргандир, балки Акбар аканинг кинояси ёки айтган мақолининг мағзини чақиб, унинг ҳақиқатини тан олгандир, эътироф этгандир…
Қадрдон Акбар ака! Қутлуғ ёшингиз муборак бўлсин! Сиз ўзига хос инсонсиз. Доим шундай бўлиб қолинг!

Назира ҚУРБОН,
ЎзЖОКУ медиа назарияси ва амалиёти кафедраси мудири, профессор