Янги йилнинг февраль ойидан шарқшунослик университетида озар тили ҳам ўргатилади

69

Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ташаббуси ва лойиҳаси асосида Тошкент давлат шарқшунослик университетида 1 февралдан бошлаб талабаларга иккинчи шарқ тили сифатида озар тили ҳам ўқитиладиган бўлди.
Бу ҳақда университет ректори Гулчеҳра Рихсиева ҳамда Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази директори Самир Аббасов ўртасидаги учрашув чоғида маълум қилинди.

Учрашувда университетда ташкил этилаётган озар тили йўналишига алоқадор истиқболдаги режалар, бу масалада Ўзбекистон ва Озарбайжон томонларининг қўллаб-қувватлови зарурлиги қайд этилиб, бир қатор масалалар муҳокама қилинди.
С.Аббасовнинг таъкидлашича, Озарбайжон маданият маркази ташкил этиладиган йўналишда дарсларни сифатли ўтиш учун кўргазмали қуроллар, нашрлар, ўқитувчи ва мутахассислар билан таъминлашда университетга ёрдам кўрсатади.
Учрашувда маданият маркази директори 2023 йилда Озарбайжон умуммиллий лидери Ҳайдар Алиевнинг 100 йиллиги кенг нишонланиши ва келаётган йил Озарбайжонда “Ҳайдар Алиев йили” деб эълон қилингани ҳақида маълумот бериб ўтди. С. Аббасов буюк раҳбар Ҳайдар Алиевнинг Озарбайжон – Ўзбекистон дўстлиги, давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни юксак савияга кўтаришга қўшган беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, Тошкент давлат шарқшунослик университетида ташкил этилаётган озар тили йўналиши тингловчилари учун ажратилган аудиторияни Ҳайдар Алиев номи билан аташни таклиф қилди. Мазкур таклиф университет раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватланди.

Зебо НАМОЗОВА,
«ISHONCH»