“Док-1 Макс” сиропи туфайли вафот этган 19 нафар боладан 18 нафарининг паймонаси Самарқандда тўлган экан. Бевақт хазон бўлган мурғакларнинг 8 нафари самарқандлик. Тайлоқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Олмазор ОШП ҳисобида турувчи 2 нафар жажжи гўдак ҳам ана шу заҳри қотил қурбонига айланди.
Мудҳиш фожиани ўрганган Соғлиқни сақлаш вазирлиги 7 нафар масъул ишдан олинганини маълум қилди. Ажабланарлиси, ишчи гуруҳ тавсияси билан фаолиятига қизил чизиқ тортилган тиббиёт ходимларининг қарийб тенг ярми – тайлоқлик шифокорлар. Олмазор ОШПда ишлаб келаётган икки шифокор ва икки ҳамширага ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш тўғрисида талаб қўйилган. Аммо “ўлим дориси” билан боғлиқ фожиада иш шароити ҳаминқадар қишлоқ ва оила шифокорининг, ҳамширанинг қанчалик айби бор?
Олмазор ОШП мудири Худойберди Маҳмудовнинг айтишича, бемор болалар оддий шамоллаш боис шифокорлар кўригидан ўтказилган. Керакли тавсиялар берилган. Бироқ болаларга ота-оналари “Док-1 Макс” сиропи бергандан сўнг вазият оғирлашган.
– Шу йилнинг 24 октябрида 3 ёшли Д.Ў.нинг онаси мурожаат қилиб, қизи инжиқлик қилаётганини айтди, – дейди Олмазор ОШП мудири Худойберди Маҳмудов. – Кўрикдан ўтказганимда, қорни дам экан. Биринчи ёрдам кўрсатдик. Онаси “Док-1 Макс” сиропи берганини айтди. Ўша куни электр токи бўлмагани туфайли бемордан анализ ололмадик. Туман марказий поликлинкасига бориб, анализ топширишни маслаҳат бердик. Аммо поликлиникада ҳам бола сиймагани учун анализ ололмаган. Кечаси бола оғирлашиб, вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб кетилган.
Фожианинг яна бир қурбони М. Т. ҳам Олмазор ОШП ҳисобида туради. Шу йилнинг 26 ноябрида инжиқланган М.ни бобоси оилавий шифокорлик пунктига олиб келган.
– Олмазор ОШПга қарашли “контейнер” пунктида ишлайман, – дейди оилавий шифокор Улашбой Маҳмудов. – Бемор ҳолатини кўздан кечирганимда яхши эди. Томоғи қизариб, лимфа безлари катталашган, аммо иситмаси йўқ эди. Бобоси кечаси иситмаси чиққанини, парацетамол бергач, иссиғи тушганини айтди. ОШПга бориб, анализ топшириш кераклигини, шунга қараб муолажа белгилашимизни айтдим. Хўп деб чиқиб кетганича қайтиб келмади.
“Каллаклаш”дан ОШП катта ҳамшираси Сайёра Рустамова ҳам омон қолмаган. Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади деганларидек, у ва яна бир ҳамширадан ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздириб олинган.
Фарзанд доғида саломатлигини йўқотиб, айни чоғда Тайлоқ туман марказий шифохонасида даволанаётган Д. Ў.нинг онаси Шаҳнозадан ҳам кўнгил сўрадик.
– Қишлоқда турганимиз боис ўзим ҳам, турмуш ўртоғим ҳам ҳеч жойда ишламаймиз, – дейди Шаҳноза. – Уч нафар фарзандим бор. Қизим инжиқланавергач, туман марказидаги дорихонадан “Док-1 Макс” сиропини олиб, икки кун мобайнида ичирдим. Аҳволи оғирлашгач, ОШП ва поликлиникага мурожаат қилдим. Сиймай қўйди. Анализ ололмадик. Шундан сўнг вилоят кўп тармоқли болалар шифохонасига бордик. Икки кун ичида фарзандимни йўқотдим.
Шифокорлар бу касбни танлаганларидан минг пушаймонлигини яшириб ўтирмади. Ўзи шундоқ ҳам шифокор етишмаётган қишлоқларда ишловчиларга шароит яратиш ўрнига зуғум қилиш адолатданми? Ҳолвани ҳаким, калтакни етим ейдими?
Нурилла ШАМСИЕВ,
“ishonch.uz”



