Қува туманида яшовчи Дилёржон Қўшмақов Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашига мурожаат қилиб, Фарғона жамоат саломатлиги институтидан ишдан бўшаганига анча вақт ўтган бўлса-да, ҳамон меҳнат дафтарчасини ололмай юрганини маълум қилган.
Ваҳоланки, Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган «Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида»ги йўриқномада меҳнат шартномаси бекор қилинган куни иш берувчи ходимга унинг меҳнат дафтарчаси ва меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ҳақидаги буйруқнинг нусхасини бериши шартлиги кўрсатилган.
Шу билан бирга, агар иш берувчи айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилса, у ҳолда бутун кечиктирилган давр учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланиши ҳам белгиланган.
Д.Қўшмақовнинг мурожаати кенгаш мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилиб, унинг меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича судга даъво аризаси киритилди.
Суднинг ҳал қилув қарорига биноан фуқаро Д.Қўшмақовга меҳнат дафтарчасининг кечиктирилган жами даври учун 24 миллион 660 минг сўм пул маблағлари ундириб берилишига эришилди.
Мансуржон УСМОНОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Фарғона вилояти
кенгаши бош мутахассиси



