Асосан парҳез маҳсулот сифатида етиштириладиган қуён гўшти инсон соғлиғи учун нечоғли фойдали эканлигини кўпчилик билмайди. Ҳолбуки, тиббиётда у ижобий хусусиятларига кўра бошқа барча гўшт турларидан устун туриши исботланган. Бироқ, «Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ!» деганларидек, биз оқсилларга бой бу маҳсулотдан кўра, хориждан келтирилаётган деликатес шаклидаги егуликларни афзал кўрамиз.
– Юқори қийматга эга ушбу озуқа мол, бузоқ, қўй ва товуқ гўштларига нисбатан анча фойдали ҳисобланади, – дейди диетолог Х.Юсупова. – Чунки унинг таркибидаги оқсил алмаштириб бўлмайдиган йигирмага яқин аминокислоталарга, ёғи эса тўйинмаган ёғ кислоталарига бой. Шунингдек, унда турли витаминлар, макро ва микроэлементлардан темир, фосфор, кобальт, фтор, магний, калий, марганец, рух ва инсон организми учун керакли бошқа моддалар ҳам мавжуд. Аниқланишича, ёш қуённинг гўштини тановул қилиш жуда фойдали бўлиб, ижобий натижасини беради.
Қуён гўштидан тайёрланган таом енгил ҳазм бўлади, танада моддалар алмашинувини яхшилаб, атеросклероз касаллиги ривожланишининг олдини олади. Айниқса, болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, оғир дардни бошидан кечирган кишиларга, юқори жисмоний куч билан ишловчилар ва спортчиларга фойдали ҳисобланади. Диетологлар уни юрак-қон томир ва айрим меъда-ичак тизимлари, қандли диабет, гипертония, жигар, буйрак, ўт йўли хасталикларига йўлиққанлар, аллергияга мойил кишилар учун тавсия этишади. Онкологик касалликларда ва радиоактив нурланишдан кейинги реабилитация даврида бу маҳсулотни истеъмол қилиш нурланиш даражасини пасайтириб, ҳолсизланишнинг олдини олади. У экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда яшовчилар учун ҳам жуда зарур.
Қуённинг нафақат гўшти, балки ёғи ҳам халқ табобатида қўлланилади. У кўплаб касалликларни даволашдан ташқари, косметологияда гўзаллик воситаларининг гипоаллергик асосини яратишда, фармацевтика саноатида ҳам ишлатилади.
Хуллас, қуён гўшти бошқа гўшт турларидан анча устун туради. Шу боис сиз ҳам ундан парҳез таом сифатида фойдаланcангиз, дардингиз ариши ва соғлиғингиз мустаҳкамланиши аниқ.
Раъно МАҲКАМОВА
тайёрлади.



