Соғлиқни сақлаш вазири: “Рақамлаштириш ва тиббий суғурта тизимдаги муаммоларга барҳам беради!”

150

Тиббиёт – барчага бирдек тааллуқли соҳа. Ҳаммамиз ҳам иссиқ жонмиз, йилда бир-икки бор тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишга мажбурмиз.

Аммо кўпинча поликлиникалардаги турнақатор навбатлардан, сал жиддийроқ текширувлар талаб қилинса, оилавий поликлиника билан хусусий тиббиёт муассасалари ўртасида бўзчининг мокисидек қатнашдан, тиббий хизматлар сифатидан, хато-камчиликлари кўп даволаш тизимидан кўнглимиз ранжийди. Энг ачинарлиси, жамиятимиз ўтган йил охирида “Док-1 макс” дори воситаси билан боғлиқ фожиалардан ҳалигача ўзига кела олгани йўқ…

Хўш, соғлиқни сақлаш тизимидаги бу каби муаммолар ечими борми? Ёки уларга кўниб-кўникиб яшайверишимиз керакми? Тиббиётимизда одамларга чинакам нафи тегадиган, ҳамюртларимиз саломатлигини ўйлаб қилинадиган туб ислоҳотлар қачон бошланади? Биз тайинланганига ҳали икки ҳафта ҳам бўлмаган янги вазир Амрилло Иноятов билан шу хусусда суҳбатлашдик.