2022 йил 13 декабрь куни давлатимиз раҳбарининг пойтахтдаги 18-автобус саройига ташрифидан сўнг жамоат транспортини яхшилаш бўйича жиддий ҳаракатлар бошланди. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида 20 дона Yutong русумли катта сиғимли электробус, 200 дона SAZ LE-60, 100 дона ISUZU русумли ўрта сиғимли ва 107 dona MAN A22 CNG русумли автобус харид қилиниб, белгиланган йўналишларда аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
2023 йилнинг дастлабки ойида ҳам 28 дона MAN A22 CNG русумли катта сиғимли автобус харид қилиниб, йўналишларга бириктирилди. Баҳоргача яна 1000 дона автобус харид қилиниши белгиланган.
Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот котиби Муслима Обидова маълумот берди. Унинг айтишича, декабрь ойидан бошлаб шу кунгача тизимга 450 нафар янги ҳайдовчи ишга олинди. Янги ишга кирган ҳайдовчилар қатновларни ўз вақтида амалга оширса, ички тартиб-интизомга риоя қилса ва йўл-ҳаракати қоидаларини бузмаса, 5-6 миллион, кўп йиллик иш тажрибасига эга ҳайдовчилар эса 9-10 миллионгача маош олмоқда. Ходимларга йилда бир марта касаба уюшмалари томонидан соғлиқларини тиклаш учун санаторийларга йўлланмалар ҳам тақдим этилади.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖга айни пайтда яна 604 нафар номзод ишга кириш учун ҳужжат топширган бўлиб, улар орасидан муносиблар 268та янги очилган иш ўринларига танлаб олинади.
Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch.uz»



