Нурота кенгликлари бўйлаб Навоий шаҳрига кетаверишда Қорақарға тепалигига етмасдан ўнг тарафга бурилсангиз, узун йўл мармарчилар қишлоғи – Ғозғонга етаклайди.
Мен бу ерда тоштарошлар авлодининг саккизинчи вакили, уста Тоҳир Раҳимовни излаб боряпман. Бу одамни таниганимга кўп йиллар бўлган. Ҳар гал дийдорлашиб, суҳбатлашганимизда, у киши яна бир янги тарихий маълумот, янги иншоот тарҳи ва унинг шакл-шамойили, йўқолиб кетган қадимий обидаларнинг қолдиқларидан намуналар ҳақидаги мулоҳазаларини эшитаман.
Бир гал у Чингизхон босқинида йўқолиб кетган Пошшот шаҳри (Нурота шаҳарчасидан ғарб томонда) ҳақида гапирса, яна бирда Ғозғон қишлоғидаги Шоҳимардон ота мажмуаси тўлиқ ўрганилмагани-ю, Ғозғондан Бухоро, Хива ва Самарқандга мармар тошларининг қай тарзда етказиб берилгани тўлиқ тадқиқ қилинмаганидан ёзғиради.
Уста билан суҳбатлаша туриб, бир тарихий гўзал публицистик асар ёдимга тушади. Бу «Ёшлик» журнали энди чоп этила бошлаган 1980 йилларда журналист Шукур Нурбоев (ўша пайтда Навоий шаҳар радиосининг раҳбари бўлган, бахши Эргаш Жуманбулбул ўғлининг невараси) билан ёзувчи Нурали Қобулнинг Ғозғон мармари ҳақидаги очерки эди. Мен уни яқинда «Ziyo.uz» сайтида яна бир карра ўқидим. Унда мармар қазувчиларнинг ҳаёти, қувонч ва ташвишлари давр руҳи билан ҳамоҳанг тарзда акс эттирилган. У пайтлар собиқ иттифоқнинг турли нуқталарига Ғозғон мармари жуда катта ҳажмда ташиб турилган, уни қазиб олишда шафқатсизларча портлатиш усулидан фойдаланишган. Бу эса унинг сифатини йўқотган, портлатиш атроф-муҳитга катта офат бўлган, маҳаллий мутахассис ва аҳолининг қизиқишлари умуман инобатга олинмаган.
Шароф Рашидовнинг талаби ва кўрсатмаси билан Тошкент метрополитенига етти хил рангдаги Ғозғон мармари ётқизилган. Йиллар ўтса-да, бу табиат мўъжизаси ўз жилосини заррача ҳам йўқотмасдан Тошкент метросига ҳозир ҳам файз бағишлаб турибди.
– Мустақилликнинг дастлабки йилларида маҳсулотга харидор кам эди, – дейди уста Тоҳир Раҳимов. – Ўзбекистонимизда қурилиш ишлари жадаллашгач, унга яна эҳтиёж ортди. Аммо молиявий шартномалар натижаси ҳаминқадар эди. Шавкат Мирзиёев Президентликка сайлангач, Навоий вилоятига сафари чоғида айнан Ғозғон мармар конига ҳам келиб, ишлаб чиқариш жараёни билан танишдилар. У кишининг ташаббуси билан қадимий кончилар макони Ғозғонга шаҳар мақоми берилди. Бир неча заводлар иш бошлади. Ишлаб чиқариш ҳажми ошиб, шаҳарча аҳолисининг катта қисми, асосан ёшлар иш билан таъминланди. Табиийки, одамларнинг ҳаётдан розилиги ошиб, меҳнатга ғайрат-шижоат билан киришдилар. Бугун шаҳарчамиз кундан-кунга гўзаллашиб боряпти. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, то кучим бор экан халқимизнинг хизматидаман.
Уста Тоҳир тош ўйишнинг икки усулини кўп йиллардан буён ғозғонлик ёшларга ўргатиб келади. У бир қатор мукофотлар соҳиби, бир неча йиллар муқаддам «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган бўлса, ўтган йилда «Ўзбекистон халқ устаси» деган номга мушарраф бўлди. У киши 2001 йилда Бухоро амири Амир Олимхоннинг бобоси Абдулаҳадхон қабрини таъмирлайди. Турли йилларда Ҳаким ат-Термизий, Имом Термизий, Сўфи Оллоёр, Султон Саодат, Қашқадарёдаги Хўжаи Жарроҳ, Султон Мирсаид Ҳайдар, Абдулазиз муборак, Абул Муъийн ан-Насафий, Бухородаги Хўжа Азизхон, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бобои Самосий, Моҳитобон, Тошкентдаги Зангиота ва унинг рафиқаси Анбар отин мақбараси, Сузук ота, Шайхонтоҳур, Имонли бобо қабрларини обод қилишда қатнашади. Водийдаги Мирзо Бобур зиёратгоҳига 5 тонналик рамзий қабр ўрнатилишида маҳоратини ишга солади. Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги улуғ қадамжоларнинг обод бўлишига ҳам меҳнати сингган. Унинг шогирдлари тошга табиий равишда, ўймакорлик учун ишлатиладиган ускуналар ёрдамида ишлов беришади. Бу жараёнда замонавий техника ишлатилмайди ва бу тоштарошдан қунт, чидам, маҳорат, изланиш ва каттагина меҳнат талаб қилади. Авлод-аждодлари тоштарош бўлган ғозғонлик ёшлар бу ишларни шараф билан, меҳр билан давом эттиришмоқда.
Уйга қайтаётиб, ўйга толдим. Устанинг сийрати ва сувратини ёзиш учун бир сўз албатта, даркор. Нақшбанд ҳазратлари айтмоқчи, «Дил ба ёру даст ба кор». Эсимдан чиқибди, уста Тоҳир бир сафар, мухбир ука, мақолангизга қўшиб қўйинг, бу кенгликларни археолог, антрополог олимлар кезишса, тирик тарихни кашф этишади, уларни бу ишларга жалб қилиш таклифини олиб чиқинг, деган эди. Ҳақиқатан ҳам шундай, бу мўъжизалар аллақачон ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди. Ғозғон мармари ишлатилган қадимий Хива, Бухоро, Самарқанддаги қалъалар ҳозир ҳам қад ростлаб турибди.
Ташаббускор, шижоат билан бунёдкорлик ишларига қўл ураётган қўли гул уста Тоҳир акада гап кўп. Бекорга Президентимиз бу оддий устанинг машаққатли юмушларини эътироф этиб, «Ўзбекистоннинг Фарҳоди» деб атамаган, ахир.
Доимо омон бўлинг, уста Тоҳир, қўлингиз сира дард кўрмасин!
Ўлжабой ҚАРШИЕВ,
журналист



