Истироҳат боғи деганда, кўз ўнгимизда соя-салқин, гўзал манзарали, одамлар сайр қилиб, маданий ҳордиқ чиқарадиган гўша гавдаланади.
Аммо Данғара истироҳат боғига бундай таъриф бериб бўлмайди. Туман ҳокимлиги биноси ёнгинасида жойлашган истироҳат боғининг бугунги аҳволи ғоят ачинарли. Агар боғнинг кириш эшиги тепасига «Данғара истироҳат боғи» деган ёзув бўлмаса, бу ерда ҳордиқ чиқарадиган маскан борлигини билмайсиз ҳам.
Аслида, бу ерда сайр қиладиган жойнинг ўзи йўқ. На бирорта ўриндиғи, на бирорта аттракциони бор ҳувиллаган боққа деярли ҳеч ким оёқ босмайди. Туманда истироҳат боғи борлиги данғаралик мутасаддиларнинг ҳам ёдидан кўтарилган, шекилли. Акс ҳолда, боғни обод ва кўркам қиёфага келтириб, одамларнинг севимли масканига айлантирган бўлишарди. Яна бир гап. Боғ ҳудудида “Мотамсаро она” ҳайкали бор. Лекин ҳайкал пойи таъмирталаб бўлиб қолган. Хуллас, боғни айлансангиз, ҳафсалангиз пир бўлади.
Ҳа айтганча, 2022 йилда истироҳат боғини жорий таъмирлаш учун 300 миллион сўм маблағ йўналтирилган экан. Шунча маблағ қаерга сарфланган экан? Чунки боғ ҳудудининг биронта обод жойини кўрмадик.
Гапнинг пўсткалласи, истироҳат боғи қаровга ва эътиборга муҳтож. Туман аҳолиси истироҳат боғида маданий дам олишни, фарзандлари билан сайр қилишни истайди. Бунинг учун эса, аввало, боғни ташриф буюрувчиларнинг кўнглидан жой оладиган обод ва файзли гўшага айлантириш лозим.
Жамшид ЭРГАШЕВ
«Ishonch.uz»



