Касаба уюшма аралашуви билан нафақат ўз вазифасига қайта тикландилар, балки мажбуран бекор юрган кунлари учун тегишли маблағлар ҳам ундириб берилди
Бухоро шаҳрида икки нафар МТТ мудираси, «Ўзавтотранс» акциядорлик жамияти иқтисодчиси, Қоракўл туманида маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўринбосари, «Бухвилерлойиҳа» илмий-тадқиқот маркази муҳандиси, «Суннат Акмал» корхонаси оператори, Жондор тумани «Занги» МФЙ хотин-қизлар фаоли, Ромитан туманида 26-имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати ҳамшираси…
Бугун меҳнат фаолиятини эмин-эркин давом эттираётган бу инсонларнинг ҳар бири касаба уюшмаларидан миннатдор. Сабаби, ўтган йили меҳнат инспекторлари аралашуви ва бевосита ёрдами билан улар ўз ишига қайта тикланди. Етказилган маънавий зарар ва мажбурий бекор юрган кунлари учун тегишли маблағлар ундириб берилди. Масалан, «Бухвилерлойиҳа» бўлинмасининг муҳандиси М.Ҳамроеванинг меҳнат шартномаси иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилинган. Ваҳоланки, Ҳамроева бу вақтда меҳнатга лаёқатсизлик даврида бўлган. Энг қизиғи, шартнома бекор қилинишига асос бўлган ҳолат ташкилот ички тартиб-қоидаларида белгиланмаган. Касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгаши аралашуви билан низо бўйича судга даъво аризаси киритилди. Табиийки, суд ғайриқонуний қарорни бекор қилиш бўйича қарор чиқарди.
Бухоро шаҳридаги 3-мактабгача таълим ташкилоти директори З.Ҳафизованинг ҳам меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруқ ғайриқонуний деб топилиб, касаба уюшмалари аралашуви билан мудира ишга тикланди. Унга 3,8 миллион сўм иш ҳақи ва 1,6 миллион сўм маънавий зарар учун компенсация тўловлари ундириб берилди.
– Ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ўтган йили ижобий натижалар қайд этилди, – дейди Бухоро вилоят кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Мурод Арслонов. – Масалан, иш берувчиларга 18 та кўрсатма, суд, прокуратура ва бошқа ташкилотларга 25 та ҳуқуқий хулоса, туман, шаҳар ва вилоят судларига 5 та даъво аризаси, апелляция шикоятлари киритилди. Натижада 35 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланди, уларга 484,9 миллион сўмлик тўлов ундириб беришга эришилди.
Бундан ташқари, мурожаатчиларнинг бола парвариши таътилидан сўнг ўз иш жойига ишга қайтиш, меҳнат таътиллари берилишини таъминлаш, бекор юрган кун учун тегишли маблағ суммаси ундириб бериш, собиқ ходимларга компенсация тўлови, ишдан бўшатиш нафақаси ва моддий мадад тўловларини ундириш сингари масалалари ижобий ҳал қилинди.
Кечагина Олий суд томонидан кўриб чиқилган апелляция инстанциясида яна бир можарога нуқта қўйилди. «Лукойл Узбекистан оперейтинг компани» МЧЖ бош директори ўтган йил апрель ойида ташкилот ҳайдовчиси Ҳ.Жумаевнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруққа имзо чеккан. Унинг меҳнат интизомини бир марта қўпол равишда бузиши бунга асосий сабаб сифатида қайд этилган.
Бироқ Ҳ.Жумаев бу пайтда ташкилот раҳбарининг тегишли буйруғига асосан меҳнат таътилида дам олаётган эди. Қолаверса, у меҳнатга лаёқатсизлик даврида ҳам бўлган. Қонун талабларига кўра, бундай даврда меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш мумкин эмас. Аммо ҳайдовчи ғайриқонуний буйруқ чиқарилиши оқибатида ишсиз, моддий даромад манбаисиз қолган.
Вилоят кенгаши аралашуви билан иш судга оширилди. Суд ходимнинг ҳақлигини тан олди. Апелляция инстанцияси ҳам биринчи инстанция судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирди. Ниҳоят, Олий суд томонидан кўриб чиқилган сўнгги апелляция инстанцияси ҳам ходимнинг фойдасига ҳал бўлди.
Меҳнат инспекторларининг шу каби амалий ишлари мисолида кўриш мумкинки, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашдаги ислоҳотларда касаба уюшмаларининг ўрни катта.
Дилдора ИБРОҲИМОВА
«ISHONCH»



