Тошкент вилоятидаги “Оҳангарон” ва “Майдонтол” маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газидан электр энергияси ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда.
Бу ҳақда Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов Корея Республикаси Атроф-муҳит вазири ўринбосари Ю Чечул бошчилигидаги делегация билан учрашув чоғида хабар берилди.

Қайд этилишича, ташриф давомида Энергетика, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги раҳбарияти билан учрашувлар ўтказилиши, шунингдек, Тошкент вилоятидаги “Оҳангарон” ва “Майдонтол” маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш” лойиҳаси муҳокама қилинади.
Айтиш ўринлики, ҳозирда Глобал яшил ўсиш институти (GGGI)нинг Марказий Осиёдаги ягона офиси Ўзбекистонда очилган бўлиб, Табиат ресурслари вазирлигида фаолият кўрсатмоқда. “KEITI” компанияси иштирокида самарали амалга оширилган “Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича бош режани тузиш” техник кўмак лойиҳаси доирасида 6,6 млн АҚШ долларига тенг грант лойиҳаси молиялаштириш учун маъқулланди, шунингдек, йирик инвестиция лойиҳаси концепцияси ишлаб чиқилиб Корея ҳукуматига тақдим этилди.
Шунингдек, “Sejin G&E Со., Ltd.” компанияси иштирокида “Тошкент вилояти маиший чиқиндилар полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергияси ишлаб чиқариш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича Инвестициялар ва Энергетика вазирликлари билан келишувга эришилганлиги ҳам муҳим жиҳат саналади.
Табиат ресурслари вазирлиги ходимларининг Корея Республикаси Атроф-муҳит вазирлигининг Экология соҳасида келажак илғор раҳбарлар учун магистрлик дастури (MGLEP)да фаол иштирок этаётгани ҳам яқин ҳамкорликнинг яна бир амалий кўринишидир.



