Қишда тоғликларнинг энг асосий «энергия манбаи» ҳисобланмиш гўштни ҳам хоҳлаган вақтда сотиб олишнинг иложи йўқ. Шу боисдан тоғликлар «Шерда» тадбирини йўлга қўйишган. Яъни, бунда навбати билан ҳар ҳафтада битта қўчқор сўйилади ва уни барча «шердачилар» 2-3 килодан бепул бўлиб олишади.
Масалан, бу ҳафта бир киши 45 килолик қўчқор сўйиб тарқатса, кейинги сафар бошқаси, учинчи ҳафта яна бошқаси… Хуллас, 15 киши «Шерда»нинг бир айланишини тўрт ойда тугатишади. Ёз ойлари иссиқ бўлгани учун организмга оғирлик қилмасин дея, семиз қўчқор эмас, серка ёки қўзи сўйиб тарқатилади. Шундай қилиб, аҳоли қишин-ёзин гўшт сотиб олиш ташвишидан қутулади. Аммо…
Аномал совуқда чорвага қарашнинг ўзи бўлмаяпти. Мол-қўйларни совуқдан асрашда томи лой билан ёпилган оғилхоналаримиз иш беряпти. Масалан, янги туғилган бузоқ ва қўзичоқларни тўрт-беш кун иссиқ хоналарда, хашаклар ҳимоясида сақлаймиз. Фақат вақти-вақти билан уларни оналарига қўшиб, эмизиб турамиз.
Қисқа-қисқа чеклашларни ҳисобга олмаса, электр энергиясини бериб туришибди.
Биз тоғликлар қор ёғса, хурсанд бўламиз. Чунки қор – бу барака. Қиш қанчалик совуқ бўлмасин, тоғда қайноқ ҳаёт тўхтамайди. Момолар уйда ўтириб, урчуқ йигиришади. Қиз-жувонлар эса йигирилган ипни бўяб, йиғиб боришади. Кўклам келиши билан бу иплардан жулқурс, кигиз, ҳар хил хуржунлар, араби гилам, қаттиқ гилам каби рўзғорга керакли жиҳозлар тайёрланади.
Баланд-баланд қирлардан чана учиб тушаётган болажонларни кўрсангиз, уларнинг завқ-шавқидан руҳланасиз, роҳатланасиз.
Тоғда шунингдек, «гаштак кўпкари», «эшак кўпкари» деган ўйинлар бор.
«Гаштак кўпкари»да асосан, 15-20 ёшли ўсмирлар ўзларига мос от ва тойларида улоқ чопишади. Бунда бир киши улоқ сўйиб, уни ўртага ташлайди. Ёш полвонлар улоқни даврадан узиб чиқишга ҳаракат қилишади. Баъзи бир ишқибозлар уларни қизиқтириш учун сўм зот ҳам қўйишади. Кўпкари тугагач, ёш чавандозлар улоқни пиширишади. Дастурхон атрофида то тонгга қадар гурунг кетади. Боболар сўйлашади, болалар тинглашади.
«Эшак кўпкари»да 10-15 ёшли болакайлар ўз эшакларида ўртага ташланган улоқ ёки терини тортқилаб, узиб чиқишга ҳаракат қилишади. Энг асосийси, бу ўйинларда ўсмирлар, ёшлар йилдан-йилга тобланиб боришади. Уларда спортга, хусусан, от спортига қизиқиш ошади. Вақт ўтиб, бу ёшлар орасидан моҳир чавандозлар етишса, кўпкари чопган тойлардан чопағон улоқчи отлар шаклланади…
Ҳа, ҳозир қишлоғимизда совуқ кузатиляпти. Аммо бу совуқ тоғликларни чўчитмайди. Аксинча, уларни янада чидамли ва матонатли бўлишига ҳисса қўшади, аҳолини янада жипслаштиради…
Соҳибжон МАҲМУДОВ
Яккабоғ тумани



