Штатлар қисқарса, огоҳлантириш кимларга берилади?

210

САВОЛ?

Кеча Президентимизнинг 14-сонли фармони чиқди. Энди фармонда кўрсатилган вазирликлар ва идораларда ишлаётган барча ходимларга огоҳлантириш хатлари бериладими? Масалан, вазирликнинг штатлари тасдиқланса, ишдан бўшаш ҳақидаги огоҳлантиришларни қайси ходимларга беришимиз, кимларга бермаслигимиз тўғри бўлади?

Саволга меҳнат муносабатлари бўйича ҳуқуқшунос САИДАЛИ МУХТОРАЛИЕВ жавоб беради: 

— Бу борада огоҳлантириш хатлари айнан штат бирлиги қисқарган ва қисқариш муносабати билан ишдан бўшатиладиган ходимларга берилади.

МКнинг 102-моддасига асосан огоҳлантириш хатида меҳнат шартномасини камида икки ойдан сўнг бекор қилиниши ва меҳнат шартномаси МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига кўра, “ходимлар сони ва штати қисқариши муносабати билан” бекор қилиниши кўрсатилади.

Вазирлик ёки идоранинг ташкилий тузилмаси ёки штат жадвалида штат бирлиги ва лавозими қисқармаган ҳамда бажарадиган вазифалари сақланган ҳолатларда ходимлар билан МКнинг 98-моддасига асосан меҳнат муносабатлари давом этади. Уларга қисқариш муносабати билан ишдан бўшатиш ҳақидаги огоҳлантиришлар берилмайди.

Масалан: Молия бошқармасидаги мавжуд 4 та штат бирлигидан 2 таси қисқартирилиб, жами 2 та қолди. Демак, 2 та ходимнинг лавозими қисқармоқда. Ёки 4 та штат бирлигидан иборат Ишлар бошқармаси 5 та штатдан иборат Харидлар бўлими билан бирлашиб, жами 6 кишидан иборат Таъминот департаменти ташкил қилинди. Демак, бунда жами 4 та ходимнинг иш жойи қисқармоқда.

Бундай ҳолда штат бирлиги қисқараётган ходимларга МКнинг 100-моддаси иккинчи қисми 1-банди билан ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириш берилади.