Ҳар йили ёз мавсуми тугаб, сентябрь, октябрь ойлари яқинлашган сайин телевидение ва бошқа ОАВ да вазирлик ва идораларнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича олиб бораётган «ислоҳот»лари хусусида кўп ёзилади. Бу яхши, албатта. Лекин амалда режалаштирилган ишларнинг тилларда, қоғозларда қолиб кетиши ёмон.
Мана, неча кундирки, ижтимоий тармоқларда «хонадонда газ портлаши оқибатида бир неча юртдошимиз жароҳат олди, вафот этди» деган хабарлар тарқаляпти. Аслини олганда, бундай рақамлар «аҳамиятсиз»дек туюлади. Чунки «ҳар мавсумда шу бўлар такрор»… эшитавериб қулоқлар, кўравериб кўзлар ўрганиб кетган. Бироқ ушбу рақамлар умумлаштирилиб, жабр кўрган ва вафот этганлар сони ҳисобланса, куз-қиш мавсумига кўрган тайёргарлигимиз юзимизни шувут, бошимизни хам қилиши тайин. Чунки улар фақатгина қоғозда. Жамоатчилик назорати ҳам йўқ деярли. Ҳаттоки, тайёргарлик жараёнини ёритган ҳамкасбларимизда ҳам…
Шу ерда, бир савол туғилади: портлаш оқибатида жабр кўраётганларга қандай ёрдам кўрсатилмоқда? Уларнинг кўрган зиёни қай тарзда қоплаб бериляпти? Бу ҳақда кейинги постларимизда батафсил тўхталишни режа қилдик. Сизда ҳам фикр ва мулоҳазалар бўлса, ўртоқлашинг.
Айтганча, Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаевнинг айтишича, «Кейинги йилги куз-қиш мавсумига тайёргарликни ҳозирдан бошлашимиз керак. Йиллар давомида йўл қўйган хатоларимиздан бири – куз-қишга тайёргарликни иссиқ мавсумда бошлашимизда. Оқибатда, муаммоли нуқталардан бўлган ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан таъминлаш ва иситиш тизимининг барқарор ишлаши, электр ва газ таъминоти тизимларининг барқарор ишлашини реал шароитларда текишириш имкони бўлмайди».
Ёз ойларида куз-қиш мавсумига тайёргарликни электр энергияси билан боғлиқ муаммоларига дуч келганимизда жуда яхши «англадик». Қишдан қишгача тайёргарлик жараёнларидан яхши натижалар кутиб қоламиз.



