«Лисон ут-тайр» ва жаҳон адабиёти

163

Алишер Навоийнинг «Фоний» тахаллуси билан битилган «Лисон ут-тайр» достони ўзбек адабиёти, қолаверса, жаҳон адабиётининг ҳам энг юксак намуналаридан бири ҳисобланади. Бинобарин, ушбу асарнинг ўзбек адабиётида ҳам, жаҳон сўз санъатида ҳам алоҳида ўрни бор. Аслида бу махсус монографик тадқиқотга асос бўладиган катта ва жиддий мавзу.

«Лисон ут-тайр» ва жаҳон адабиёти масаласи камида учта қуйидаги йўналишда тадқиқот олиб боришни тақозо этади:
1. «Лисон ут-тайр» – жаҳон адабиётининг синкретик ҳосиласи сифатида.
2. «Лисон ут-тайр»нинг жаҳон адабиётида тутган ўрни ва мавқеи.
3. «Лисон ут-тайр»­нинг жаҳон тилларига таржималари.
Аммо биз ушбу мақоламизда достоннинг қиёсий поэтикасини тадқиқ этиш учун зарур бўлган даражада бу масалага бир оз ойдинлик киритиб ўтишнигина мақсад қилдик.
Фаридиддин Атторнинг «Мантиқ ут-тайр» асаригача ҳам қушлар тимсоллари асосида ёзилган асарлар мавжуд бўлган. Абу Али ибн Сино (980 – 1037) ва Абу Ҳомид Муҳаммад Ғаззолийнинг (1040 – 1111) айнан бир хил номдаги «Рисолат ут-тайр» китоблари, Шаҳобиддин Суҳравардийнинг (вафоти – 1191) «Рисолайи мусаммо ба сафари Симурғ» асари яратилган эди. Фаридиддин Аттор ана шу анъанани давом эттириб, ажойиб, ўзига хос, гўзал достон битган. Навоий «Лисон ут-тайр»да уни «Атторнинг энг зўр асари», деб эътироф этган. Аттор бу дос­тонни ёзишда, хусусан, Ғаззолийдан таъсирланганини немис олими Ҳелмут Риттер, чех тадқиқотчиси Ян Рипка, эрон тасаввуфшуноси Бадиуззамон Фирузонфарлар алоҳида таъкидлашган.
Хожа Аҳмад Яссавий ҳамда Ҳаким Ота – Сулаймон Боқирғоний йўлида ижод қилган ўтмиш турк шоири Юнус Эмронинг 1307 йили яратилган «Рисолат ун-нусҳия» («Насиҳатлар рисоласи») достони бор. Унда мажозий ҳикоятлар орқали кўп инсоний фазилатлар кўрсатиб берилади ва талай иллатлар очиб ташланади. Чунки ҳар бир киши онг-тафаккури ва руҳиятида бу икки қарама-қарши куч ўртасида кескин кураш кетади. Одамдаги бу ички кураш майдонини шоир Ақл подшоҳлик қиладиган катта шаҳарга ўхшатади.
XIII – XIV асрларда яшаган турк шоири Гулшаҳрий 1317 йилда бир аср муқаддам ёзилган «Мантиқ ут-тайр»га жавобан худди шу номда достон битади. Унда шаҳарлик ҳунарманд ахийлар тариқатининг ғоялари илгари сурилади. Адабиётшунос И.Боролина бу асарнинг ғоявий-бадиий жиҳатдан Юнус Эмронинг «Рисолат ун-нусҳия»си билан ҳам яқинлиги борлигини қайд этади. Гулшаҳрийнинг «Мантиқ ут-тайр» асари Аттор достонига туркий тилда битилган илк жавоб эди.
Гулшаҳрий асари яратилганидан роппа-роса 181 йил кейин Навоий «Фоний» тахаллуси билан «Лисон ут-тайр»ни ёзди. Бироқ унинг бу достони ва бошқа асарларида ҳам Гулшаҳрий ҳамда унинг «Мантиқ ут-тайр»и тилга олинмайди. Тахмин қилиш мумкинки, Навоийнинг бу шоир ва у туркий тилда яратган достондан хабари бўлмаган. Акс ҳолда, туркий шеърият байроқдори саналган бу улуғ зот ижодининг ­табиатига кўра, буни бирор ерда, албатта, қайд этган бўларди.
Китоблар фақат қўлёзма нусха сифатида бир неча донагина битилиб тарқаладиган, товарлар бир мамлакатдан иккинчисига яккаш карвонлар воситасидагина олиб келинадиган ўтмишда Туркияда битилган асар Хуросонга етиб келмаганига табиий бир ҳол сифатида қараш тўғрироқ бўлса керак. Шу боис «Лисон ут-тайр»га Гулшаҳрий қаламига мансуб «Мантиқ ут-тайр»нинг таъсирини излаш – мантиқсиз. Маълум бўладики, Атторга Гулшаҳрий ўзича, Фоний ўзича назира битган.
Атторнинг «Мантиқ ут-тайр»дан бошқа асарлари ҳам мусулмон Шарқи халқлари орасида, айниқса, форсий ва туркий адабий майдонда жуда машҳур бўлган. Уйғур олими Азизийнинг маълумот беришича, «Панднома»дан Ўрта Осиёдаги туркий халқлар ўртасида ўқув қўлланмаси сифатида фойдаланилган. «Мухторнома» Султон Салим даврида (1466 – 1574) усмонли турк тилига таржима қилинган. «Мусибатнома» эса Султон Мурод топшириғи билан Пирмуҳаммад томонидан «Тариқатнома» номи остида усмонли туркчага ўгирилган. Айнан шу ҳукмдор топшириғига биноан, «Илоҳийнома»ни Шамсиддин Аҳмад Сивосий усмонли туркчага ўтказган. «Панднома»ни 1899 йили Убайдулло усмонли туркчага ағдарган, 1873 йили «Тазкират ул-авлиё»нинг усмонлича таржимаси Қозон дорулфунуни матбаасида нашр қилинган.
Азизий келтирган яна бир маълумотга кўра, XVIII аср бошларида яшаган Иброҳим ибн Юсуф ал-Хўтаний уйғур тилида «Мантиқ ут-тайр» номли етук ижодий баркамол бир асар яратган. Аммо олим бу асар қўлёзмаси қаерда сақланиши, у нашр этилган-этилмагани ҳақида ҳеч нарса демаган. Хитой Халқ Республикасининг Шинжонг мухтор районида юз бераётган ҳозирги мураккаб вазият бу таржима матни билан танишиш имконини бермади. Шунинг учун Хўтаний асари билан «Лисон ут-тайр» ўртасидаги алоқамандлик ҳақида бир нарса дея олмаймиз. Ҳар ҳолда, бу адабиёт тарихидаги «Мантиқ ут-тайр»га туркий тилда битилган учинчи назира эди.
XVIII асрда хоразмлик ўзбек шоири Мавлоно Хожа Қози Пайвандий Ризоий ҳам «Мантиқ ут-тайр» деган достон ёзди. Бу Аттор достонига туркий тилда битилган тўртинчи назира эди. Ризоийнинг Навоий «Лисон ут-тайр»ини билмаслиги эса мантиққа зид. Аммо хоразмлик бу шоиримиз ўз асарининг бирор ерида Навоийни, унинг «Лисон ут-тайр»­ини тилга олмаган. Шунга қарамасдан, ўша достонни тадқиқ этиб нашр қилдирган адабиётшунос Шафоат Ҳасанова Ризоий «Навоий ижодидан серунум фойдаланган»и ҳамда улуғ шоир ва мутафаккирдан «озуқа олиш билан бирга, унинг барҳаёт анъаналарини ўз даврига мос равишда ва ижодийлик талабларига риоя қилган ҳолда давом эттирган»ини алоҳида таъкидлайди.
Битта форсий достонга тўртта туркий назира достон битилгани жаҳон адабиёти тарихида фавқулодда ноёб ҳодиса. Тўртталаси учун ҳам асосий манба, яъни доминанта бўлган асар – Атторнинг «Мантиқ ут-тайр»и. Ҳаммаси айнан рамали мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур), яъни «фоилотун фоилотун фоилун (ёки фоилон)» вазнида битилган.
Яратилиш даврига кўра, Навоийнинг «Лисон ут-тайр»и шу уч достон ўртасида турибди. Аммо ҳозирча илмда Атторнинг бу маснавийсига форсий тилда бирорта татаббуъ қилингани маълум эмас.
Шу тариқа қўлимизда бир мавзудаги беш маснавий мавжуд: Аттор ва Гулшаҳрийларнинг «Мантиқ ут-тайр»и, Фоний (Навоий)нинг «Лисон ут-тайр»­­и, Хўтаний ва Ризоийларнинг бир номдаги «Мантиқ ут-тайр» асарлари. Уларни ўзаро қиёслаб, изчил тадқиқ этиш адабий таъсир, бадиий таржима, типология, қиёсий поэтика ва бошқа адабий соҳаларга доир муҳим илмий хулосаларга келиш учун муҳим асос бўлиши аниқ. Бу бевосита Навоий маҳоратини янада ёрқинроқ кўрсатиш имконини ҳам беради. Аммо бу алоҳида тадқиқот мавзуси.
«Лисон ут-тайр» – ўтган асрлардан ўзбек адабиётининг жаҳон шарқшунослиги диққат марказида турган асарларидан бири. Турк адабиётшуноси О.Левенд «Алишер Навоий» асарининг 4-жилдида «Лисон ут-тайр»­­ни айрим қисқартириш ва изоҳлар билан нашр эттириб, китобхонлар ҳукмига ҳавола этди. Рус туркшуноси С.Иванов дос­тонни эски ўзбек тилидан байтма-байт шеърий таржима қилди. Ўтмиш адабиёт намунаси эканини, унда акс этган ҳаёт, кўтарилган масалалар бугунги рус ўқувчисига тўла тушунарли эмаслигини назарда тутиб, таржимон ўз таржимасига кўпдан-кўп изоҳ ва шарҳлар битди. Улар асарни тушунишни осонлаштирди. Кейинчалик ­­С.Иванов ўз тажрибалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда каттагина бир илмий мақола ёзди. У ўзбек тилида ҳам чоп этилди.
«Лисон ут-тайр»нинг асосий қисмини ­Ш.Шарипов, айрим бобларини В.Раҳмонов амалга оширган ҳозирги ўзбек тилидаги ­наср­ий баёни яратилди. Ана шу насрий баён канадалик таржимон Г.Дик ва ўзбекис­тонлик олим Н.Қамбаров томонидан илк бор инглиз тилига таржима қилинди. Орадан 3 йил ўтиб, «Лисон ут-тайр»­нинг ана шу нас­рий баёни асосидаги иккинчи инглизча таржимаси дунёга келди. Бу сафар уни америкалик таржимон Д.Родҳивер ва ўзбек тилшуноси ­Ш.Азимов амалга оширди. 2019 йили филология фанлари доктори Манзар Абдулхайр ҳам дос­тоннинг ҳозирги ўзбек тилидаги нас­рий баёнини тайёрлади. Таниқли шоир ва таржимон Абдулҳамид Пардаев «Лисон ут-тайр»ни ҳозирги ўзбек тилига наз­мий йўл билан бармоқ вазнида ўгирди.
Навоий асарлари Туркияда профессор Камол Эрасланнинг ташаббуси ва заҳматли меҳнатлари билан 10 жилдлик тарзида нашрдан чиқарилган. «Лисон ут-тайр» унинг бир жилдини ташкил этган. Асар матни ўзбек тилида айнан, лекин лотин ёзуви асосидаги транскрипция йўли билан босилган, унга кўп изоҳлар илова қилинган. 2014 йили Варшавада Навоий «Лисон ут-тайр»ининг Янош Кжижовский амалга оширган полякча таржимаси нашр этилди.
«Лисон ут-тайр»нинг русча, полякча ва инг­лизча таржималарини ўзаро қиёслаш асносида тадқиқ этиш ўзбек адабиёти юксак намунасининг Ғарб оламига кириб бориши жараёнларини теран ёритиш имконини беради. Бу таржимашунослик ва қиёсий адабиётшунослик йўналишидаги ажойиб бир тадқиқотга мавзу бўлади.
Европа, жумладан, рус, поляк ва инг­лиз ўқувчисининг ислом дини, тасаввуф моҳияти ҳақидаги тасаввурлари қай даражада эканлигини кўз олдимизга келтириш унчалик қийин эмас. Аммо «Лисон ут-тайр»ни соф дунёвий маънода тушунган тақдирда ҳам, у ўқувчига камида бош, асл, бирламчи мақсадга етиш йўлида инсон қандай қилиб асосий бўлмаган, иккинчи даражали мақсадлардан воз кечиши мумкинлиги йўлини кўрсатади. Агар кимки бу дунёда, қайси соҳада бўлмасин, ўзини ўстириб, бошқалардан бир бош баландроқ поғонага кўтарилган бўлса, билингки, у умри давомида биринчи даражали мақсадга етиш учун иккинчи даражали мақсадлардан воз кечиш йўлидан юрган. «Лисон ут-тайр» ўқувчини шунга ўргатади. Ана шу маънода бу достон буюк асардир.
Умуман, «Мантиқ ут-тайр» ва туркий адабиёт» деган катта ва жиддий бир мавзу ҳам ўз тадқиқотчиларини кутиб ётибди. «Мантиқ ут-тайр»нинг форс-тожик адабиётига таъсири масаласи ҳам ўзига хос алоҳида мавзу.
Яна бир ҳақиқатни тан олишимиз керак. Бошқа тилдаги асарни кўнгилдагидек ўгиришда таржима тилидаги миллий адабиётда шунга мос ва мувофиқ муайян анъаналар шаклланган бўлса, иш анча осон кечади. Тўғри, «Мантиқ ут-тайр» таъсирида «Лисон ут-тайр» дунёга келган. Аттор «Мантиқ ут-тайр»ни милодий 1177-78 йили ёзиб тугатган. Лекин орадан 8 асрдан кўпроқ вақт ўтиб, «Мантиқ ут-тайр» ўзбек тилига ўгирилаётганда айнан бундан 5 асрдан кўпроқ давр олдин яратилган «Лисон ут-тайр» анъаналари қўл келди. Чунки бизда рамали мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур) вазнида достон бор. Бу – «Лисон ут-тайр».
Энг муҳими, Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол «Мантиқ ут-тайр» таржимасига «Лисон ут-тайр»дан тўла бохабар ҳолда киришди. Таржима тилидаги миллий адабиётнинг бу ёдгорлиги таржимон учун таппа-тайёр адабий-лисоний хазина вазифасини ўтади. Бошқача айтганда, ўзбек адабиёти бисотида «Лисон ут-тайр» борлиги учун ҳам бу таржима равон бир маромда амалга ошди.
Назарий жиҳатдан олиб қараганда, энди рамали мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур) вазнида битилган достони йўқ халқлар, масалан, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ёки, борингки, хакас, олтой, ёқут тилларига «Мантиқ ут-тайр»­­ни таржима қилиш мушкулотини кўз олдимизга келтирайлик. Қолаверса, тил ёки адабиётгина эмас, ҳатто китобхонда ҳам бу типдаги достонни бор латофати билан қабул қилиш кўникмалари йўқ-да. Бу тилларга Аттор дос­тонидан бармоқ вазнига солиб ўгиришга тўғри келади. Бунда асарнинг бадиий жозибаси қанчалар бой берилишини ҳам тасаввур қилиш мумкин. «Лисон ут-тайр»нинг «Ҳар не истарсен, ўзунгдин истагил» мисрасидаги ғоя аслида тасаввуф учун янгилик эмас. Уни, масалан, шеърий йўл билан Жалолиддин Румий ёки бошқа шоирлар ҳам айтган. Жамол Камол шу «Мантиқ ут-тайр» таржимасида «Лисон ут-тайр»даги таппа-тайёр «қолип»нинг ўзидан фойдаланиб, сатрни «Ҳар не истарсен, дегил ондин азиз» дея тузади. Ҳолбуки, бугунги тилда бу маъно «нимаики истасанг» тарзида ифодаланган бўлур эди. Шу таржимада яна бир мисра «Ҳар не дерсан…», бошқаси «Ҳар не айтарсен…» деб бошланади. Жамол Камол Румийнинг олти дафтардан иборат «Маснавийи маънавий» асарини ҳам ўз вазни билан ўзбек тилига ўгирди. Бу ҳам айнан рамали мусаддаси маҳзуф (ёки мақсур) вазнида битилган асар. Бунда ҳам шоирга «Лисон ут-тайр»­нинг услубий анъаналари жуда қўл келган. Ҳатто тарихий иқлим (колорит)ни акс эттириш учун ҳам таржимон тилимизнинг «Лисон ут-тайр»да мавжуд шаклларига суянади.
2005 йилда ушбу сатр­лар муаллифи ва таниқли режиссёр Авлиёқули ҳамкорлигида «Лисон ут-тайр» спектакли сценарийси яратилиб, Ўзбекистон ва бир неча хорижий давлатлар саҳналарида қўйилди. Бунда тамоман ўзига хос бир йўл тутилди. Спектакль ширу шакар усулида, яъни икки тилда – ўзбек ва тожик тилларида тайёрланди. Ўзбекча матнлар фақат «Лисон ут-тайр»­дан, тожикча байт­лар фақат «Мантиқ ут-тайр»­дан айнан, яъни ҳеч қандай ўзгариш­ларсиз олинди. Аммо сценарий муаллифлари бу икки достон асосида тамоман ўзига хос сюжет яратишди.
«Лисон ут-тайр»нинг таъсири фақат адабиёт доираси билан чекланиб қолмади. Ўзбек рассомчилигида шу достон сюжетлари асосида кўплаб асарлар пайдо бўлди. Ўзбекистон санъат арбоби М.Бафоев ферия жанрида «Лисон ут-тайр» деган йирик асар яратди. Унда достон моҳияти мусиқа тили билан очиб берилди. Буларнинг барчаси буюк Навоийнинг ҳар бир достонини жаҳон адабиёти майдонидан туриб таҳлил қилиш вақти келганини кўрсатади.

Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими