Қуйида Туркиядаги зилзиланинг телеканал ва ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳаяжонли ҳикоялари билан танишасиз
***
Вайрона остидан соғ-саломат қутқарилган қизча “Тез ёрдам” машинасига келтирилар экан, ҳамшира унга биринчи ёрдам кўрсатиш билан бирга йиғлаб-йиғлаб сўраяпти:
— Хўш, сенга нима берай, шоколадми, сувми, айт жонинг нима истаяпти?
Қизалоқ жавоб бераяпти:
— Йўқ, мен ҳали очиқмадим. Мен у ерда экан, бир опа менга сув берди, емак берди. Қўрқма, сени қутқаришади деди. Сиз келганингиздан кейин кетди.
— Фаришта у, қизим, фаришта.

5 ёшли Ҳазал исмли қизалоқ зилзиладан 72 соат ўтиб, вайроналар остидан соғ-саломат қутқариб олинди… Шукрлар бўлсин.
Қизча “Сув берайликми, ичасанми?” деб сўраганларга, “Ҳали муолажа олмадим” деб жавоб берди.
СубҳанАллоҳ.
Энди ўйлаяпман…
Бу даҳшатли зилзила қишнинг совуғида эмас, балки иссиқ – ёз кунларида юз берганида, инсонларда яшаб қолиш имкони кўпроқ бўлармиди ёки аксинча?
***
Ҳозиргина зилзиладан 60 соат ўтиб вайрона остидан тирик топилган 20 кунлик гўдакнинг қутқарилиши видеосини кўрдим…
Йўқ! Кўра олмадим охиригача…
Чақалоқ митти ҳовучида бир тутам узун сочни чангаллаб олганди…
Оҳ, болажоним, онанг бу даҳшатдан сени қўрийман деб жажжи вужудингни бағрига қаттиқ босганида…
Сен уни абадий йўқотаётганингни билиб, қўрқувдан… ваҳимадан жон ҳолатда онангга ёпишдингми?
Сочлари шу сабаб ҳовучингда қолдими?
Икки соатга бормай очиқиб, дунёни бошингга кўтариб йиғлардинг-ку…
Сен у зах, муздай вайроналар остида нима қилдинг?
60 соат ичида шу тонна-тонна бетонлар тагида сени омон сақлаган Аллоҳимга шукроналар бўлсин.
***
Нонуштага чиқмай, хонасига “қамалиб” олган ўғлим бироз вақт ўтиб, қўлида мана шу варақни кўтариб келди.
— Зилзилада қолган болаларга хат ёздим. Буни ўқитувчимга юборайлик. У ерга ёрдам беришга кетган экан. Уларга ўқиб беради.
— Олиб кел-чи, нима ёздинг…
Кўзларимда ёш билан ўқидим.
Таржимаси қуйидагича:
“Салом, дўстим. Мен Шуку, 9 ёшдаман. Учинчи синфда ўқийман. Аввало сенга ва сендек вайроналар остида қолган ҳамма болаларга “Гечмиш олсун!” дейман. Неча кундир сизни ўйлаяпман, ачиняпман сизга. Бир тарафдан қор ёғишини истасам, бир тарафдан хоҳламаяпман. Совуқ ва қор сизга зарар бермасин деб кўп дуо қиляпман.
Мен мўъжизаларга ишонаман. Сен ҳам ишонишингни сўрайман. Чунки ҳаётимда икки марта мўъжизани яшадим.
Тарих: 2023 йил, февраль ойининг ўнинчи куни

Беш кун давомида вайрона остида қолиб кетган ва охирги нафаслари қолганда қутқарилган аёлнинг ҳикояси:
— Сув… У ерда энг кўп сув ҳақида ўйлайсан. Чиқсам, фақат сув ичаман дейсан. Тўйиб-тўйиб. Тўхтамасдан…
Илк соатлар жуда оғир ўтади.
Вақтнинг ўтиши қийин бўлади бошда. Кейин аста-секин кўникишни бошлайсан. Умрим шу ергача экан, дейсан. Таслим бўласан. Ҳатто тезроқ ўлишни, ҳаммаси тезроқ тугашини сўраб дуо қиласан.
Инсон зоти ҳамма нарсага кўникармиш.
Ташқаридан бир овоз келганда, яна умидинг қайтади. Мени қутқара олишармикан, деб ўйлайсан… Умид қиласан.
Ҳозир бақира-бақира сизга шуни айтган бўлардим:
Яшаётган ҳар бир онингизнинг қадрини билинг. Гўзал яшанг…
***
Бетондек ботарди бошимга ёстиқ,
Устимни бир парча муз билан ўртдим.
Имдод, дея олмай кўзлари очиқ,
Кимлардир…
Бир онда дунёдан кўчди…

155 соат давомида вайрона остида қолиб кетган 9 ёшли Эге Семиҳнинг илк тилаги:
“Менга барча ичимлик ва музқаймоқларни келтиринг.
Жудаям чанқадим…”
Сен у ерда чанқоқдан саробларни кўриб ётаркан, биз бу ерда қандай ҳам қониб сув ича олдик?..
Кечир бизни, болажон …
***
Табиий офатдан 5 кун ўтиб ҳаётга қайтган 43 ёшли ота ва 8 ёшли қизалоқ ўзларининг мўъжизавий ҳикояларини шундай англатдилар:
Отаси:
— Қизим қучоғимда эди. Ярим метрлик тор жойда, шу алфозда 101 соатни ўтказдик. У билан “тош, қоғоз, қайчи” бармоқ ўйинини ўйнаб, ҳаётга тутиндик.
Қизалоқ:
— Кичкина жойда сиқилишиб қолгандик. Мен у ерда кўп ухладим. Лекин ухлашни истамасдим. Чунки кўзимни юмганимда, сув ва ҳар хил овқатлар тушимга киргани учун… уларни егим келаётганди…
***
Эҳтимол, бу суҳбат, аср фалокатидан кейинги энг таъсирли диалоги бўлиши мумкин.
4 ёшли қизалоқ ўзини вайроналар остидан олиб чиқишга уринаётган қутқарувчиларни саволга тутяпти:
— Сиз уйга қандай кирдингиз?
— Ойнадан кирдик. Ойнадан. Сен билан бекинмачоқ ўйнаётган эдик-ку, бир қарай-чи, Зубайда, шу ердамикин, дедим….
Нафақат уйларининг,балки дунёнинг остин-устин бўлиб кетганидан бехабар, ўзини ҳамон уй ичида деб ўйлаётган қизалоққа муносиб услубда муомала қила олган қалби ҳассос, тушунчаси гўзал қардошим! Сиздек инсонлар бор экан, дунё ҳали ўз рангини йўқотмайди.

Офат ҳудудида ота-онаси, аёли, фарзандлари, ака-укаси — жами 11 яқинини йўқотган бир кишини кўрдим.
Зилзиладан жабр кўрган бошқа кишиларларга чой, емак тарқатарди.
Мен у одамни умр бўйи унутмасам керак..
Бизга ўзимиз учун ҳатто мотам тутишга фурсат қолдирмаган нақадар оғир имтиҳонни бошдан кечиряпмиз…
***
152 соатнинг учинчи мўъжизасига гувоҳ бўлдик.
Нақ 7 кун ҳавосиз, сувсиз… зулматдан қайтган 20 ёшли қиз.
Ўзини вайроналар орасидан олиб чиқаётган аскарнинг қўлини маҳкам тутиб олганча ҳаётга “Марҳабо” демоқда.
***
Бутун Туркия қўлни қўлга бериб, бир тану бир жон бўлиб йиқилган жойдан туришга, янада кучли ва бирдам бўлишга бел боғлаган…
Ижара уйлари ва меҳмонхона эълонлари бериладиган аксарият интернет сайтларида “Ижарага берилади” жумласи “Зилзиладан жабр кўрганлар учун бепул” жумласига ўзгартирилди…
***
Юракларга қувват берадиган ва кўнгилларни иситадиган хабар
117- ва 140-соатлар орасида вайроналар остидан энг оз 66 нафар инсон ҳаёти қутқариб қолинганини маълум қилишди.
Офатдан 6 кун ўтиб, зулматдан ҳаётга қайтган кичик қаҳрамонларнинг баъзилари билан танишинг:
117-соатда 7 ёшли қизалоқ ва онаси (Адияман)
122-соатда 2 ёшли қизалоқ Ася (Ҳатай)
128-соатда 13 ёшли Арда Жан (Ҳатай)
ва 10 ёшли Зулеҳа ( Адияман)
129-соатда 6 ёшли Айше (Каҳраманмараш) ва 12 ёшли Суад ва 14 ёшли Сабаҳ Ҳаббаш (Ҳатай)
131-соатда 5 ойлик Мўъжиза ( Ҳатай)
132-соатда, 14 ёшли қиз, исмини айтолмади (Ҳатай) ва «кола» беришларини сўраган 5 ёшли қизалоқ Шенгул.
133-соатда 13 ёшли Эсма (Газиантеп)
136-соатда 6 ёшли Исра Теҳал, 17 ёшли Бекир Доғу (Ҳатай)
137-соатда 7 ёшли бола исмини айтолмади (Ҳатай)
138-соатда 13 ёшли Икра Арслан ва
17 ёшли Абузар Баран (Газиантеп)
140-соатда 7 ойлик Ҳама ( Газиантеп)
Шунингдек, 126-соатда 85 ёшли Ҳалима онанинг ва яна бир ҳомиладор аёлнинг бунча вақт давомида вайроналар остида яшаб қолгани –ишониб бўлмас мўъжиза.
Бу мўъжизаларнинг ҳар бирининг ўз ҳикояси бор.
Эҳтимол қисқа… аммо саҳифаларга сиғмайдиган ҳикоялари…
***
Уюм-уюм оғир бетонлар, тошлару тупроқлар остидан бир тирик жонни олиб чиқиш учун шу совуқ ва қоронғи кечада вақтга қарши мардонавор курашаётган қутқарувчиларга ҳалол бўлсин.
Бутун вужуди қулоққа айланиб, “Кимдир борми?” дея сасланишдан чарчамаётган…
Вайрона ичидан келган ҳар бир овоз, ҳар нафасни ҳаётга, орамизга қайтариш учун сантиметрлаб йўл очаётган…
Нажот сўраб узанган қўлларни тутиш учун ўз жонларини таҳликага қўйиб, кўчкилар остига, метрларча йўл қазиб кириб бораётган қаҳрамонлар… Улкан юракли жасоратли инсонлар, бор бўлинг!
***
Зилзиладан қарийб 6 соат ўтиб қутқарилган аёл табиий офат вақти ва ундан сўнг кўчки остида кечирган даҳшатли онларини гапириб берди:
— Соат тахминан 4 яримлар эди. Турмуш ўртоғимнинг “Ер қимирлаяпти” деб бақиришидан уйғониб кетдим. Болаларни уйғотдим. Ҳаммамиз уйдан ташқарига чиқишга уриндик. Темир эшик остонасига етганимизда эса уй нуради.
Мен, турмуш ўртоғим ва қизим бир ерда ётардик. Ўғлим бошқа тарафда.
Бақир-чақир, дод-войлар эшитилиб турарди.
Турмуш ўртоғим қўлларимдан маҳкам тутган ҳолатда вафот этган, кўзлари очиқ қолганди.
Ўғлимни амакиси тез орада чиқариб олди.
Биз беш ярим соат вайроналар остида қолдик. Эшик устимизга қулаган, нафасимиз тугай бошлаганди.
Қизим “Она, Аллоҳга дуо қилайлик, тезроқ жонимизни олсин”, деб йиғлади.
Устимиздан ёриқ очилганини, бизни қутқаришга келганларни кўргач, яна яшаш истаги қайтди..

Қуйидаги сурат Туркия жануби шарқида рўй берган вайронкор зилзила фожиасининг энг қайғули тимсоли бўлди.
Аёз аччиғини ҳам ҳис этмасдан, вайрона остида қолиб вафот этган қизининг қўлини соатларча тутиб ўтирган мотамсаро ота сурати миллионлаб юракларни парчалади.
49 ёшли ота қизининг қабри бошида илк кез изтиробларини шундай англатди:
“Ўша тонгда, ер қимирлаши рўй берган вақтда мен иш жойимда эдим. Зилзиладан сўнг дарҳол уйга қўнғироқ қилдим. Аввал аёлим, кейин икки қизим билан гаплашдим. Қаттиқ қўрқиб кетишган, аммо зарар кўришмаганди.
Улардан хотиржам бўлиб, онамга қўнғироқ қилдим. Кичкина қизим Ирмоқ ўша куни бувисиникига меҳмонга кетган эди.
Онам жавоб бермади. Қанча қўнғироқ қилмай, қизимга ҳам боғлана олмадим. Кўнглим гўё фожиани сезгандек жуда ғаш эди. Ишни ташлаб чиқдим…
Келганимда, уйимизнинг ер билан бир бўлганини кўрдим. Қизимни қутқариб қолишга уриндим. Қўлларим билан тупроқларни кавладим…
Аммо ёрдам беролмадим.
Кўп дуо қилдим, афсуски, қутқаролмадим.
У эндигина 15 ёшга кирганди…
У менинг маликам эди…
Нурлар ичида ёт, фариштага айланган гўзал қизим, Ирмоғим”
***
Бир неча кун олдин Суриянинг Африн шаҳрида вайроналар остида дунёга келган ва тирик топилган чақалоқ бутун дунёни йиғлатган эди.
Қутқарувчилар киндиги онасига боғланган ҳолда топилган боланинг ҳаётини сақлаб қолишган, афсуски, унинг онаси, отаси ва тўрт нафар акаси вайроналар остида ҳалок бўлган эди.
Шифохонага оғир аҳволда олиб келинган чақалоққа Айа (Мўъжиза) деб исм қўйишибди.
Соғлиғи жойида, хавотирга ўрин йўқ эмиш.
Чақалоқ парваришланаётган шифохона мудирасининг айтишича, уни асраб олиш мақсадида минглаб оилалардан, ҳатто бошқа давлатлардан мурожаатлар бўлаётган экан.
Аммо мудира уни ҳеч кимга бермоқчи эмаслигини, айни пайтда боланинг узоқ қариндошларидан хабар кутаётгани, қолаверса, уни ўзининг 6 ойлик фарзанди билан бирга боқиб парваришлашга тайёр эканини билдирган.
Шукр, дунёда қалби шафқатга тўла инсонлар ҳам кўп экан…
***
Ўғиллари ва турмуш ўртоғи билан вайрона остида қолган аёл кўчки тагида қайд этган видеосида яқинларига шундай васият қилди:
— Агар биз ўлсак ва бу телефон қўлингизга тушса, ҳаққингизни ҳалол этинг. Мустафо бейдан 2500 лира қарзим бор… бўйнимда қолиб кетмасин… Қарзни узинг…
Бу қадар гўзал иймони билан оламга, одамга ўрнак бўладиган инсонлар бор экан, бу дунёда виждон сўзи асло эскирмайди…
(Бу оила бугун соғ-саломат қутқарилган. Фақат улардан бири ичкарида шаҳид бўлган)



