Ғиждувоннинг ташриф қоғози

133

Ғиждувоннинг уч ташриф қоғози бор. Биринчиси, Абдулҳолиқ Ғиждувоний мақбараси, иккинчиси, Ғиждувон бозори ва учинчиси, Нарзуллаевлар хонадони. Мен бугун етти пир силсиласининг тўнғич вакили мангу қўним топган маскан ҳақида ҳам, «иккинчи Мумбай» номини олган бозор ҳақида ҳам эмас, балки уч юз йилдан бери Ғиждувон кулолчилигининг қадимий анъ­аналарини авайлаб, авлоддан авлодга мерос қолдираётган Нарзуллаевлар сулоласининг забардаст вакиллари ҳақида ёзишга қарор қилдим.

Асраб қолинган санъат

Собиқ иттифоқ даврида қадимий анъаналарни тубдан йўқ қилиш сиё­сати Ғиждувон кулолчилигини ҳам четлаб ўтмаган. 1940 йилларда мавжуд бўлган 40 дан зиёд кулолчилик устахоналари 80-йилларга келиб, деярли бутунлай ёпилиб, йўқ бўлиб кетди. Уларнинг ўрнига заводларда кулолчилик буюмлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Ана шу даврда кулоллар сулоласининг 5-авлод вакили Ибодулло Нарзуллаев аждодларидан мерос ҳунарни сақлаб қолишга астойдил киришди. Уйида устахона қурди. Шу билан бир қаторда, «Намуна» артелида ҳам ўз­ ­фаолиятини давом эттирди. Устози Усмон Умаров билан биргаликда кулолчилик анъаналарини ривожлантиришга ва авлодларига ҳам ўргатишга ҳаракат қилди. Шу тариқа йўқолиб бораётган Ғиждувон анъанавий кулолчилиги Нарзуллаевлар хонадонида сақлаб қолинди. Бугун 300 йиллик тарихга эга сулоланинг 6-авлод вакиллари Алишер ва Абдулло Нарзуллаевлар анъанани янада ривожлантириш йўлида меҳнат қилмоқдалар.

Франциялик шогирдлар

Ғиждувон кулолчилиги Ургут, Хоразм, Риштон, Тошкент, Андижон, Самарқанд каби кулолчилик мактабларидан ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ҳамма гап ранглар ва безакларнинг ёрқинлигида. Шу боис ҳам тарихда Ғиждувон кулолчилик буюмлари Бухоронинг барча ҳудудларида жуда харидоргир бўлган. Ҳатто бу ерда Шаҳрисабз, Самарқанд, Хива ва Урганчдан кулоллар келиб ҳунар ўрганишган.
Бугун эса сулола давомчиларининг шогирдлари нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам топилади. 2020 йилда Ҳунарманд уюшмаси Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихона билан ҳамкорликда соҳада фаолият олиб бораётган қатор ташкилотлар билан онлайн мулоқот ўтказди. Унда ҳар иккала томоннинг ҳунармандчилик салоҳияти намойиш қилинди. Ҳамкорлик натижаси ўлароқ, 2021 йилда Франциянинг ASIE халқаро жамғармаси томонидан 3 нафар талаба Ўзбекис­тонга кулолчилик сирларини ўрганиш учун жўнатилди. Талабалар Ғиждувон, Риштон, Ургут ва Хоразм кулолчилик мактабларида ҳам амалиёт ўтадилар. Бироқ улар кўп муддат Нарзуллаевлар хонадонида бўлишди. 2022 йилнинг октябрь ойида Абдулло Нарзуллаев мазкур жамғарма томонидан Франция­нинг Бурж шаҳрида бўладиган халқаро фестивалда иштирок этиш учун таклиф қилинди. Уста фестиваль дастури доирасида ташкил этилган тақдимот, кўргазма ва маҳорат дарсларида қатнашиб, ўз ҳунарини яна бир бор Европанинг маданият марказларидан бири саналган Францияда намойиш этди.
Бундан ташқари, Абдулло Нарзуллаев Япония, Испания, Россия, Қувайт, Қозоғистон, Ҳиндистон, Покистон, АҚШ ва бошқа қатор ривожланган мамлакатлардаги ўнлаб халқаро кўргазма ва фестивалларда қатнашган.

Клинтон хоним эътирофи

Бугун АҚШнинг энг машҳур сиёсатчилари қаторида фаолият юритаётган Хиллари Клинтон хоним 90-йилларда АҚШнинг 1-хоними мақомида Ӯзбекис­тонга ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон шарафига Бухоро шаҳрида ҳунармандчилик кӯргазмаси ташкил этилди. Қатнашчилар орасида Абдулло Нарзуллаев ҳам бор эди. Хорижий тилларни пухта ўзлаштирган уста тадбир чоғида Клинтон хоним билан суҳбатлашди ва ўз ҳунари тарихи, унинг ўзига хосликлари ҳақида сўзлаб берди. Клинтон хонимга унинг исми туширилган кулолчилик буюмларидан бирини тақдим этди. Ғиждувон кулолчилик мактаби анъаналари хонимнинг эътиборини тортганини Хиллари хоним ташаббуси билан озгина вақтдан сӯнг Абдулло Нарзуллаев АҚШга таклиф қилингани ва у ерда ўз санъат асарларини намойиш­­ этгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Абдулло Нарзуллаев коллекцияси

Бугунги кунда Абдулло ­Нарзуллаев саъй-ҳаракатлари ва ташаббуси билан Ғиждувонда «Ибодулло Нарзуллаев номидаги уй-музейи» ташкил қилинган. Ушбу мажмуада кулолчилик музейи, кўргазма зали, амалий санъатнинг кулолчилик, каштачилик ва гилам тўқимачилиги йўналишлари бўйича устахоналари, миллий таомларимиз тақдим этиладиган ошхона, меҳмонлар учун мўлжалланган маҳорат дарслари ўтиш хоналари ва меҳмонхона мавжуд.
Музейга ташриф буюраётган сайёҳларга анъанавий кулолчилик, каштачилик ва гилам тўқимачилигининг яратилиш тарихи ҳақида маълумотлар берилади. Музейда устанинг шахсий коллекциясидан иборат 18 дан ортиқ кулолчилик буюмлари ўрин олган.

Юксак унвон масъулияти

2021 йилда мамлакатимиз мус­тақиллигининг 30 йиллиги арафасида Президентимизнинг фармони билан Абдулло Нарзуллаев «Ўзбекистон халқ устаси» унвони билан тақдирланди. Бу юксак эътирофдан уста ва унинг оила аъзолари, яқинларининг боши осмонга етгани рост. Боиси бундан бир неча йиллар муқаддам оила тўнғичи Алишер Нарзуллаев ҳам худди шу унвон билан тақдирланган. Эндиликда сулоланинг яна бир забардаст вакили ушбу унвон соҳибига айланди. Бу эътироф Абдулло Нарзуллаевнинг ҳаётида жуда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, у ҳам бу юксак унвон масъулиятини чуқур ҳис этган ҳолда, юртимиз равнақи ва унинг дунёга ўзини намоён этиши учун бор куч ва имкониятини сафарбар этишга ҳаракат қилмоқда.

Дилдора ИБРОҲИМОВА
«ISHONCH»