«У иқтидорли ёшларни имкони борича қўллаб-қувватлайдиган истеъдод эди.
Унинг ўзи ҳам, қалами ҳам ўткир эди.
У чарчоқ нималигини билмасдан тинимсиз ишлар ва изланар эди.
У ичидаги туғёндан тезроқ қутулиш мақсадида ўзи бошчилик қилган газеталарда турли тахаллуслар билан танқидий-таҳлилий мақолалар эълон қиларди.
У журналистларга кимлигига эмас, қаламига қараб баҳо берар эди.
У топиб, қойиллатиб ёзадиганларни, ишлайдиган, изланадиган ходимларни беҳад қадрлар эди.
Унинг учун журналистикада гина-кудурат йўқ эди. Агар зўр мақола қўлига тушса, уни (мабодо, муаллиф билан ораларидан оламушук ўтган бўлса ҳам) тезда газетада эълон қилдирар эди.
Унинг ваколати ва мартабасидан кўпчилик таниш-билишлари яхшигина фойдаланишган.
У собиқ иттифоқ Олий Совети депутати сифатида Кремлдаги катта минбарларда «Ўзбек иши», «Пахта иши»ни қоралаб, ўзбек халқини ёқлаб чиқишлар қилган.
У юрт ва халқ манфаати учун ҳақ сўзни айтишдан ҳайиқмаган!
У журналистика учун туғилган…».
Шу ва шунга ўхшаш дил сўзлар, ўчмас хотиралар давлат ва жамоат арбоби, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг биринчи бош муҳаррири, 1989-1991 йилларда Ўзбекистон журналистлар уюшмасига раҳбарлик қилган Аҳмаджон Мухторов хотирасига бағишланган тадбирда янгради.
Тўғриси, баъзан айрим тадбирларга бориб, йўқотган вақтингга ачинасан. Асосан ҳисобот ва телевидение учун ўтказиладиган бундай «анжуман»ларда ташкилотчилар 10-15 кишилик столни тўлдириш учун одам тополмай ҳалак бўлишади ва ўзларининг ходимларини ўтқазиб қўйишади.
Бу сафарги тадбирга узоқ ва яқиндан, Аҳмаджон Мухторовни билган, таниган ва соғинган 40 дан ошиқ киши келди. «Нуроний» жамғармасининг мажлислар залида бўлиб ўтган хотирлаш маросимида шунақанги фикр-мулоҳазалар айтилдики, аслида, улар катта бир кўрсатув ва мақола учун тайёр «масаллиқ».
Тадбирда сўз олганлардан бири, таниқли журналист ва ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад шундай деди: «1992 йил 16 ва 17 январь кунлари талабалар шаҳарчасида содир бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида «Айб оломонда эмас!» сарлавҳали мақола ёзиб, уни Аҳмаджон акага бериш мақсадида «Халқ сўзи»га бордим. Билардимки, бу мақолани эълон қилиш мумкин бўлса, фақат Аҳмаджон ака газетада бера оларди. Хуллас, қабулхонадаман. Бош муҳаррир ёрдамчиси «Бугун редакторнинг кайфияти йўқ, бошқа куни келарсиз. Кутишингиздан фойда йўқ, бу ерда турманг…» деди. Мен индамай кутавердим. Бир маҳал ичкаридан Аҳмаджон ака чиқиб келди, сўрашдик. Ўша жойнинг ўзида мақолани бердим, хайрлашдик. Биласизларми, мен таҳририятга 3 февраль куни боргандим. Мақола эса эртаси куни, яъни 4 февраль куни эълон қилинди. Мана, тезкорлик, мана, юрак! Агар Аҳмаджон ака кимлар биландир маслаҳатлашганда, мақола аниқ чиқмас эди. Мана, ўша мақола…».
Филолог олим ва адиб Олим Тошбоев ҳам тадбирда жуда қизиқарли чиқиш қилди: «Мен Аҳмаджон акани кўрмаганман. У киши «Халқ сўзи»ни гуриллатиб чиқарган пайтда биз талаба эдик. Кейинчалик «Халқ сўзи» ва «Қишлоқ ҳаёти» газеталарининг тахламларини ўқиб, шунга амин бўлдимки, Аҳмаджон ака раҳбарлик қилган йилларда, бу газеталар «ёниб», ёриб чиққан экан. Аҳмаджон аканинг ўзи ва бошқалар ёзган ҳар жиҳатдан ўқишли мақолаларни эълон қилиш учун бош муҳаррирда катта юрак бўлиши керак…».
Менимча, Аҳмаджон Мухторовнинг ижоди ва фаолиятини газеталар «подшивка»лари орқали ўқиб-ўрганган ва бу ҳақда қатор мақолалар эълон қилган, хусусан, «мен йўқман. ёлғонлар мени йўқотди…» сарлавҳали мақола муаллифи Олим Тошбоев гарчи Аҳмаджон акани кўрмаган, у киши билан ҳамсуҳбат бўлмаган бўлса-да, лекин улуғ журналистни айрим «билгичлар»дан ҳечам кам билмайди.
Ҳаёт – қизиқ! Биз баъзан ёнимиздаги тирик афсоналар, юрт учун, халқ учун куйиб-пишадиган мард ва жасур, улуғ инсонларни сезмаймиз, уларнинг қадрига етмаймиз. Нега?..
Аҳмаджон аканинг бошида қора булутлар айланиб, «қора рўйхат»га тушганда, кечагина у кишига яқин юрганлар ўзларини четга олишган ва бундайлар ҳозир ҳам бор.
Узоқ вақт давом этган, аммо вақт ўтгани сезилмаган тадбирда яхши бир таклиф билдирилди. У ҳам бўлса, Аҳмаджон Мухторов ҳақида китоб яратиш!
Агар шу китоб чиқса, зўр иш бўларди, Аҳмаджон акани биладиганлар ва билмайдиганлар учун ҳам. Талабалар ҳамда «билағон» ёш журналистларни гапирмаса ҳам бўлади.
Алижон АБДУРАҲМОНОВ
«ISHONCH»



