Ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 2023 йил 28 феврал куни Остона шаҳрида (Қозоғистон Республикаси) бўлиб ўтадиган «C5+1» шаклидаги Вазирлар йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Тадбир давомида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳамда кеча тунда Қозоғистонга етиб келган АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен томонларни қизиқтирган соҳаларда мазкур механизм доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қиладилар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонга ҳам ташрифи кутилаётгани, ташриф чоғида икки томонлама ва минтақавий масалалар бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш борасида расмийлар билан учрашувлар режалаштирилгани хабар қилинган эди.



