Бугун, 1 март куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ТИВ раҳбари в.б. Бахтиёр Саидов ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен учрашувида томонлар ташқи савдо алмашинувларига шароитлар яратиш, минтақавий хавфсизлик ҳамда бошқа турли масалалар бўйича фикр алмашишди.
Ташқи сиёсат бўйича расмий Бахтиёр Саидовнинг ёзишича, АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистондаги ислоҳотларга бефарқ эмаслиги ва қўллаб-қуватлаши қадрланади.
«АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Жаноби Олийлари билан самарали учрашув ўтказдик. Бизнес алмашинувлари учун қулай шароитлар яратиш, Ўзбекистон кадрлар салоҳиятини ошириш, Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва бошқа қатор масалалар бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга келишиб олдик. АҚШ Ҳукумати томонидан Ўзбекистон Президентининг ислоҳотлар дастурини мунтазам ва ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини юксак қадрлаймиз», – деб ёзади Саидов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат котибининг 2023 йил 28 февралдан 3 мартга қадар Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатларига сафари ҳақида хабар берилган эди.



