Бизга замондош бўлиб, Омон Матжон деган улкан бир шоир яшаб ўтди. Ундан гўзал шеърий тўпламлар, достонлар, драматик асарлар ва хотиралар мерос бўлиб қолди.
Ҳали-ҳануз эсимда, ХХ асрнинг 80-90-йилларида шоирнинг «Гаплашадиган вақтлар» шеърий қиссаси машҳур бўлди. Дарвоқе, «гаплашадиган вақтлар» – бу жуда муҳим бир бирикма-тушунча. Қачон гаплашамиз? Гаплашишга имкон борми? Қачон бемалол ва сокин бир вазиятда гаплашиш мумкин?
Бу оламни тарк этган, Аллоҳнинг даргоҳига етган оддий инсон билан гаплашиш қийин. Биласиз. Аммо шоирлар, ёзувчилар – ижод аҳли билан ҳамиша гаплашиш мумкин. Унинг китобларини қўлга олган маҳал «гаплашадиган вақтлар» учун имкон пайдо бўлади. Дилбар, лирик гурунглар бошланади беихтиёр…
Дарҳақиқат, Омон Матжон билан биз бугунги кунларда, соғинганимизда, албатта, шеърлари орқали гаплашамиз. Унинг дардини, қалбини, ўгитлари ва ҳикматларини англаймиз, беихтиёр шоирни ёнимизда ҳис этамиз. Тирик сўз мерос қолдирган шоир ўлмайди. Сўзи амалига уйғун яхши шоирларнинг юрак сўзлари боқий.
Омон Матжон… Бу исм ўзбек шеърияти муҳибларига ярим асрдан кўпроқ муддат давомида йўлдош бўлди. «Шеърият – ҳамманинг ўзи, ўзлиги», деган эди Омон Матжон…
Бу шоир ўз номини қанчадан-қанча шеърпарастлар қалбига нақшлади.
Яхши инсон, тўғрисўз ва виждонли шоир унутилмайди. Дейлик, Омон Матжон хоразмча ширали оҳангда, бироз карашма ила ҳамон:
«Ўртамизда биргина олма-
Олам ичра юмалоқ илинж.
Ўртамизда биргина олма –
Балки ғам у ё балки севинч.
Ўртамизда биргина олма,
Ярми қизил, ярми оч-яшил.
Ҳаё туғёнидан қизил у,
У соғинчнинг рамзидир асил…».
дея инжа шеър ўқийди. Унинг мағрур ва виқорли назари ҳалигача кўз олдимиздан кетгани йўқ. Унинг салобатли, майин ва рубобий шеърий сўзи ҳали-ҳамон қулоғимиз остида жаранглаб турибди:
«Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,
Котибу давру рақам аввалгиларға ўхшамас.
Энди инсон қадри ҳам аввалгиларға ўхшамас,
Кўнглим ичра дарду ғам аввалгиларға ўхшамас,
Ким ул ойнинг ҳажри ҳам аввалгиларға ўхшамас…»
Ҳаққаст рост! Омон Матжон ва унинг овози, шеър ўқиш услуби, сўзи ва умуман, ўзи «аввалгиларға ўхшамас» – ўзича бир олам. Бу ардоқли шоир, табиийки, кейингиларга ҳам ўхшамас… Шоирнинг ижодкор сифатидаги адабий шахсияти, сиймоси шундай «ўхшамасликлари» билан шарафли, қадрли ва муҳимдир…
Омон Матжон ижодида Хоразм ва унинг тарихи, тарихий сиймолар, «Ҳаққуш қичқириғи» туркумидаги тарихий ривоятлар алоҳида ўрин тутади. Маънан таваллуд топган – таълим олган маскан қадим Самарқанд ва унинг тарихи ҳам Омон Матжон учун эъзозли, эҳтиромга муносиб.
Кичик бир хотира: 2012 йилнинг баҳори эди. ЎзМУ ўзбек филологияси факультетида Омон Матжон билан учрашув бўлди. Айнан мана шу аудиторияда чорак аср муқаддам «Гаплашадиган вақтлар» китоби тақдимоти ўтказилганини, у пайтлар биз талаба бўлганимизни эслатсам, Омон Матжон ўзида йўқ шодланиб, «шишган»дек эрка қилиқлар қилиб, талабаларни кулдирди. Кейин «Дийдор азиз» китобидан шеърлар ўқиди.
Йиғинда профессор Умарали Норматов ҳам қатнашди. «Омон Матжон ижодида фақат замонаси, ўз юрти воқеа-ҳодисалари, тенгдошлари дарду ташвишлари изҳори – ифодаси билан чекланмайди; кечмиш, тарихий сиймолар тасвири ҳам ижодида салмоқли ўрин тутади. Омон – жаҳонгашта шоир, унинг сафар таассуротлари асосида битилган туркум шеърлари ҳам мавжуд» деди у.
Шундан кейин Омон Матжон 80-йиллардаги хориж сафаридан гап очди. Эслади. Чет элдаги битта дўкон эгаси келган сайёҳларга дунё харитасини кўрсатиб, ундан ўз юртини топиб, унга нина санчиш «маросими»ни ўтказган экан. Шоир ўша паллада шундоқ ҳам юртининг юраги пароканда бўлиб ётганини мезбонга эслатиб, Ўзбекистонни харитадан кўрсатиб, нина санчиш «маросими»дан ҳақли равишда бош тортибди. Шоир бу ишидан ғурурлангани сезилади. Шу муносабат билан:
«…Юртимнинг қалбини бир бор кўрсайдинг,
Найзалар ўрнини, минглаб битмаган.
Доро, Искандарлар тиғ урган унга,
Энди мен санчишим гўё етмаган…»,
дея яхши бир узун шеър ҳам ўқиди…
Агар адабиётшунослик нуқтаи назаридан Омон Матжон адабий мулкига назар солинса, шоир ўзбек адабиёти хазинасига ўзининг муносиб жавҳарларини туҳфа қилгани ойдинлашади.
Омон Матжон бетоблигини эшитган мухлисларидан бири, Матёқуб Қўшжоновнинг ҳамқишлоғи, ҳалланглик истеъдодли шоир Абдувоҳид Сайид Муҳаммад «Мен учун ҳол сўранг Омон Матжондан» деган шеър ёзди:
«Ука бўлиш мумкин, дўст бўлиш мумкин,
Ош-қатиқ ичмасдан бир дастурхондан.
Йўлингиз тушса гар кун келиб, бир кун,
Мен учун ҳол сўранг Омон Матжондан.
Хоразм юртида даҳолар бисёр,
Хоразм юртида буюклар кўпдир.
Осмонни таъзимга келтирган минг бор,
Суюклар кўпдирлар, суюклар кўпдир.
Жайҳун-ку ҳар битта хоразмликнинг,
Гумбурлаб юракда жўшган қонидир.
Мироби шоирдир, устаси шоир,
Фарқи йўқ фуқаро ва ё хонидир.
Шеърнинг дарёсида мен бир кичик хас,
Қисматга тобеман қайсидир ондан.
Йўлингиз тушса гар, мен учун бир пас,
Ёнидан жой сўранг шоир Омондан.
Шеър ёзмоқ осондир, шоирлик қийин,
Бир бор йўқотганинг минг бор йўқотиб.
Қолмоқ бир қийиндир, кетмоқ минг қийин,
Қуёш чиққанида қуёшдай ботиб.
Майли-да, бу ҳам бир шеърдир-да беун,
Шеър ҳам яралади гоҳида жондан.
Йўлингиз тушса гар кун келиб, бир кун ,
Мен учун ҳол сўранг Омон Матжондан…».
Ўшанда шоирдан ҳол сўралди. Омон Матжон қувонди… Оёққа турди. Анча йил яшади, шеърлар ёзди. Аммо қисмат ёзиғи – бу мутлақ имзо…
Омон Матжонни соғинганда сувратларига қараймиз. Тепага таралган ўжар сочлари, ним табассум – мағрур ва ориятли шоир сиймоси…
Омон Матжонни соғинганда қатор китобларини аста варақлаймиз. Китоблари ичидан шеърий мисралар шоир дарду ҳолидан, кўнглидан, сирларидан сўзлай бошлайди:
«Дилимнинг рангини гул билса бўлди,
Менинг кимлигимни эл билса бўлди.
Олис юлдузларга сиррим айтмирам,
Нолишимни тонгги ел билса бўлди…».
Омон Матжонни соғинганда гўзал шеърларини ўқиймиз ва бугун, на илож, тақдир битиги, шоир руҳини шод этиш учун хайрли дуолар қиламиз.
Шоир ажойиб ҳофиз Отажон Худойшукуровга бағишланган шеърида дўстини «учинчи дарё» ўлароқ рамзлаштирган эди. Тўғри, бу элда Сир бор, Аму бор. Бироқ бу элнинг ҳар бир хушнаво ҳофизи, истеъдодли шоири ўз ижоди билан ҳамиша учинчи дарё бўлиб адабиёт, санъат ва маърифат аҳлининг маънавий чанқоғини қондиради. Учинчи дарё ўлароқ, яхши инсонлар қалбида мавжланади.
Баҳодир КАРИМОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси,
адабиётшунос



