Президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Афғонистонда бўлди.
Кобулда бўлиб ўтган учрашувларда Ўзбекистон делегацияси Афғонистоннинг қатор расмийлари билан ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш каби масалаларни муҳокама қилди.
Муҳим транспорт-энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, «Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар» темир йўлини қуриш, «Сурхон–Пули-Хумри» йўналиши бўйлаб электр тармоғини тортиш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.
Томонлар ишнинг амалий босқичига тезроқ ўтиш зарурлигини таъкидладилар ва икки томонлама кун тартибидаги барча масалалар бўйича конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Мулоқотлар чоғида аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш, қизларнинг Афғонистонда таълим олишини таъминлаш, шунингдек, Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида афғон кадрларини тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.
Учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар ўзаро англашув руҳида ўтди ва муҳокама қилинган масалалар юзасидан томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш истагини билдиришди.



